4 – мусулмонлардаги тарбиявий назариялар бошқа халқлардаги бундай назариялардан фарқлидир. Шу нарсани хотиржамлик ва аниқ ишонч билан айтишим мумкинки, кўпгина номусулмон халқлардаги тарбиявий назариялар қандайдир “бўғилиш” ҳолатини бошидан кечиради. Негаки, фарзандларни яхши ва фозил инсонлар бўлишга қизиқтириш – модомики улардаги кучли хоҳиш-истаклар ва интилишлар билан уйғунлашмас экан – кутилган самарасини бермайди. Сабаби, фозил инсон бўлиш уни йўлдан оздирадиган талай шаҳватлардан йироқ туриш демакдир.
Бениҳоят қаттиқ чанқаган кишини олдида турган муздек сувни ичмасликка ундаш қанчалар оғир. У бизнинг сўзимизга қулоқ солиши учун унга таклиф қилинган мукофот бениҳоят қийматли бўлиши лозим.
Оврўполик мураббий руҳият олами ҳақида, фозил инсон ичида ҳис қиладиган мўл-кўл мукофотлар тўғрисида сўзлар экан, унга нисбатан қандайдир ачиниш ва хайрихоҳлик тўйғусини ҳис қиламан. Унинг ҳолати, гуёки чиройли қафас ичра қанот силкитиб учишга шайланган серғайрат қуш ҳолатига ўхшайди. Унинг сўзлари чиройли, иборалари ёқимли, бироқ қониқарлилик етишмайди. Негаки, унинг сўзлари мазмун жиҳатдан пуч сўз ва иборалар. Шу боис, Ғарб мамлакатларида оилаларнинг тез бузилиш ҳолатларини кузатиш мумкин. Қолаверса, у ердаги жамиятлар ҳам қарийб тарқоқ ҳолатга келиб бўлган, оила ва жамиятни тузатишга ярайдиган чинакам ислоҳотларга оид фикр ва ғояларни ишлаб чиқилишига бирон бир умид қолмаган.
Буюк даҳо дея тавсиф этилган таниқли файласуф Волтер – у ҳақда кўпчилик билган машҳур мафкурага хилоф ўлароқ – Аллоҳнинг борлиги, Унинг ҳикмати ва инсон ақли Уни тўлиқ идрок этишдан қосир экани тўғрисидаги кучли эътиқодини очиқча баён қилади. Бироқ шунга қарамасдан, одамлар орасида зулм ва ёвузлик тарқагани, Аллоҳ таоло бунга қандай изн берганини изоҳлаб берувчи жавоб топа олмайди. Чунки унинг замонасидаги худосизлар шундай дейишган эди: “Қани бу борлиқдаги адолат ва эзгулик?! Бизнинг олдимизда иккита фараз бор:
Ё Аллоҳ таоло ёвузликка чек қўйишга қурби етсада чек қўйишни истамаган!
Ё бўлмасам, ёвузликка чек қўйишни истагану, бироқ қурби етмаган!!
Биринчи фаразда Аллоҳни адолатли дейиш мумкинми?!
Иккинчи фаразда эса Уни ҳар нарсага қодир зот деб бўладими?!”.
Волтерда худосизларнинг бу саволларига тайинли жавоб йўқ эди. Мусулмонларда эса бу саволларга қуёш сингари порлоқ жавоблар бор. Бу жавоб хулосаси шундан иборатки, бу дунё имтиҳон ва синов дунёсидир. Дунё гуёки икки бўлимдан иборат ҳикоянинг биринчи бўлими. Охират эса жазо ва мукофот, мазлумлар учун золимлардан ҳақ-ҳуқуқлари ундириб бериладиган диёр – гуё ҳикоянинг иккинчи бўлимидир. Шу боис, дунёда ёвуз кимсаларнинг бўлиши ҳам, уларнинг дунёда жазоланмай қолаётгани ҳам табиий ҳолат. Бу маъно қуйидаги ва бошқа талай оятларда очиқ-ойдин баён қилинган: “Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар” [Анбиё:35]. “Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур” [Залзала:7-8].
Ваҳий ҳидоятидан маҳрум, моддий мафкурага бурканган Ғарб тадқиқотчилари бутун диққат-эътиборларини тарбиянинг ақлий ва жисмоний томонига қаратиб, масаланинг иймоний ва руҳий томонини эътибордан четда қолдирадилар. Шунингдек, улар бу борадаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини ҳам фақат моддий андаза асосидаги дунёвий муваффақият ва ютуқларни қўлга киритишга қаратиб, охират саодатига элтадиган тақводорлик ва диёнатлилик тушунчалари мутлақо уларни қизиқтирмайди. Биз мусулмонлардаги тарбиявий назарияларнинг бошқаларникидан кескин фарқ қилиши ҳам шундадир.
Мусулмон мураббий тарбиядаги ўрнак тўғрисида сўз юритар экан, юксак эътиборли шариат назарида фозил саналган инсон ҳақида сўз юритади. Шунингдек, тарбия дастури, унинг мақсад ва ғоялари тўғрисида сўз юритар экан, исломий андазаларга мос ва исломий ахлоқ-одоблар доирасидаги солиҳ фарзандлар етиштиришга ёрдам берадиган нарсалар ҳақида сўз юритадилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг тарбиявий ўзига хослигимиз умумий тарзда мақсад ва ғоялар, асослар, қадриятлар ва одоб-ахлоқларда ҳамда уларнинг қадриятлар пиллапоясидаги тартибида ўз аксини топади.
Биз мусулмонлар билан бошқа халқлар ўртасидаги тарбиявий муштараклик кўпроқ услуб, восита ва ташкилий чора-тадбирларда кўринади. Демак, биз мураббийлар ўзимизга хос хусусиятлар ҳамда биз билан бошқа халқлар ўртасидаги ҳар икки томонга тегишли муштарак ишлар хусусида онг ва тушунчаларни ёйишимиз зарур экан.