Намоз: Нафл намозлар фазилати ва қиёмда узоқ туриш мустаҳаблиги

0

Нафл намозлар

Биринчидан: Нафл намозлар фазилати

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни одамлар амалларидан дастлаб ҳисоб-китоб қилинадигани намоздир. Раббимиз Ўзи билгани ҳолда фаришталарига айтади: «Бандамнинг (фарз) намозларига қарангларчи, уларни тўла-тўкис ўқидимикан ёки чала ўқидимикан? Агар тўла-тўкис бўлса, унга тўлиқ ёзилади. Агар ундан бирон нарсани чала адо қилган бўлса, Аллоҳ: «Қарангларчи, бандамнинг нафл намозлари бормикан?» дейди. Агар унинг нафл намозлари бўлса, Аллоҳ: «Бандамнинг фарз намозларини нафл намозлари билан тўлдиринглар», дейди. Сўнг қолган амаллар ҳам шу йўсинда ҳисоб-китоб қилинади (яъни фарзларидаги чалалар нафллари билан тўлдирилади)»[1].

Рабеа ибн Каъб ибн Молик Асламий разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга (яъни у зотнинг хизматларида шай туриш учун эшикларининг олдида) тунар эдим. (Бир гал одатдагидек) у зотга таҳорат олиш учун сув ва (таҳорат олишда ва бошқа ишларда) керакли нарсаларни олиб келдим. У зот менга: «(Бирон истагинг бўлса), сўра», дедилар. Мен: «Сиздан жаннатда сиз билан бирга бўлишни сўрайман», дедим. У зот: «Бундан бошқа нима истагинг бор?» дедилар. Мен: «Истагим шу!» дедим. У зот: «Ундай бўлса, (бу истагинг рўёбга чиқиши учун) менга кўп намоз ўқиш билан ёрдам бер», дедилар»[2].

Дарҳақиқат, нафл намоз ўқиш фазилати тўғрисида жуда кўп ҳадислар келган. Улардан бир қанчаси келгуси бобларда келтирилади, иншааллоҳ.

Иккинчидан: Кўп нафл намоз ўқиш ва қиёмда узоқ туриш мустаҳаблиги

Маъдон ибн Абу Талҳадан ривоят қилинади: «Савбон разияллоҳу анҳуга йўлиқдим. Унга: «Доимий бажариб юришим учун менга бир амални айтингки, Аллоҳ мени у сабабли жаннатга киритсин» ёки «Аллоҳга энг суюкли амални айтиб беринг», дедим. У индамади. Мен яна сўрадим. У яна индамади. Сўнг учинчи бор сўрадим. Савбон деди: «Мен бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганман. У зот бундай деганлар: «(Намозларда) кўп сажда қил. Зеро, сен Аллоҳ учун бир бор сажда қилсанг, шу билан даражангни бир поғона кўтаради, сендан бир гуноҳни ўчиради»[3].

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намоз амалларининг энг афзали қиёмда узоқ туришдир»[4].

Уламолар намоз амалларидан бўлган сажда билан қиёмдан қай бири афзал экани тўғрисида турлича фикр билдирганлар. Мазкур фикрлардан энг тўғрироғига кўра, намоз амаллари ичида энг афзали қиёмда туришдир. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис бунинг яққол далилидир.

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кундузги намозларда руку ва сажда қилиш афзалроқ бўлса, кечаси ўқиладиган намозларда қиёмда узоқ туриш афзалдир»[5]. Валлоҳу аълам.

Эслатмалар:

  1. Ироқий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғри фикр шуки, намознинг қиёмида узоқ туриш фазилати тўғрисидаги ҳадислардан жамоат билан ўқилмайдиган нафл намозлар, шунингдек, ёлғиз ўқилган намозлар назарда тутилган. Аммо фарз ёки нафл намозларда имомга ўтган киши намозни суннат доирасида енгил ўқишга буюрилган. Аммо имом намозхонларнинг чўзиб ўқишни яхши кўришларини билса ёки ёш боланинг йиғлаши ва ҳоказо намозни енгил ўқишни тақозо қиладиган ҳолатлар рўй бермаса, бу ҳолатда намозни чўзиб ўқишнинг зарари йўқдир[6].

  2. Намоз ва бошқа ибодатларда, модомики малолланишга олиб бормаса, нафсни қийнаш жоиздир. Муғира ибн Шуъба разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда туриб намоз ўқир, ҳатто (қиёмда узоқ турганларидан) оёқлари ёки болдирлари шишиб кетар эди. Шунда у зотга: «(Нега ўзингизни бу қадар қийнайсиз? Ахир Аллоҳ гуноҳларингизни кечирган бўлса?!) дейилар эди. У зот бўлса: «Кўп шукр қилувчи банда бўлмайинми?!» дедилар»[7].

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (864), Термизий (413), Ибн Можа (1425) ривояти.
[2] Муслим (489), Абу Довуд (1320), Насоий (2/227) ривояти.
[3] Муслим (488), Термизий (388), Насоий (1/871), Ибн Можа (1422) ривояти.
[4] Муслим (756), Термизий (387), Ибн Можа (1421) ривояти.
[5] Қаранг: «Сунани Термизий», 2/233.
[6] «Найл ал-автор»дан нақл қилинди, 3/93-бет.
[7] Бухорий (1130, 6471), Муслим (2819), Термизий (412), Насоий (3/219), Ибн Можа (1419) ривояти.

Изоҳ қолдиринг