Оилавий муносабатлар (30): Сабр ва шукр орасида

0

Эр-хотин Аллоҳ билан бўлган алоқаларини маҳкам тутишлари, сабр ва шукрни ўзларига ажралмас либос қилиб олишлари лозим. Ўзаро ишлари доим шу икки ҳолат: сабр ва шукр атрофида айланмоғи керак.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мўминнинг иши қизиқ, унинг барча ишлари яхшиликдир. Бу мўминдан бошқасига насиб бўлмайди. Агар унга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхшиликдир. Агар бирон кулфат етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир”[1].

Фарзанд бериш ё бепушт қилиб қўйиш Аллоҳ таолонинг иродаси эканини эр ҳам, хотин ҳам билишлари лозим. Аллоҳ таоло айрим инсонларга фарзанд бермайди, бепушт қилиб қўяди. Шу билан уларни имтиҳон қилади. Баъзиларга эса фақат қиз беради, хоҳлаган бандаларига ҳам ўғил, ҳам қиз беради. Буларнинг бари Аллоҳ тарафидан синов-имтиҳондир. Мусулмон киши ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг қадарига рози бўлмоғи зарур. Аллоҳ таоло деди: “Истаган бандасига фақат қиз фарзандлар, истаган бандасига фақат ўғиллар ато этади. Истаган бандасига ўғил ва қизларни ато этади, Ўзи хоҳлаган кишини бепушт қилиб қўяди. У барча нарсани билувчи ва истаганини яратишга қодир зотдир” (Шўро, 49-50).

Бола кўриш бирон шахснинг ижтиҳоди, маҳорати, олийлиги, қуввати ва заковатига боғлиқ эмас. Не-не бақувват, кучли инсонлар бор, лекин бефарзанд, зурриёт неъматидан бенасиб. Қанчадан-қанча ақлли кишилар ҳам худди шундай, фарзанд неъматидан маҳрум қилинган.

Мўминлар оналари, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларини олайлик. Аллоҳ таоло у зотнинг аёллари Хадича разиялоҳу анҳо билан чўрилари Мориядан бошқа биронта аёлларига Расулуллоҳдан бола кўриш неъматини бермади.

Сулаймон алайҳиссалом айтган сўз юқорида ўтган эди: “Бу кечада етмишта аёлим билан қўшилиб чиқаман. Уларнинг ҳар бири Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган полвонларни туғиб беради. Қарангки, биронта ҳам аёли бола туғмади, фақат бир аёли яримта (ногирон) бола туғди, холос”[2].

Оламлар Парвардигори Закариё алайҳиссаломга фарзанд берди, гарчи у қариган, суяклари мўртлашиб, соч-соқоли оқарган, устига-устак хотини бепушт бўлган бўлса ҳам ўғил берди.

Худди шундай, Иброҳим алайҳиссаломга ҳам ёши улғайган пайтда фарзанд неъматини ато этди. Ҳолбуки, унинг ҳам аёли бепушт эди. Ҳатто унга фарзандли бўласан деб хушхабар берилганида: “Вой шўрим, қандай қилиб менда бола бўлсин?! Ўзим кампир бўлсам, эрим кексайиб қолган мўйсафид бўлса, бизга ўхшаган қарияларда фарзанд бўлиши жуда қизиқ иш-ку!” деган эди[3].

Аллоҳ таоло одамлар учун Унинг қудратига далил бўлувчи белги қилиб Марям алайҳассаломга эркак аралашувисиз фарзанд берди.

Бу мисоллардан зуррриёт ато этиш ёки фарзанд бермаслик Аллоҳнинг қўлида экани билинади. Модомики шундай экан, қайси бир эр-хотинни Аллоҳ таоло бепуштлик билан синаган бўлса, улар тақдирга рози бўлишлари керак. Қанча-қанча фарзандлар бор, ота-онасини туғён ва куфрга мажбур қиладилар. Масалан, Ҳизр алайҳиссалом қатл этган бола куфрга табиатланган бўлган. Буни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар. Ҳизр алайҳиссалом ўша бола ҳақида бундай деган: “Мен қатл қилган болага келсак, Аллоҳнинг азалий илмида у кофир, ота-онаси эса мўмин эдилар. Биз, агар бола ҳаётда яшаса, албатта ўз ота-онасини куфр ва туғёнга мажбурлайди, улар ҳам унга бўлган муҳаббатлари ёки унга эҳтиёжлари зўридан шунга мажбур бўлишади, деб қўрқдик” (Каҳф, 80).

Қанча-қанча ўғил-қизлар бор, онасининг қорнида бўлган чоғидаёқ унга бадбахтлик ёзиб қўйилган.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтирганлар, аёлларингиз ва фарзандларингиз ичида сизларни Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва Унинг тоатидан сусайтирадиган душманларингиз бор. Улардан эҳтиёт бўлинг ва уларга итоат этманг” (Тағобун, 14).

Бошқа оятда бундай деган: “… ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қай бирлари сизларга дунё ва охиратингизда кўпроқ фойдаси тегувчи эканини билмайсиз” (Нисо, 11).

Закариё алайҳиссаломнинг ўғли Яҳё алайҳиссалом ўз қавмининг саййиди, юксак обрў-эътиборли, гуноҳлар ва зарарли майллардан тийилувчи эди.

Фарзанд кўриш ҳамиша ҳам яхшилик бўлавермайди. Фарзандлар ҳамма вақт ҳам ота-онасини бахтли қилавермайди. Нуҳ алайҳиссалом воқеасини эсга олинг: “Нуҳ мўминлардан ажралиб, бир четда турган ўғлига хитоб қилди: “Эй болам, биз билан кемага мин, Аллоҳга кофир бўлган кимсалардан бўлма, ғарқ бўласан!”. Ўғли деди: “Мени ғарқ бўлишдан асрайдиган тоққа чиқиб оламан”. Нуҳ деди: “Бугун Аллоҳнинг махлуқотларни ғарқ қилиш ва ҳалок қилиш ҳақидаги амру қазосидан асрай олувчи йўқдир. Фақат Аллоҳ ўзи раҳм қилган кишиларгина бундан мустасно. Шундай экан, иймон келтир ва биз билан бирга кемага мин”. Шу пайт Нуҳ билан ўғлининг ўртасини баланд тўлқин тўсиб қўйди ва ўғли ғарқ бўлиб ўлганлардан бўлди” (Ҳуд, 42-43). То ушбу оятгача: “Нуҳ Раббига хитоб қилиб деди: “Эй Раббим, Сен мени ва аҳли оиламни ғарқ ва ҳалок бўлишдан қутқаришни ваъда қилган эдинг, ўғлим менинг аҳлимдан, Сенинг ваъданг эса шубҳасиз, ҳақдир. Сен ҳукм қилувчиларнинг энг яхшиси ва энг одилисан”. Аллоҳ деди: “Эй Нуҳ, ҳалок бўлган ўғлинг Мен қутқаришга ваъда берган аҳлингдан эмас, бунга эса унинг кофирлиги ва ёмон амаллари сабабдир. Мен сени яхши билмаган нарсанг ҳақида Мендан сўрашдан қайтараман, бу ҳақда Мендан сўраш билан жоҳиллардан бўлиб қолмаслигингни насиҳат қиламан” (Ҳуд, 45-46).

Бундан хулоса шуки, қай бир эр-хотин тақдирига бепуштлик битилган бўлса, бефарзанд бўлсалар, сабр қилсинлар, солиҳ зурриёт тилаб, Аллоҳга кўп-кўп дуо-илтижолар билан ёлворсинлар, ўзларини қазо ва қадарга рози бўлишга тайёрласинлар.

Айрим эр-хотинларга Аллоҳ таоло фақат қиз фарзанд беради. Бу Аллоҳнинг хоҳиши. Аллоҳ истаганини яратади, хоҳлаган бандасига қиз ё ўғил беради: “Истаган бандасига фақат қиз фарзандлар, истаган бандасига фақат ўғиллар ато этади” (Шўро, 49). Эр-хотин Аллоҳнинг беришига рози бўлишлари ва шукр қилишлари, ҳолатлари қиз кўрган айрим жоҳилият аҳлининг ҳолига ўхшаб қолмасликлари шарт. Аллоҳ уларнинг ҳолини баён қилиб бундай деган: “Улардан бирортасига қиз фарзанд кўргани хабари берилса, ўзи учун ёқимсиз бу хабардан ғам-ғуссага тўлиб, юзи қорайиб кетади. Туғилган қиз фарзанди сабабли ўзини чулғаб олган шармандалик ва ғам-алам билан қавмига йўлиқишдан қочиб, туғилган қизалоғини хору зор ҳолатда тирик қолдириш ёки тириклайин тупроққа кўмиш ҳақида боши қотиб, бир четга яшириниб олади. Огоҳ бўлингки, қизларни Аллоҳга, ўғилларни эса ўзларига қилиб, чиқарган бу ҳукмлари нақадар ёмон ҳукмдир” (Наҳл, 58-59).

Қизларига яхшилик қилган ота-онага бериладиган улуғ ажр-мукофот ҳақида гапириб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки қизни то балоғатга етгунларига қадар боқиб, қараб, уларга ғамхўрлик қилса, қиёмат куни мен билан мана шундай ҳолда келади” дедилар ва икки бармоқларини бирлаштирдилар”[4].

Яна бир ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтади: “Уйимизга икки қизчаси билан бир аёл бирон егулик сўраб келди. Бир дона хурмо бор экан, шуни бердим. Аёл хурмони иккига бўлиб қизларига берди ва чиқиб кетди. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида аёлнинг қилган ишини у зотга айтиб берган эдим: “Кимга Аллоҳ таоло қиз фарзанд берган бўлса ва у уларга ғамхўрлик қилса, яхши тарбия берса, бу қизлар унга дўзахдан ҳимоя қилувчи парда бўладилар”[5].

Айни шу ҳадис Имом Муслимнинг ривоятида бундай келган: Оиша разияллоҳу анҳо айтади: “Уйимизга ночор бир аёл икки қизини кўтариб келиб қолди. Уларни уч дона хурмо билан меҳмон қилдим. Аёл икки қизига биттадан хурмо берди. Учинчисини энди ўзи емоқчи бўлганида қизлари сўраб қолишди. Ўзи емоқчи бўлиб турган бу хурмони ҳам икки қизига бўлиб берди. Унинг қилган бу иши иши мени ҳайратга солди. Аёлнинг бу ишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаб берган эдим, у зот: “Қилган бу иши туфайли Аллоҳ бу аёлга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод этди”, дедилар”[6].

[1] Муслим, (2999).

[2] Бухорий, (5242).

[3] Ҳуд сураси, 72 оят.

[4] Муслим, (5/486).

[5] Бухорий, (10/426), Муслим, (2027).

[6] Муслим, (2027).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг