Барча ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимиз шумлиги ва амалларимиз ёмонлигидан Ундан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилганни адаштирувчи, адаштирганни ҳидоят қилувчи йўқдир.
Мен ягона ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига ҳамда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
Аммо баъд..
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Мана, рамазон ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ким рамазонга ибодат қилган бўлса, у ўтди. Ким Аллоҳга ибодат қилса, Аллоҳ абадий ўлмас, барҳаёт зотдир. Рўза ойи ниҳоясига етди, таровиҳ ва Қуръон тиловати ойи ўтиб кетди, эзгулик, саховат, инъом ва эҳсон ойи ўтди. Ундан фойдаланган фойдаланиб қолди, фойдаланмаган эса зиёнда қолаверди.
Эй кўзим, ёш тўк надоматлар қилиб,
Нур ёғилган кечалар ўтди елиб.
Барча бирдек маъсиятлардан қочиб,
Бағрини тоат-ибодатға очиб,
Бир бировдан ортиқ эрмасди ҳама,
Ким намозда, ким тиловатда яна…
Фозил биродарлар!
Шубҳасиз, Аллоҳ таоло рамазон ойини бошқа ой-кунлардан афзал қилган, уни Ўзининг мўл-кўл раҳмати ва баракоти билан хослаган, унда бандаларини тоат-ибодатларга муяссар этган.
Рамазон ойи киргач, мусулмонлар ўзгача бир шукуҳ ва интиқлик билан Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатига берилишларига гувоҳ бўласиз. Тўғри-да ахир, нега ҳам ундай бўлмасин?! Жаҳаннам қопқалари ёпилган, жаннат дарвозалари очиб қўйилган, жин-шайтонларнинг ашаддийлари кишанга солинган бўлса!
Одамлар ажиб бир соғинч ва иштиёқ билан ибодатлар сари ошиқадилар. Бироқ рамазон чиқиши билан дилни ранжитадиган, кўнгилни хира қиладиган ҳолат вужудга келади. Рамазонда пок нафаслари билан масжидларни муаттар этган кишилардан кўплари рамазон чиқиши билан оламлар Парвардигори тоатидан юз ўгириб кетади. Худди рамазонда бошқа бир парвардигорга ибодат қилишгандек!
Иймоннинг ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч қачон ўзгармайдиган собит асослари ва ўзгармас омиллари мавжуд.
Шундай ўзгармас омиллардан бири намоздир.
Қайси бир ҳақиқий мўмин рамазондан кейин намоздан беҳожат бўлиши мумкин?! Рамазон чиқди, энди намоз ўқимасам ҳам бўлаверади, деган фикр чин мўминнинг хаёлига келиши мумкинми?!
Масжидларнинг рамазондаги кўринишига ва рамазондан кейинги кўринишига бир назар солинг.
Мўмин биродар! Иймонида содиқ бўлган ҳеч бир мўмин диннинг иккинчи рукни бўлмиш ушбу асосдан ҳеч қачон ўзини беҳожат санамайди. Зотан, Аллоҳ таоло айтган:
«Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — униўз вақтларида адо қилинглар ва Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар» (Бақара, 238).
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким эрта-кеч масжидга бориб-келиб юрса, ҳар бориб келгани сайин Аллоҳ унга жаннатдан бўлган ўрнини ҳозирлайверади» (Бухорий, 662; Муслим, 669).
«Саҳиҳи Муслим»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага сизларни йўллаб қўяйми?» дедилар. Саҳобалар: «Ҳа, йўлланг, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Қийин пайтларда таҳоратни комил қилиш, масжидлар сари кўп қадам отиш ва бир намоздан сўнг кейинги намозни кутиш. Мана шу риботдир (Аллоҳ йўлига ўзни боғлашдир), мана шу риботдир, мана шу риботдир», дедилар (Муслим, 251; Муватто, 1/161; Термизий, 51; Насоий, 1/89,90).
Аллоҳ таоло мўминларга намозни фарз қилди ва барча замону маконларда уни Ўзига сиғиниладиган ибодат қилди. Банда қиёмат куни энг биринчи бўлиб айни шу амалидан – намозидан сўралади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар намози яхши бўлса, зафарга эришади ва нажот топади. Намози ёмон бўлса, зиён кўради ва ноумид бўлади» (Термизий, 413; Насоий, 1/232; Ҳоким, 1/263; Аҳмад, 5/72; «Саҳиҳ ал-жомеъ», 2573).
Собит–ўзгармас иймоний омиллардан яна бири Қуръондир.
Қуръон энг тўғри йўлга йўллайди. Ушбу йўлни йўқотманг, ундан бурилиб кетманг!
Қуръон – бир томони Аллоҳнинг қўлида, иккинчи томони сизнинг қўлингизда бўлган арқон. Агар бу мустаҳкам арқонни маҳкам ушласангиз, ҳаргиз адашмайсиз ва асло ҳалокат гирдобига отилмайсиз. Ҳар куни бир неча марта Аллоҳ унга хитоб қилишидан беҳожат инсон борми дунёда?! Кимда ким Аллоҳга хитоб қилишни истаса, намоз ўқисин. Ким Аллоҳ унга сўзлашини истаса, Қуръон ўқисин. Парвардигорингдан беҳожат бўла оласанми, эй мусулмон?!
Рамазондан кейин ҳам Қуръон ўқишни ташлаб қўйманг. Билингки, Аллоҳ таоло рамазонда сизни Қуръон ўқиш бахтига муяссар қилди ва сиз Қуръон ўқишни ўзингиз учун кундалик вазифага айлантириб олдингиз. Нега энди мана шу кундалик вазифангизни ташлайсиз ва Қуръонни сизга рамазондан бошқа ойларда керак бўлмайдигандек жавонга солиб қўясиз?!
Севикли биродарим! Қуръонни ўқинг ва унга амал қилинг. Зеро, Қуръон қиёмат куни ўз эгаларига шафоатчи бўлиб келади. «Саҳиҳи Муслим»да Абу Умома ал-Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қуръон ўқинглар, зеро, у қиёмат куни ўз эгаларига (яъни уни ўқиганларга) шафоатчи бўлиб келади. Икки нур сочувчини – «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортган икки гала қушлардек ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни ўқиш барака, тарк этиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди» (Муслим, 804; Термизий, 2886).
«Саҳиҳайн»да Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Фақат икки нарсага ҳасад (ҳавас) қилса бўлади: Бир кишига Аллоҳ Қуръон ато этган ва у кечаю кундуз уни ўқийди. Яна бир кишига Аллоҳ мол-дунё ато этган, у кечаю кундуз уни эҳсон қилади» (Бухорий, 5026; Муслим, 815).
«Бир кишига Аллоҳ Қуръон ато этган ва у кечаю кундуз уни ўқийди» дегани уни йил давомида ўқийди, демакдир. Шундай экан, Қуръонни рамазон чиққанидан кейин ташлаб қўйманг, эй Ислом уммати!
Рамазондан кейин ҳам ўзгармас иймоний омиллардан яна бири Аллоҳнинг зикридир.
Агар рамазонда зикр ва истиғфорни муҳофаза қилган бўлсангиз, энди йилнинг қолган ойларида ўзингизни ундан беҳожат биласизми?!
Зикр дардларга шифо, Раҳмоннинг розилигига ва шайтоннинг қувилишига сабабдир. Шундай экан, тилингиз мудом Раҳим ва Раҳмон Зотнинг зикри билан намланиб турсин.
Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақда айтган сўзларига қулоқ тутинг. Имом Аҳмад ва Имом Термизий Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амалларингиз ичида энг яхшисини, Хожаларингиз ҳузурида энг покизасини, даражаларингизни кўтарувчисини, олтину кумуш эҳсон қилишдан ҳам яхшироғини ва душманларингизга рўпара бўлиб, сизлар уларни, улар сизларни бўйинларингизга уришларидан ҳам хайрлироғини хабарини берайми?» дедилар. «Ҳа», дейишди (асҳоблар). «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Аҳмад, 5/239, 6/447; Термизий, 3374; Ибн Можа, 3790).
Зикрнинг фазлини кўринг, зикр қилувчи Аллоҳ билан бирга бўлади. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамга Мен ҳақидаги ўйига муносиб муомала қиламан. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоатда зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоатда зикр қиламан. Агар менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман» (Бухорий, 7405; Муслим, 2675).
Аллоҳни доим ёдда тутинг, шунда У сиз билан бирга бўлади.
Аллоҳнинг биргалиги икки хил – умумий биргалик ва хос биргалик бўлади.
Умумий биргалик – билиш, муроқаба-назорат қилиб туриш биргалигидир.
Хос биргалик эса сақлаш, ёрдам бериш, мадад кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш биргалигидир.
Аллоҳ таолонинг ана шундай биргалигидан беҳожат биласизми ўзингизни?!
Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлишини истасангиз, зикрдан ғофил бўлманг ва бу нурни зое қилманг. Аҳмад ва Термизий Ҳорис ал-Ашъарийдан ривоят қилган узун ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларни Аллоҳни зикр қилишга буюраман. Зеро, бунинг мисоли ортидан душман тез қувиб бораётган кишининг мисолига ўхшайдики, у бир мустаҳкам қалъага етиб бориб, ўзини улардан қутқариб қолди. Худди шунга ўхшаш, банда ҳам ўзини шайтондан фақат Аллоҳнинг зикри билангина қутқариб қолади» (Термизий, 2867; Ҳоким, 1/117. Ҳоким ҳадисни Муслим шартига кўра саҳиҳ деган).
Демак, ушбу озуқа сиз учун жуда ҳам зарур ва унда кўп яхшиликлар бордир. Зикр рамазонда ҳам, рамазондан бошқа пайтлар ҳам мўмин киши асло беҳожат бўлмайдиган иймоний асослардан биридир.
Собит ва ўзгармас иймоний омиллардан яна бири одамларга эҳсон – яхшилик қилишдир.
Кўпчилик одамларни кўрамизки, хайру эҳсон, саховат ва карам кўринишлари уларда фақат рамазонда зоҳир бўлади. Рамазон чиққанидан кейин эса уларни фақир-мискинларга қовоқ уйган, вужудларини бахиллик ва хасислик эгаллаб олган ҳолда кўрасиз.
Аллоҳ таоло сизга рамазон ойида фақир-фуқаро ва мискинларга хайр-эҳсон қилиш ва бошқа яхши ишларни муяссар қилиб қўйган экан, энди сиз ўзингизни рамазондан кейин ҳам оз бўлса-да инфоқ-эҳсонга одатлантириб ололмайсизми?!
«Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради. Чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради. Олди томонига қараб рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий, 6539; Муслим, 1016).
Собит ва ўзгармас иймоний омиллардан яна бири тунги намоздир.
Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан рамазонда таровиҳ ва тунги намоз-таҳажжудга муваффақ бўлдингиз. Нега энди ана шу йўсинда давом эттиролмайсиз?! Нима учун тунги намозларни ташлаб қўясиз?!
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларига қулоқ солинг. Ҳоким, Ибн Хузайма ва Термизий ривоят қилган ҳадисда у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Тунги намозни ўзингизга лозим тутинг. Зеро, у сизлардан олдинги солиҳлар одатидир, Аллоҳ таолога қурбат (яқинлик)дир, гуноҳдан тийилиш сабабидир, гуноҳларга каффоратдир» (Термизий, 3543, 3544. Албоний саҳиҳ санаган: «Саҳиҳ ал-жомеъ, 4079).
Мусулмон биродар! Бир ракаат билан бўлса-да, тунги намоз ўқувчилар қаторига кириб қолишга ҳаракат қилинг, қуйидаги оятда айтилган кишилардан бўлишга қизиқинг: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлади (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қиладилар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладилар» (Сажда, 16).
Собит ва ўзгармас иймоний омиллардан яна бири тавбадир.
Рамазонда тавба қилмаган ва Аллоҳга қайтмаган одам қолмайди деярли. Бироқ бу дегани рамазондан кейин тавба вақти ўтди, энди Аллоҳга тавба қилиш ва қайтишга эҳтиёжимиз йўқ, деган маънони билдирадими?!
Жуда кўп мусулмонларнинг аҳволини кузатсангиз, ҳайит куни ҳар хил гуноҳлар ва нафс хоҳишлари сари ошиқишларини кўрасиз. Гўёки улар қамоқда эдилар-у, рамазоннинг сўнгги оқшоми келиши билан озодликка чиқиб келишди ва қаттиқ оч қолган одам емакка ўзини ташлагани каби гуноҳларга ўзларини уришди! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.
Ҳақиқий мўминнинг ҳоли бундай бўлмайди. Чунки мўмин ва муваҳҳид инсон бир ибодатдан иккинчи ибодатга, бир тоатдан бошқа бир тоатга, бир яхшиликдан бошқа бир яхшиликка кўчиб юради. Бинобарин, бир умр ибодат ичида ўтиши мумкин бўлади.
«Саҳиҳи Бухорий»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан зиёдроқ истиғфор айтиб, тавбалар қиламан» (Бухорий, 6307).
Имом Муслим Ағар ибн Ясор ал-Музаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинг ва истиғфор айтинг! Мен бир кунда юз маротаба тавба қиламан» (Муслим, 2702).
Демак, тавба мўмин киши рамазондан кейин ҳам асло беҳожат бўлмайдиган асл-асослардан бири экан.
Юқорида санаб ўтганларим аксарият кишилар рамазонда муҳофаза қилиб, рамазон чиққанидан кейин эътиборсиз ташлаб қўядиган амаллардан баъзилари эди.
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Қай бир киши рамазонда рўза тутган ва тунги намозлар ўқиган бўлса, бунинг мазасини – кўнгил ёришиши ва қалб шодликка тўлиши лаззатини ҳис қилган бўлади. Шуни билган бўлсангиз, энди маҳкам тутинг ва бу лаззатни қўлдан берманг, тўғри йўлда устивор бўлинг.
«Саҳиҳайн»да Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қурбингиз етадиган ишларни ўзингизга лозим тутинг! Аллоҳга қасамки, то сизлар (амал қилишдан) малолланмагунча Аллоҳ (ажр-савоб беришдан) малолланмайди. Дин (амаллари)нинг Аллоҳга энг суюмли бўлгани – эгаси унда давомли бўлганидир» (Бухорий, 6462; Муслим, 782).
«Саҳиҳи Муслим»да Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир амални қилсалар, уни сабот билан (давомли) қилардилар» (Муслим, 746).
«Саҳиҳи Муслим»да Абу Амра Суфён ибн Абдуллоҳ ас-Сақафийдан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга Ислом ҳақида шундай бир сўзни айтингки, уни сиздан кейин бошқа бировдан сўрамай», деган эдим, у зот: «Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт, сўнг истиқоматда – Исломга амал қилишда маҳкам бўл», дедилар» (Муслим, 38; Термизий, 2412).
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тусаганнарсалар бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир» (Фуссилат, 30-32).
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бир куни минбарда туриб ушбу оятни ўқидилар, сўнг: «Улар Аллоҳнинг йўлида устивор турдилар ва тулкилар каби айёрлик йўлини тутмадилар», дедилар.
Азиз биродарим! Билдингизми, маҳкам тутинг! Ушбу йўлни маҳкам ушланг ва ундан бурилманг!
Аллоҳ кимни тоатга муяссар этган бўлса, у Аллоҳнинг мададига эришибди. Аллоҳ кимни тоатдан мосуво қилган бўлса, у Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум бўлибди. Аллоҳнинг тоат-ибодатига муваффақ бўлиш фақат Унинг мадади билан амалга ошади. Шундай экан, Аллоҳдан мадад сўранг ва сустлашманг. Имкон қадар Аллоҳдан тақво қилинг. Ўзининг тоати йўлида бардавом қилишини, Пайғамбарининг йўлидан айирмаслигини сўраб дуо қилинг.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз ибн Жабалга қилган васиятларини эсга олинг.
Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга бундай дедилар: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман. Сиз ҳар бир намоздан кейин: «Эй Аллоҳ, менга Сени зикр қилишимга, Сенга шукр қилишимга ва Сенга чиройли ибодат қилишимга ёрдам бергин» деб айтишни асло қўйманг». (Абу Довуд, 1522; Насоий, 3/53; Ҳоким, 3/273,274; «Саҳиҳ ал-жомеъ», 7969).
Ҳа, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан Унга ибодат қилишда мадад ва ёрдам сўранг. Модомики, шу йўлни тутар экансиз, Аллоҳ сизни асло ёрдамсиз қўймайди. Аллоҳ таоло айтади: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган – курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут, 69).
Хайру эҳсон қилинг эй мўмин-муваҳҳид, Аллоҳ сиз билан бирга бўлади. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ Ўз бандасига (уни барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар, 36).
Дилингизни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога боғланг! У бандаларидан беҳожат Зотдир, тоат-ибодатлар Унга ҳеч қандай фойда етказмайди, гуноҳлар Унга зарар етказмайди. Шундай бўлса-да, агар фақир ва ҳақир бандаси Унга тавба қилса, У унинг тавбасидан хурсанд бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Аллоҳ мўмин банданинг тавба қилишидан бир кишининг хурсандлигидан ҳам хурсандроқ бўладики, у киши (оғир сафарга чиққан ва йўлда саҳрода) хатарли жойда дам олиш учун тўхтаганди. Озиқ-овқати ва суви юкланган туяси бирга эди. У бир дарахт соясида ётиб ухлаб қолди. Уйғониб қараса, туяси йўқ. Излашга тушди. Жазирама ва чанқоқдан тинкаси қуриб: «Яхшиси, дам олган жойимга бориб, ўлгунимча ўша ерда ётаман», деди. Сўнг бошини билагига қўйганича ухлаб қолди. Уйғониб қараса, туяси ёнида турибди. Озиқ-овқат ва сувлари жойида эди. Мўмин банданинг тавбасидан Аллоҳ ўша кишиниг туяси ва озиқ-овқатини топиб олиб хурсанд бўлгандан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади» (Бухорий, 6308; Муслим, 2744; Термизий, 2499, 2500).
«Саҳиҳи Бухорий»да Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига асирлар келтирилди. Шунда асирлар ичидан бир аёл кўкрагини соғиб, гўдакларга сут бера бошлади. У асирлар ичидан бир гўдакни олиб, бағрига босиб эмиза бошлади. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима дейсизлар, шу аёл боласини ўтга ташлайдими?» деб сўрадилар. Биз: «Йўқ, имкони бўлса, асло ташламайди», дедик. У зот дедилар: «Қасамки, Аллоҳ бандаларига мана шу аёлнинг боласига меҳрибонлигидан кўра ҳам меҳрибонроқдир» (Бухорий, 5999; Муслим, 2754).
Ушбу ҳадисни яхшилаб тафаккур қилиб кўрсангиз, жуда ажойиб ҳолатга тушасиз. Шунинг учун ҳам салафлардан бири дуосида айтган экан: «Эй Аллоҳ, Сен яхши биласанки, онам мен учун одамларнинг энг раҳмлироғидир. Мен биламанки, Сен менга онамдан ҳам раҳмлироқсан. Онам менинг ҳалок бўлишимга рози бўлмайди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўла туриб бунга рози бўласанми?».
Ҳа, Аллоҳ жалла ва ало ана шундоқ меҳрибон Зот, У бандаларига шундай нидо қилади: «(Эй Пайғамбар), Менинг (турли гуноҳлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар, 53).
Ҳа, бу Аллоҳнинг ҳамма нарсани ўз ичига сиғдирадиган кенг ва мўл раҳматидир. Шундай экан, сиз Аллоҳдан мадад сўранг ва сустлашманг. Агар қадамингиз тойилса, дарҳол қайтинг. Яна тойилса, яна қайтинг. Агар минг бор тойилса, минг бор қайтинг. Билингки, сиз билан биз малолланмас эканмиз, Аллоҳ малолланмайди. Биз унинг қулларимиз, У бизни яратган ва бизнинг ожизлигимизни, заифлигимизни, муҳтожлигимизни Ўзи яхши билади. У бизнинг ўз қуллигимизни эътироф этишимизни истайди, холос.
Тоат-ибодатингиз ўзингиз учундир. Аллоҳ таолога сизнинг тоатингиз фойда келтирмаганидек, гуноҳингиз зарар ҳам етказолмайди. «Саҳиҳи Муслим»да Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг тақводор бир инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз энг фожир инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтира олмайди…» (Муслим, 2577; Термизий, 2497).
Эй мўмин муваҳҳид! Тоат учун Аллоҳдан мадад сўранг, Аллоҳдан сизни шу йўлда мустаҳкам қилишини сўранг. Билингки, бандага Аллоҳнинг тоатида сабот билан туришига ёрдам берувчи энг катта сабаблардан бири – Парвардигорга тоат-ибодат қилишда мўътадил бўлишидир. Исломда ғулув ва чуқур кетиш йўқдир. Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир, ҳаддан ошиш ҳам, сусткашлик ҳам эмас. Шунинг учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай. Шундай экан, амалда ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар, эртаю кеч ва туннинг бир қисмида (ибодатлар ила) мададланинглар» (Имом Бухорий (8/122, 123) ва Имом Муслим (4/2169) Абу Ҳурайра ва Ойша разияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Бухорий лафзи).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кириб, икки устун орасига тортилган арқонни кўрдилар ва: «Бу қандай арқон?» деб сўрадилар. «Бу Зайнабнинг арқони, толиқиб қолганида шунга осилиб олади», дейишди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз тетик ҳолида намоз ўқисин. Толиқса, ухлаб олсин», дедилар (Муттафақун алайҳ. Бухорий, 1150; Муслим, 784).
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадон аҳлларидан у зотнинг амаллари ҳақида сўраб келган жамоа ҳақидаги ҳадисни кўпчилигингиз билсангиз керак. «Саҳиҳайн»да Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда айтилишича, уч киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатлари айтиб берилганида, бу амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалгию охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?» дедилар. Уларнинг бири: «Мен тоабад тунларни намоз билан ўтказаман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод кундузлари рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтган сизларми?! Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироқман! Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга ҳам уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар (Муттафақун алайҳ. Бухорий, 5063; Муслим, 1401).
Ҳа, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мўътадил ва ўртачалик манҳажини жамлаганлар ва уни мана бу ажойиб дуоларида воқеликдаги амалий манҳажга айлантирганлар: «Аллоҳим, мен учун барча ишларимтаянчибўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим бўладиган охиратимни ислоҳ этгин. Ҳаётни мен учун барча яхшиликлар зиёда бўлиши, ўлимни мен учун барча ёмонликлардан роҳатланиш қилгин» (Муслим, 3427, 3428).
Ўрта йўл мана шудир, мўътадиллик йўлидир бу. Дарҳақиқат, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўзлари билан дунё ва охират яхшилигини жамладилар. Чунки ким солиҳ амал билан дунё топса, Аллоҳнинг изни билан охиратни ҳам топади. Ким ёмон амал билан дунёсини зое қилса, охиратини ҳам қўлдан беради.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли оилалари ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.