Ҳаж ва умрага доир айрим мулоҳаза ва эслатмалар

0

Ҳаж ва умрага доир айрим мулоҳаза ва эслатмалар:

  1. Агар Арафотда ёки ундан олдинроқ ёш бола балоғатга етса, ақлдан озган киши ҳушига келса ёки қул озод қилинса, у ҳолда уларнинг қилган ҳажлари фарз ҳажнинг ўрнига ўтади. Бироқ, бу узрлар Арафотдан кейин кетса, қилинган ҳаж фарз ҳажнинг ўрнини босмайди.

  2. Ёш бола ҳажга борса қаровчиси унга эҳром либосини кийдиради. Борди-ю, бола оқ-қорани ажратадиган ёшга етган бўлса, қаровчиси унга эҳромга киришни ният қилишга буюради. Агар бола оқ-қорани ажратадиган ёшга етмаган бўлса, у ҳолда қаровчиси унинг номидан ният қилади. Агар ёш бола юришга қодир бўлса ўзи юради, акс ҳолда қаровчиси ёки бошқа биронтаси уни кўтариб олиб ҳаж қилдиради. Шунингдек, қаровчиси болани барча ҳаж ибодатларида бирга олиб юради ва уни эҳромда қилиш ман қилинган ишлардан қайтаради[1].

  3. Эҳром кийган ёш бола ҳажни охирига қадар тўла-тўкис бажариши лозимми ёки йўқми? Бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд. Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ унга ҳажни охиригача бажариш вожиб эмас, деган фикрга мойил бўлган. Бу Ҳанафий мазҳабининг фикридир. Чунки ёш бола мукаллаф бўлмай, яъни шариат аҳкомларини бажармаса гуноҳкор бўладиган ёшда бўлмай, ундан фарз амалларни бажариш талаб қилинмайди.

Шунингдек, ёш бола эҳромда ман қилинган ишлардан бирини қасддан қилса унга жарима вожиб бўладими ёки йўқлиги хусусида ҳам уламолар ихтилоф қилганлар. Бу борадаги тўғри фикрга биноан бундай ҳолатда ёш болага ўзининг мол-мулкидан ҳам, қаровчисининг мол-мулкидан ҳам ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Чунки ёш боланинг қасддан қилган иши билан хатодан қилган иши орасида фарқ йўқ.

  1. Ҳажга боришга имкони йўқ одам қийналиб бўлсада ҳажга борса, қилган ҳажжи дуруст ва фарз ҳажнинг ўрнига ўтади.

  2. “Зод” деганда ҳажга бормоқчи бўлган киши бўйнидаги вожиб амаллар, шаръий нафақалар ва қарамоғидаги кишиларнинг зарурий эҳтиёжларини ўтагандан кейин ҳаж сафарига кифоя қилгулик маблағ назарда тутилади. “Роҳила” эса ҳажга бориш учун қўлланиладиган улов – транспорт воситасидир. Ушбу транспорт воситаси ҳажга борувчи қўлланиши учун муносиб бўлиши керак. Борди-ю, мавжуд улов – транспорт воситаси унга муносиб бўлмаса, у ҳолда ҳаж унга вожиб бўлмайди.

Инсон зиммасидаги вожиб амаллардан мақсад қарз, каффоратлар ва назр сингари вожиб амаллардир.

Шаръий нафақалар деганда ўзи ва бола-чақасига ҳаддан ошмаган тарзда сарфлайдиган харажатлар каби шариат мубоҳ қилган нафақалар назарда тутилади. Айрим уламоларнинг айтишича, ҳажга борувчи кимса то ҳаждан қайтгунига қадар оиласига кифоя қиладиган маблағ қолдириши керак.

Зарурий эҳтиёжлар дегани китоб, қалам, касб-ҳунар учун керакли асбоб-ускуналар ва бошқа шу сингари инсон кундалик ҳаётида муҳтож бўладиган нарсалардир.

  1. Агар инсон ҳаж ёки умра фарз бўла туриб, яъни ҳажга бориш шарт-шароити бўлган қодир бўлишига қарамай ҳажга бормасдан вафот этса, осийларча вафот этган ҳисобланади. Ундан қолган мол-мулкдан мерос ва васиятлар берилишидан олдин ҳаж ва умра харажатига етарлик маблағ чиқарилиши вожибдир. Чунки бу қарз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳнинг қарзи адо қилинишга (бошқа қарзлардан) ҳақлироқдир[2].

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Васият қилса қилмаса (ҳаж ва умрага етарлик маблағ) у қолдириб кетган мол-мулкдан ажратилади”[3].

  1. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар уйланишга муҳтож бўлса, уйланмаса зинога қўл уришдан қўрқса, у ҳолда аввало уйланади. Чунки (бу ҳолатда) уйланиш унга вожиб, уйланмай иложи йўқ. Демак, уйланиш худди кундалик эҳтиёжлар сингаридир. Агар уйланмаса зинога қўл уришдан қўрқмаса дастлаб ҳажга боради. Негаки, бу ҳолатда уйланиш унга вожиб эмас. Шу боис, никоҳ фарз бўлган ҳаждан олдинга қўйилмайди”[4].

  2. Доимий Фатво Қўмитасининг фатвосида шундай дейилади: “Инсон биров унга садақа сифатида берган маблағ билан ҳаж қилса унинг ҳажи дурустдир. Агар бу маблағ ҳаром йўл билан топилган бўлса ҳажи дуруст, бироқ бу ишдан тавба қилиши лозимдир”[5].

Бироқ бу ҳаж Аллоҳнинг наздида мақбул ёки мақбул эмаслигига келсак, маълумки, Аллоҳ таоло покиза нарсанигина қабул қиладиган Покиза зотдир.

  1. Давлат баъзи фуқароларига давлат ҳисобидан ҳаж зиёратига бориш имконини берса ёки бирон бир мусобақаларда айрим совриндорларга ҳажга бориш мукофоти берилса уларнинг қилган ҳажи дуруст ва фарз ҳаж ўрнига ўтади[6].

  2. Киши ҳажга бориш учун қарз олса, гарчи бу мақсадда қарз олиши шарт бўлмасада адо этган ҳажи дурустдир.

 Қарздор кишининг ҳажга бориши жоизми?

Доимий Фатво Қўмитасининг фатвосида шундай дейилади: “Қарздор ҳаж харажатларидан ташқари қарзини тўлашга қодир бўлса, ҳажга бориши қарзни тўлашга тўсқинлик қилмаса ёки қарз берган киши қарздорнинг ҳолатидан хабардор бўла туриб унинг ҳажга боришига рози бўлса қарздорнинг ҳажи жоиз, акс ҳолда, қарздорнинг ҳажга бориши жоиз эмас. Бироқ, шунга қарамай ҳажга борса ҳажи дурустдир”[7].

[1] Эҳромда қилиш ман қилинган ишлар келажакда зикр қилинади.

[2] Бухорий (1852, 6699, 7315) ривояти.

[3] “Ал-шарҳул мумтеъ” (7\ 48).

[4] “Ал-Муғний” (3\ 222).

[5] (3198) сонли фатво. Аффонийнинг “Ал-риёзун назироҳ”(2\ 37) асарига қаранг.

[6] Қаранг: Доимий Фатво Қўмитасининг 6593, 6277 сонли фатволари.

[7] (9405) сонли фатво. Аффонийнинг “Ал-риёзун назироҳ” (2\ 49) асарига қаранг.

Изоҳ қолдиринг