1– Нега биз оламдан бир бўлакмиз?
Бу жуда муҳим савол. Сабаби, айрим одамлар бу ҳақиқатни буткул эътибордан четда қолдирадилар. Шундан келиб чиқиб, фарзандларининг нималарни хоҳлашини ҳам, уларни қийнаётган муаммолар шаклини ҳам тушунишга қодир бўлмайдилар ва буларнинг барчаси билан қандай муносабатда бўлишни ҳам билмайдилар.
Биз ҳеч қачон бугунги ҳолатимиздагидан кўра кўпроқ атрофимиздаги оламга алоқадор бўлмаганмиз. Ҳозирдаги турли алоқа воситалари, сунъий йўлдош телеканаллари, интернет ва қудратли механизмларга эга бўлган глобализация (оламийлашув) жараёни бир вақтлар тилга олинган “мамлакат ичкариси ва ташқариси” деган тушунчалар ўртасидаги ҳудудларни олиб ташлади.
Глобализация барча нарсаларни: фикрлар, орзу-ҳаваслар, дидлар, ўлчовларни, шунингдек, муаммолар ва ахлоқий инқироз шаклларини ҳам оламийлаштириб юборди.
Ўтмишда фарзандларни нисбатан ёпиқ муҳитларда тарбия қилган бўлсак, эндиликда, тарбия қилар эканмиз уйимиз эшик ва деразаларидан туриб оламни у чеккасидан бу чеккасигача кўриш мумкин. Табиийки, бу нарсанинг ижобий ва салбий томонлари бор. Бироқ, огоҳ бўлмасак, ён-атрофда нималар содир бўлаётганини тўла-тўкис англаб етмасак салбий томонлар ижобий томонларни қоплаб юбориш эҳтимоли катта.
Қолаверса, биз Аллоҳ таоло башарият фитратида яратган табиий хислатлар, эҳтиёжлар ва интилишлар жиҳатидан ҳам оламнинг бир бўлагимиз. Хитойда юз кишини хурсанд қилган нарсанинг айнан ўзи Ливан ёки Америкадаги юз кишини хурсанд қилади. Шунингдек, Голландияда юз кишини безовта қилган нарсанинг айни ўзи Судан ва Филиппиндаги юз кишини безовта қилади. Албатта бу умуман олганда, яъни бирон бир мамлакатдаги одамлар, баъзан бир оила аъзолари бир-бирларидан фарқ қиладиган майда-чуйда тафсилотларга қаралмаса шундай. Негаки, барча одамлар мақтов, мол-дунё, кўчмас мулк, обрў-эътибор ва пулни севадилар. Ҳамма ҳам роҳат-фароғат, гўзал нарсалар, шод-хуррамлик ва хушмуомалалик шайдоси. Барча одамлар камбағаллик, касаллик, шовқин-сурон ва танқиддан юраги сиқилади, ахлат ва хунук нарсалардан эса жирканади. Сўзимизнинг тасдиғи ўлароқ, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини ўқиш мумкин: “Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш зийнатлаб кўрсатилди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой — жаннат бордир” [Оли Имрон: 14].
Модомики ҳамма жойдаги одамларнинг инсоний табиатлари бир хил бўлмасада бир-бирига ўхшаш экан, бу дегани фарзандларимизнинг эҳтиёжлари маданиятлари бизникидан фарқли, бошқа дин ва мафкураларга мансуб кишилар фарзандларининг эҳтиёжларига яқин бўлиб қолади. Шунингдек, фарзандларимиз ҳаётларининг турли босқичларида дуч келадиган муаммолар ҳам уларнинг муаммоларига ўхшашдир.
Биз оламнинг бир бўлагимиз. Негаки, ғарб мамлакатлари тарбия соҳасида жуда катта тажрибаларга эга. Уларда бу борада катта миқдорда илмий изланишлар, тадқиқотлар ва статистик маълумотлар мавжуд бўлиб, улар бу маълумотларни ер юзининг турли бурчакларига ёйишга эришдилар. Шунингдек, бу тадқиқот ва маълумотлар барча маданиятли ва маданият йўлидан бораётган халқлардаги ҳар қандай тарбиявий ғоя ва тушунчалар, ҳамда, тарбия одобининг асосини ташкил этиб қолди. Бу ҳақиқатдан ҳеч кимса кўз юмиши мумкин эмас.