Сийрат: Абу Зар разияллоҳу анҳунинг Исломга кириши (2)

0

Ушбу ҳодисадан олинадиган ибратли сабоқлар (давоми):

  1. Маълумот олишда шошилмаслик. Абу Зар Қурайш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сўзлашган кишиларга адоват қилишини билгани учун бу борада эҳтиёткорона иш тутди. Зеро, ўша давр ҳолати эҳтиёткорлик билан иш тутишни тақозо этар эди. Агар Абу Зар Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида бировдан сўраганида эди,  Қурайш бундан хабар топиб, унга азият бермасдан қўймас эди. Натижада Абу Зар мақсадига эриша олмай, ортига қайтиб кетган бўлар эди. Ҳолбуки, Маккага келишда озмунча машаққат ва қийинчиликларга дуч келмади.

  2. Маълумот беришдан олдин эҳтиёткорлик чораларини олиш керак. Али разияллоҳу анҳу Абу Зардан Маккага нима сабабдан келгани ҳақида сўраганда Абу Зар унинг уйида уч кун меҳмон бўлишига қарамай, эҳтиёткорлик чорасини олиб, ҳеч кимга айтмасликни шарт қилди, шундан кейингина Маккага келиши сабабини айтди. Ва шу билан бирга Али разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга йўллаб қўйишини ҳам сўради. Мана шундай қилиб ўз мақсадига эришди.

  3. Ҳаракатни яшириш. Али билан Абу Зар ўртасида баъзи ишораларга ёки муайян ҳаракатга келишув бўлди. Али биров уларни кузатаётганидан шубҳаланса, пойабзалини тузатаётгандай ёки кўзадан сув қуяётгандай бўлиб туришини айтди. Арқамнинг ҳовлисига етиб олгунга қадар мана шундай эҳтиёкорлик билан боришди. Абу Зар ҳам кутилмаганда кўнгилсиз воқеа содир бўлишидан қўрқиб Алидан орқароқда юрар эди.

  4. Маълум ишораларга келишиб олиб иш тутиш саҳобаларнинг эҳтиёткорлик борасида жуда пухта иш тутганликларига ва хавфсизлик қадрини ҳис эта билганликларига далолат қилади. Эҳтиёткорлик барча ишларида одатга айланган эди. Шунинг учун ҳамма ишлари тартибли ва олдиндан келишилган бўлар эди. Саҳобалар омонлик ва хавфсизликни ҳис этганлари ва унинг қадрига етганларидек, биз ҳам уни ҳис эта билишимиз, қадрига етишимиз керак. Айниқса, бизнинг давримизда бунинг аҳамияти каттадир[1]. Хавфсизликнинг ҳозирда ўзига хос ўқув юртлари, замонавий технологияси, ривожланган усуллари ва воситалари, кучли жиҳозлари, молиявий дастаклари мавжуд. Маълумотлар икки хил бўлиб, бири умумий, иккинчиси хос маълумотлардан иборатдир. Иккинчиси бебаҳо бўлиб, унга эришиш йўлида керак бўлса жонни берилади. Модомики шундай экан, мусулмонлар омонлик ва хавфсизлик масаласига аҳамият қаратишлари лозим. Токи муаммолари душманларга етиб бормасин, сирларидан душман хабар топмасин[2].

  5. Абу Зарнинг ҳақни сидқидилдан излагани ҳамда ақлли ва фаҳм-фаросатли экани маълум бўлади. Дарҳақиқат, у Исломни таклиф этилганда уни қабул қилди.

  6. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг хавфсизликларини таъминлашга катта аҳамият қаратдилар. Абу Зарни оиласига қайтариб юборишлари ва Аллоҳ у зотни зоҳир қилмагунича сир сақлашга буюрганликлари шунга далолат қилади.

  7. Абу Зарнинг ҳақ йўлда шижоатли ва довюрак бўлганлиги. Зеро, у қурайшликлар олдида қўрқмасдан, Исломга кирганини баралла эълон қилди. Бу билан уларни руҳий тушкунликка туширди ва ҳақни ошкор қилди[3]. Чунки у Пайғамбар алайҳиссаломнинг сир тутиш ҳақидаги буйруқларини вожиб деб билмаган эди. Балки у зот унга шафқат бобидан айтган бўлсалар керак деб тушуниб, мушрикларга ўзининг довюраклигини кўрсатиб қўйди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам унинг бу ишини инкор этмадилар. Бу ҳодисадан киши азият етиши эҳтимоли бўлса ҳам ҳақни айтиши жоизлиги келиб чиқади. Ваҳоланки, ундай ҳолатда сукут қилиш жоиз, аслида. Бу масала ҳолатга ва мақсадга қараб турлича ҳукмга эгадир. Шунга кўра ажр-савоб турличадир[4].

  8. Абу Зарнинг тутган ўрни даъват иши учун жуда муҳим. Зеро, у Қурайшнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан олиб борган руҳий урушига қарши курашга катта ҳисса қўшди. Унинг бу иши Макка кофирларига катта маънавий зарба бўлган эди. Бунга сабаб эса Абу Зарнинг довюраклиги, мардлиги ва озорни кўтаришга бўлган сабр-тоқати бўлди. Мушриклар томонидан калтакланиб, бадани қонга беланса ҳам шаҳодатни қайта-қайта айтган эди.

  9. Аббос мусулмонларнинг ҳимоясига чиқиб, Абу Зарни Қурайшнинг чангалидан қутқариши унинг мусулмонларга мойил эканидан дарак беради. У Макка кофирларининг табиатларини яхши билганлигидан уларни ўз фикрига қониқтира олди. Қурайшнинг Ғифор қабиласи диёридан ўтадиган тижорат карвонларига бўладиган хатардан уларни огоҳ этди[5].

  10. Абу Зар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада хавфсизлик борасида жорий этган қоидаларга риоя қилди. Лекин у Пайғамбар алайҳиссаломга қанчалар муҳаббат қўймасин, у зот билан бирга бўлишни қанчалар истамасин, у зотнинг буйруқларига бўйсунишга мажбур эди. Шу сабабли Маккани ташлаб, қавми ёнига қайтиб кетди. Оила аъзоларининг ҳидоят топишларига умид қилиб, уларни Исломга даъват этди. Дастлаб укасини, сўнг онасини, кейин бутун қавмини динга чақирди.

  11. Абу Зарнинг қавмига қилган даъвати таъсири бўлди, уларни Исломга киришга қаноатлантира олди. Бироқ у даъват ишида шундай катта малакага эга бўлса-да, амирликка лойиқ эмас эди. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Абу Зар: “Ё Расулуллоҳ, мени амир қилиб қўймайсизми?” деди. Абу Зар айтади: “У зот елкамга бир урдилар, сўнг: “Эй Абу Зар, сен заифсан, амирлик омонатдир, қиёмат куни эса надомат ва зиёндир. Фақат ҳаққини адо эта олган ва зиммасидаги бурчини бажарган киши бундан мустаснодир”, дедилар[6]. Ҳар бир шахсни Аллоҳ унинг қобилиятига қараб ишга солади. Кишининг даъват ишида ютуқларга эришгани бошқа барча ишларнинг уддасидан чиқади, дегани эмас.

  12. Абу Зар Исломга аввалгилардан бўлиб киргани ва мартабасининг улуғлигига қарамай, раҳбарликни Ғифор қабиласининг бошлиғи Аймо ибн Раҳазага топширди. Бу Аймонинг бошқарув ишларида катта маҳоратга эга эканига далолат қилади. Бошқарув дегани барча ишларни ўзи бажаравермаслик ва одамларга қобилиятларига қараб вазифалар топшириш, уларни ўз ўринларига қўйишдан иборатдир[7].

  13. Абу Зарнинг даъват ишида моҳирлиги. Унинг қўлида Ғифор қабиласининг ярми Исломга кирди, қолган ярми ҳам ҳижратдан кейин Исломни қабул қилди[8].

Кофирлар исломий даъватнинг илк даврида унга қарши қўллаган ахборот урушлари, мусулмонларни ёмон отлиққа чиқариш учун қилган барча уринишлари кўзланган натижани бермади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозлари уларнинг овозларидан баланд келди. У зотнинг ҳақни етказишда қўллаган воситалари уларникига қараганда кучлироқ эди. Юксак асослар устида собитқадам туришлари кофирлар ўйлагандан анча юқори эди. Зеро, у зот уйларида ёки Масжиди Ҳаромнинг бир бурчагида ўтириб олиб, даъватларини яшириб, ўзларини душманнинг заҳарли ўқидан асраш пайида бўлмаган эдилар. Балки жонларини хавф остига қўйиб, Масжиди Ҳаромда, кофирларнинг олдида Қуръон тиловат қилар эдилар. Уни эшитган киши қалбига ҳидоят нури кирар эди. Зимод ал-Аздий, Амр ибн Абаса, Абу Зар Ғифорий, Туфайл ибн Амр Давсий ва Имроннинг отаси Ҳусойн каби зотлар Қуръон тиловатини эшитиб ҳидоятга эришган эдилар. Бу эса Қурайш қўллаган ахборот урушининг мағлубиятга учраганига ёрқин далилдир.

 

[1] Иброҳим Алий, “Фис-сийра ан-набавия ли-жавониб ал-ҳазр вал-ҳимая”, 57-58-бетлар.
[2] Маҳмуд Шийт Хаттоб, “Дурусун фил-китман”, 9-бет.
[3] “Ал-ваҳй ва таблиғ ар-рисолат”, 95-бет.
[4] “Фатҳул-Борий”, 7/134-бет.
[5] “Ал-ваҳй ва таблиғ ар-рисолат”, 94-95-бетлар.
[6] Муслим ривояти, “Амирликни суймаслик боби”, 3/1457-1825.
[7] “Ал-ваҳй ва таблиғ ар-рисолат”, 100-бет.
[8] Амрий, “Ас-сийра ан-набавия ас-саҳиҳа”, 1/45-бет.

Изоҳ қолдиринг