Сийрат: Абу Зар разияллоҳу анҳунинг Исломга кириши

0

 

Абу Зар разияллоҳу анҳу Исломга киришидан олдин ҳам бутларга ибодат қилишни, Аллоҳга ширк келтиришни инкор этарди. Исломни қабул қилишидан уч йил бурун қиблани тайин қилмаган ҳолда Аллоҳга ибодат қилиб, намоз ўқир эди. Бундан унинг ҳанифий, яъни Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганлиги тушунилади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги хабарларни эшитиб, Маккага йўл олади. Маккага етиб келгач, у зот ҳақларида одамлардан сўрашни хоҳламайди. Кечқурун бўлгач, Масжиди Ҳаромда ухламоқчи бўлиб ётади. Тасодифан Али разияллоҳу анҳу уни кўриб қолади ва мусофирлигини билиб, уйига олиб кетиб меҳмон қилади. Меҳмон қиларкан, ундан ҳеч нарса сўрамайди. Эртасига эрталаб Абу Зар яна Масжиди Ҳаромга кетади. У ерда кечгача қолади. Али разияллоҳу анҳу яна уни кўриб қолиб, иккинчи кеча ҳам меҳмон қилади. Бу ҳолат учинчи куни ҳам такрорланади. Сўнг Али ундан Маккага нима учун келгани ҳақида сўрайди. Абу Зар ҳеч кимга айтмаслик шарти билан унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришгани келганини айтади. Али: “У зот Аллоҳнинг расули бўладилар. Тонг маҳали ортимдан юргин. Агар бирон кишидан шубҳалансам, кўзачадан сув тўкаётган кишидай бўлиб тураман. Агар йўлимда давом этсам, ортимдан эргаш”, дейди. Шундай қилиб, Абу Зар эртаси куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашади. У зотнинг сўзларини эшитиб, Исломни қабул қилади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қавмингга қайт ва то мендан бирон буйруқ келмагунча уларни даъват қилиш билан машғул бўл”, дедилар. Абу Зар: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, Қурайш ичида овозимни баралла қўйиб шаҳодат калимасини айтаман”, деди. Сўнг Масжиди Ҳаромга келиб, бор овози билан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деди. Қавм уни калтаклай кетдилар. Аббос ибн Абдулмутталиб келиб, қурайшликларга тижорат карвонлари Абу Зарнинг қабиласи бўлмиш Ғифор диёридан ўтишини ва ғифорликлар карвонга ҳужум қилиб, Қурайшдан қасос олиши мумкинлигини эслатди. Шу билан Абу Зарни Қурайш қўлидан қутқариб қолди[1].

Абу Зар Маккага келишидан олдин Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида маълумот олиб келиш учун инисини жўнатган эди. Иниси Маккага келиб Пайғамбар алайҳиссаломни кўрган, у зотдан баъзи гапларни эшитган, сўнг Абу Зарнинг олдига қайтиб келганда унга: “У фақат улуғ ахлоқларга даъват қилаяпти, мен ундан эшитган сўзлар шеърга ўхшамайди”, деган эди. Абу Зар: “Мақсадим ҳосил бўлмади, сўзларингдан қаноатланмадим” деб[2], Маккага ўзи отланади. Иниси унга: “Макка аҳлидан хушёр бўл, чунки улар Муҳаммаддан ғазабдалар”, дейди.

Ушбу ҳодисадан олинадиган ибратли сабоқлар:

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари барча қабилалар ичида кенг тарқалиб кетди. Бунга энг кўп ҳисса қўшган Қурайш мушриклари бўлди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларини хунук кўрсатишга уриниб, одамларни огоҳ этаверганларидан у зот ҳақларида айтилган гап-сўзлар Ғифор қабиласига ҳам етиб борди.

  2. Абу Зар мустақил фикрли инсон бўлиб, унга ҳар хил миш-миш ва ташвиқотлар таъсир қилмаганлиги маълум бўлади. Шунинг учун у даставвал инисини ахборот уруши таъсиридан узоқ бўлган ҳолда Пайғамбар алайҳиссалом тўғриларида аниқ хабар олиб келиши учун Маккага жўнатган эди.

  3. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида қаттиқ қизиқиши бўлганидан Абу Зар иниси Унайс олиб келган умумий маълумотлардан қаноатланмади. Балки ҳақиқатни ўз кўзи билан кўришни истади. Чунки мақсад яхшиликка буюрувчи кишини топишгина эмас, балки пайғамбарлик даъво қилаётган кишининг ҳақиқий пайғамбар эканини билиш эди. Шунинг учун Абу Зар бу ҳақиқатга етиш йўлидаги оғир машаққатларга сабр қилиб, оиласи ва ватанини тарк этиб, йўлга чиқди. Ўзи билан бирга кичик бир халтада егулик олиб, Маккага сафар қилди[3].

Давоми бор.

[1] Бухорий ривояти, “Фатҳул-Борий”, 7/173.
[2] Иброҳим ал-Али, “Саҳиҳ ас-сийра ан-набавия”, 83-бет.
[3] Доктор Яҳё ал-Яҳё, “Ал-ваҳй ва таблиғ ар-рисолат”, 91-93-бетлар.

Изоҳ қолдиринг