Оилавий муносабатлар (34): Ҳой хотинлар…

0

Эрингиз уйга кириб келганда табассум ва очиқ чеҳра билан кутиб олсангиз, сизга нима зарар етади?

Эрингиз юзидаги, сочидаги ва кийимидаги чанг-ғуборни қўлингиз билан силаб, тозалаб, қўл ё юзидан ўпиб қўйишнинг сизга нима қийин жойи бор?

Эрингиз уйга кириб юз-қўлини ювганда қўлига сочиқ тутиш, дастурхон атрофига ўтирмагунича ўтириб олмай кутиб туриш сизга шунчалик оғирми?

Эрингиз уйга келганида унга: “Сизни уйга соғ-саломат қайтарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Хуш келибсиз, яхши келдингизми?” дейиш сизга қийин бўлмаса керак деб ўйлайман.

Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда эрингиз келишига ясан-тусан қилинг. Зеро, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради. Яна хушбўйланиб, чиройли кийимларингизни кийиб олинг.

Зинҳор-базинҳор норози бўлиб яшаманг, қош-қовоқ солиб олманг, ғамгин кўринишда юрманг.

Сизга эрингизни ёмон кўрсатиб, орангизни бузувчи кимсаларга қулоқ солманг.

Доим маҳзун, хафа бўлиб юрманг, балки Аллоҳ таолодан ташвишу ғамдан, ожизлик ва дангасаликдан паноҳ беришини сўранг.

Бегона эркаклар билан мулойим овозда сўзлашманг, токи қалбида фисқу фужур ва мараз бўлган кимса сиздан ҳаром ишни тама қилиб қолмасин.

Феълингизни кенг қилинг, хотиржам ва вазмин бўлинг, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳни ёд этиб юринг.

Эрингизга етган қийинчилик, бошига тушган бало-мусибатни қўлингиздан келганича, имконингиз борича енгиллатишга ҳаракат қилинг. Жуда бўлмаганда таскин бўлувчи сўзлар билан кўнглини олинг.

Эрингизни ота-онасига яхшилик қилишга ундаб туринг, ўзингиз ҳам қайнота-қойнонангизга яхшилигингизни аяманг.

Фарзандларингиз тарбиясига жиддий эътибор беринг. Уларга гўзал тарбия беринг. Уйингизни тасбеҳ, таҳлил, такбир ва ҳамду санолар билан тўлдиринг. Кўп Қуръон ўқинг, хусусан “Бақара” сурасини кўп ўқинг, чунки бу сура шайтонни қувади, уйдан ҳайдайди.

Уйингиздан суратлар, мусиқа асбоблари ҳамда бузуқчиликка сабаб бўладиган ҳар қандай нарсаларни чиқариб ташланг.

Эрингизни таҳажжудга уйғотинг, нафл рўза тутишга унданг, садақа қилиш фазилатини эслатинг. Қариндошларини бориб кўриш, силаи раҳм қилишдан эрингизни тўсманг.

Гуноҳларингизни кечиришини сўраб кўп истиғфор айтинг. Нафақат ўзингиз учун, балки эрингиз, ота-онангиз ва барча мусулмонлар ҳаққига кўп-кўп истиғфор айтинг. Солиҳ зурриёт беришини сўраб Аллоҳ таолога дуо-илтижолар қилинг. Нияту амалингизни ислоҳ қилишини ва икки дунё яхшилигини ато этишини тинмай сўранг. Раббингиз дуоларингизни эшитувчи, Ундан ёлвориб сўровчи бандаларини яхши кўришини эсдан чиқарманг. Аллоҳ таоло айтади: “Раббингиз деди: “Эй бандалар, фақат Менга дуо қилинг ва фақат Менга ибодат қилинг, Мен сизларнинг дуою ибодатларингизни қабул қиламан” (Ғофир, 60).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг