Оилавий муносабатлар (29): Ибрат олса арзигулик мисоллар (3)

0

Умму Сулаймнинг сахийлиги ва инфоқ қилувчининг моли ўрнини Аллоҳ тўлдириб қўйишини яхши билгани

Умму Сулаймнинг саховати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча саҳобалар билан унинг уйига келганларидаги воқеада яққол кўринади.

“Саҳиҳайн”да келган ҳадисда Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: “Абу Талҳа Умму Сулаймга: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитдим, овозлари заиф чиқяпти. Бу очликдан, у зотнинг оч эканларини биламан. Уйингда егулик бирон нима борми?” деди. Умму Сулайм: “Ҳа”, деди-да,  арпа унидан қилинган бир нечта нонни олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб, унинг чети билан нонни ўради, сўнг уни менинг қўлим остига яшириб, рўмолнинг бошқа бир томонини менга ташлади. Кейин мени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига юборди. Нонни олиб йўлга тушдим. Расулуллоҳни масжидда топдим. Бир неча саҳоба билан ўтирган эканлар. Мен Расулуллоҳнинг ёлғиз қолишларини кутиб турдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тик турганимни кўриб, менга: “Сени Абу Талҳа юбордими?” дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим. “Таом биланми?” дедилар. “Ҳа”,  дедим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирга ўтирган саҳобаларга: “Туринглар”,  дедилар-да, юра бошладилар, мен ҳам уларнинг олдиларига тушиб тез-тез юриб кетдим. Улардан олдинроқ келиб, Абу Талҳага меҳмонлар келаётганини хабар бердим. Абу Талҳа: “Эй Умму Сулайм, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан келибдилар. Бизда эса уларга берадиган таом йўқ”, деди. Умму Сулайм: “Аллоҳ ва Расули билувчироқдир”,  деб қўйди. Абу Талҳа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга пешвоз чиқиб, у зотни бошлаб келди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Умму Сулайм, ўзингда борини олиб кел”,  дедилар. Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ушатишни буюрдилар. Нонларни кичик бўлакларга бўлишди. Умму Сулайм ёғ солинадиган мешни сиқиб, ичидаги бор нарсани чиқаришга уринди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таомга барака беришини тилаб Аллоҳга дуо қилдилар. Сўнг Абу Талҳага: “Ўн кишини чақир”, дедилар. Абу Талҳа ўн кишини чақирди, улар тўйгунларича еб, чиқиб кетдилар. Сўнг яна: “Ўн кишини чақир”, дедилар. Абу Талҳа ўн кишини чақирди, улар ҳам тўйгунларича еб, чиқиб кетдилар. Сўнг яна: “Ўн кишини чақир”, дедилар. Абу Талҳа ўн кишини чақирди, улар ҳам тўйгунларича еб, чиқиб кетдилар. Сўнг яна: “Ўн кишини чақир”, дедилар. Абу Талҳа ўн кишини чақирди, улар ҳам тўйгунларича еб, чиқиб кетдилар.  Шундай қилиб, келган одамларнинг ҳаммалари тўйгунларича едилар. Келган одамлар етмиш ёки саксон киши эди”[1].

Умму Сулаймнинг саботига, унинг Аллоҳга бўлган ишончига қаранг! У Аллоҳ таоло унинг таомига барака беришига ва меҳмонлар олдида уни шарманда қилмаслигига тўлиқ ишонган эди. Шунинг учун ҳам: “Аллоҳ ва Расули билувчироқдир”, деди. Буни ҳар бир аёл доим ёдида тутсин!

Аллоҳга берган аҳду паймонига вафодор экани

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Умму Атийя разияллоҳу анҳо айтади: “Биз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилдик. У зот бизга Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳга ширк келтирмасликка” (Мумтаҳана, 12) оятини ўқидилар. Яна бизни мусибатда уввос солиб йиғлашдан ҳам қайтардилар. Ичимиздаги бир аёл қўлини тушириб олди, яъни бунга байъат беришдан ўзини тортиб: “Фалон аёл уввос солиб йиғлашда менга ёрдам берган эди. Мен ҳам унинг бу ёрдамига муносиб жавоб қайтармоқчи эдим”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом индамадилар. У аёл кетди, сўнг бир оздан кейин қайтиб келиб, байъат қилди. Уввос солиб йиғламаслик ҳақидаги байъатга Умму Сулайм, Умму Ало, Абу Сабранинг қизи ва Муознинг хотинигина вафо қилдилар”[2].

[1] Бухорий, (3578), Муслим, (2040).

[2] Бухорий, (7215), Муслим, (645, 646 бет).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг