2 – ташқи олам билан боғланиш ва ундан ажралиб туриш масаласи.
Бу ўринда биз ташқи оламга бўлган эҳтиёжимиз, бироқ унинг салбий таъсирларидан хавотирда эканимизни кузатишимиз муҳим. Менимча, ҳар қандай оқил кишиларда бундай хавотир бўлиши лозим ва табиийдир.
Биз тарбия соҳасидаги услуб ва воситалардан фойдаланиш, болалардаги интилишларга ташхис қўйиш, уларнинг турли хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиш борасида ажнабий маданиятлардан фойдаланиш оқибатидан қўрқмаслигимиз керак. Аксинча, биз бу борадаги жаҳон тажрибаси ва изланишларига муҳтожмиз. Мен чет тиллардан таржима қилинган тарбиявий китобларда бебаҳо фойдалар олиш мумкин бўлган кўплаб доно фикр ва мулоҳазаларга дуч келаман. Тўғри, бу фикр ва мулоҳазалар одатда юксак даражадаги барқарорлик ва бой-бадавлат шароитда турмуш кечирадиган кишиларда учрайдиган айрим муболағалардан холи эмас. Бундай муболағали ҳолатларга ўша миллатнинг ўзига хос маданияти деб қарашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
3 – тарбия соҳасидаги ўзимизга хос жиҳатлар тўғрисида гапирсак, бундай ўзига хослик икки нарсада кўринади:
А) ўзимизга хос ақида, ҳаётга нисбатан муносабатимиз ва барча хатти-ҳаракатларимизни йўналтириб турувчи шаръий аҳкомлардан келиб чиқувчи ахлоқий қонун-қоида ва қадриятлар. Бу қонун-қоида ва қадриятларнинг айримларига ишора қилишдан олдин шуни эслатиш лозимки, жаҳондаги барча халқлар ўртасида муштарак бўлган маданий қадриятлар мавжуд бўлиб, улар раҳм-шафқат, ўзгаларга яхшилик қилиш, адолат, кечиримлилик, қўшнига яхшилик қилиш, ота-онага мурувват кўрсатиш, вафодорлик, ростгўйлик ва жасурлик каби умумий ахлоқ-одоб ва қадриятларнинг саксон фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Ҳа, бу қадриятларнинг воқеликдаги кўриниши ҳар бир муҳитда турлича бўлиши мумкин. Бироқ нима бўлгандаям, ҳеч бир халқнинг мактабда болаларга ёлғончилик, ўғирлик, хиёнат, зулм ва ота-онани таҳқирлаш каби иллатлар яхши хислатлар эканини, улар ўз ахлоқини бундай хислатлар билан бойитиши зарур эканини уқтираётганини топмайсиз.
Қадриятлар соҳасидаги биз мусулмонларнинг ўзига хос томонларимиздан бири ибодатлардир. Намоз, закот, ҳаж ва рамазон рўзаси исломнинг энг катта рукнларини ташкил этади. Улардан намоз сингари кундалик бажариладиган ибодатлар мавжуд бўлиб, тарбиячи унга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Шунингдек, аврат, таҳорат ҳамда эркак ва аёл жинси ўртасидаги ўзаро муносабатлар борасида ҳам бошқа кўп халқларда мавжуд бўлмаган ўзига хос жиҳатларимиз бор. Овқатланиш, тунни улфатлар билан суҳбат қуриб бедор ўтказиш ва бошқа кўнгилхуш тадбирлар хусусида ҳам мусулмонларда очиқ шаръий аҳкомлар мавжуд бўлиб, мусулмон мураббий фарзандларининг бу борадаги хатти-ҳаракатларига бефарқ қарай олмайди.
Эҳтимол, энг муҳим маданий-маърифий ўзига хос хусусиятимиз дунё ҳаётига ва Аллоҳ таолога нисбатан муносабатимиз бўлса керак. Мусулмонлар дунё ҳаётига охират экинзори деб қарасалар, Аллоҳ таоло билан бўлган алоқага эса, шунчаки Уни таниш ва борлигига иқрор бўлиш эмас, балки яхши кўриш, ибодат қилиш, бўйсуниш, буйруқларига риоя қилиш, қайтарган ишларидан тийилиш ва ҳар вақт Унинг ризосини қозонишга интилиш алоқаси деб қарайдилар: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни қиладиган қурбонликларим) ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У Зотнинг биронта шериги йўқдир. Мен мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга буюрилганман). Ва мен бўйсингувчиларнинг аввалги – пешқадамиман” [Анъом: 162-163].
Б) қадриятлар пиллапояси ва ҳар бир қадриятга ўзига лойиқ мартаба бериш. Бу бугунги кунда ер курраси халқлари ўртасидаги асосий фарқни ташкил этади.
Қадриятлар пиллапояси қонуни дегани – бир вақтнинг ўзида иккита қадрият жамланиб қолган ва фақат улардан биригагина риоя қилишга тўғри келган чоғда, қиймати каттароқ қадриятни асраб қолиш мақсадида қиймати пастроқ қадриятни қурбон қилиш демакдир. Бу ҳолат ҳар куни бир неча бор такрорланади. Фарзандларнинг ўқишда муваффақият қозониши қадрият. Бундай муваффақият имтиҳон кечаларидаги сингари, гоҳида ярим кечага қадар бедор ўтиришни тақозо қилади. Бомдод намозини ўз вақтида адо этиш эса бунданда катта қадрият. Шу боис, муваффақиятга эришиш йўлидаги ҳар қандай бедорлик бомдод намозини ўз вақтида адо этишга халал бермайдиган доирада амалга ошиши лозим.
Чиройли ва бежирим масканда яшаш қадрият. Бироқ ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг кўнглига қараш унданда улкан қадрият. Шунинг учун ота-она бундай масканда яшашга рози бўлмасалар, албатта уларнинг истагини қондириш биринчи галдаги масаладир.
Шунингдек, сатру-аврат ҳам, чиройли кийиниш ҳам қадрият. Бироқ қиз боланинг шариат доирасида сатри аврат қилиши муҳимроқ қадриятдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар қандай чиройли кийиниш шакллари шаръий сатри аврат доирасида бўлмоғи керак. Илм ўрганиш ниятида сафарга чиқиш улкан бир қадрият. Аммо, Аллоҳнинг буйруқларига риоя қилиш, динда собит қолиш ундан ҳам катта қадрият. Шу сабаб, борди-ю, фарзандлардан бирининг ўқиш учун сафар қилиши унинг динига таъсир қилади, деган ўй устун келса, у ҳолда фарзандимизни ёлғиз ўзини хорижга юборишдан тийиламиз ва ҳоказо.