Рамазон рўзасининг фарз қилиниш босқичлари

0

Рамазон рўзасининг фарз қилиниш босқичлари:

Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йили Бадр жангидан олдин Шаъбон ойида фарз қилинди. Бироқ рамазон рўзаси то бугунги кунда барчамизга маълум бўлган кўринишга келиб тўхтагунга қадар уч босқични босиб ўтган:

Биринчи босқич: бу босқичда рўза ихтиёрий тарзда фарз қилинди, яъни хоҳлаган тутиб, хоҳламаган гарчи рўза тутишга қодир бўлсада рўза тутмасдан,  ўрнига бир кунига биттадан мискинга таом бериши мумкин эди. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим” ояти нозил бўлгач, рўза тутишни хоҳламаганлар рўза тутмай ўрнига фидя, (яъни ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом) берар эдилар. Бу ҳолат то ундан кейинги оят нозил бўлиб, мазкур оят (ҳукми) мансух, (яъни бекор) қилингунга қадар давом этди”[1].

Иккинчи босқич: бу босқичда барчага рўза тутиш  қатъий фарз қилинди. Бироқ инсон бирон нарса еб-ичишдан олдин ухлаб қолгудек бўлса, энди унга еб-ичиш ҳаром бўлиб, келгуси оқшомга қадар рўзани давом эттириши вожиб эди. Бу ҳукм кейинчалик Аллоҳ таолонинг “То тонг ёруғлиги кеча қоронғулигидан аниқ ажрагунга, (яъни субҳи содиққа) қадар еб-ичаверинглар” [Бақара: 187], деган сўзи билан бекор қилинди.

Учинчи босқич: бу босқичда шариат то қиёматга қадар ўзгармас ҳукмини: субҳи содиқдан бошлаб то қуёш ботгунга қадар рўзани бузадиган амаллардан тийилиш ҳукмини ўрнатди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири рўзадор бўлиб, оғиз очиш вақти келиб, еб-ичишдан олдин ухлаб қолгудек бўлса, энди то келгуси оқшомга қадар еб-ичмас эди. Қайс ибн Сирма Ансорий рўзадор эди. Оғиз очиш вақти бўлгач хотинининг олдига келиб: “Бирон егулигинг борми?” – деди. “Йўқ, бироқ бориб сизга бирон нарса ҳозирлашга ҳаракат қиламан” – деди хотини. Қайс кун бўйи меҳнат қилган, (чарчаганидан) кўзлари юмилиб (ухлаб) қолди. Қайтиб келган хотини уни бу ҳолатда кўргач: “Вой шўринг қурсин!” – дея (унга ичи ачиди). (Эртаси куни) туш пайтида Қайс ҳушдан кетиб йиқилди. Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зикр қилинди ва қуйидаги оят нозил бўлди: “Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди” [Бақара: 187]. Бундан мусулмонлар қаттиқ шодландилар ва қуйидаги оят ҳам нозил бўлди: “То тонг ёруғлиги кеча қоронғулигидан аниқ ажрагунга (яъни субҳи содиққа) қадар еб-ичаверинглар” [Бақара: 187]”[2].

[1] Бухорий (4507), Муслим (1145), Абу Довуд (2315), Термизий (798) ва Насоий (4\ 190) ривоят қилган.

[2] Бухорий (1915), Абу Довуд (2314), Термизий (2968) ва Насоий (4\ 147) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг