Одам ва унинг хотини (алайҳимассалом) яшаган жаннат ҳақиқати (9)

0

Одам ва унинг хотини (алайҳимассалом) яшаган жаннат ҳақиқати

Муфассирлар “Одам алайҳиссалом киргизилган жаннат осмондами ёки ердами?”, эканлигида ихтилоф қилганлар. Ҳақиқатда, ушбу хилофни ечимини топиш ва уни бартараф этиш мақсадга мувофиқдир.

Аксар уламолар бу борада келган оят ва ҳадислар зоҳирига таяниб, унинг осмондаги жаннат – Жаннатул Маъво эканлигини айтганлар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва айтдик:  “Эй Одам,  сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг.  Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки,  у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз”   [Бақара:35]. “Ал-жанна” сўзидаги аниқловчи артикл бўлмиш “алиф ва лом” (Ал) умумийликни, яъни қаерда ва қандай бўлишидан қатъий назар бирон бир жаннат – боғни ифодалаш учун  ёки тингловчи учун илгари гапда зикр қилинган бирон жаннатни билдириш учун зикр қилинмай, балки, олдиндан тингловчи зеҳнида маълум бўлган, шаръий жиҳатдан унинг зеҳнида ўрнашган жаннат – Жаннатул Маъвони ифодалаш учун келтирилган.

Шунингдек, Мусо алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга айтган гапида: “Нега бизни ҳам, ўзингни ҳам жаннатдан чиқардинг...?” – дейди. Мазкур ҳадис ҳақида келгусида сўз юритамиз.

Имом Муслим “Саҳиҳи”да  Абу Ҳурайра  ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳумодан  ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: (Қиёмат кунида) Аллоҳ таоло одамларни тўплайди. Мўминлар жаннат уларга яқинлаштирилган пайтда ўринларидан туриб Одамнинг олдига борадилар ва унга қарата: “Эй отамиз, биз учун жаннат эшигини очилишини сўранг” – дейдилар. Шунда Одам: “Ахир, сизларни жаннатдан отангизнинг гуноҳи чиқармаганмиди?” – дейди“. Муслим ҳадисни тўлалигича зикр қилади.

Мазкур ҳадис Одам киргизилган жаннат Жаннатул Маъво эканлигига очиқ далолат қиладиган кучли далилдир.

Изоҳ қолдиринг