Суннат ва нафл намозларни уйда ўқиш мустаҳабдир. Бу намозларни уйда ўқиш уларни масжидда ўқишдан афзал саналади. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган. Жумладан:
Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарз намозлардан ташқари кишининг энг яхши намози уйида ўқиганидир»[1].
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар биронтангиз масжидда фарз намозни адо қилса, уйи учун ҳам намоздан насиба ажратсин. Зеро, Аллоҳ унинг (суннат ва нафл) намозлари сабабли уйида хайр-барака қилади»[2].
Ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уйларингизда (суннат ва нафл) намоз ўқинглар, уйларингизни (намоз ўқилмайдиган ёхуд ўликлар маскан тутган) қабристон қилиб олманглар»[3].
Мазкур ҳадислардан нафл намозларни уйда ўқиш мустаҳаблиги, уларни уйда ўқиш масжидда ўқишдан афзаллиги маълум бўлади.
Эслатмалар:
Суннат ва нафл намозларни уйда ўқиш фазилати ҳар қандай масжидларга тегишлидир. Ҳатто бу намозларни Масжиди Ҳаром, Масжиди Набавий ва Масжиди Ақсо каби фазилатли масжидлардан бирида ўқигандан кўра уйда ўқиган афзалроқдир. Зеро, Абу Довуд Зайд ибн Собитдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Кишининг фарз намозлардан ташқари уйида ўқиган (суннат ва нафл) намозлари мана бу масжидимда (яъни Масжиди Набавийда) ўқиган (суннат ва нафл) намозидан афзалдир»[4].
Юқоридаги ҳадислардан айрим суннат ва нафл намозлар мустасно бўлиб, уларни уйдан бошқа жойда ўқиш афзалдир. Бундай намозларга рамазон ойида жамоат билан ўқиладиган таровиҳ намозини[5] ёки таҳийятул масжид ва тавофдан кейин ўқиладиган икки ракаат нафл намози каби масжидга алоқадор намозларни мисол қилиш мумкин.
Ҳадислардаги «фарз намозлардан ташқари» деган ибора шарҳида Ироқий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Албатта, бу аёлларга эмас, эркакларга тааллуқли гап. Зеро, аёлларнинг уйда намоз ўқишлари афзалдир, гарчи жамоат намозларига чиқишларига рухсат берилган бўлса ҳам. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда бундай деганлар: «Агар аёлларингиз кечаси масжидга чиқиш учун рухсат сўрасалар, рухсат беринглар»[6]. Бухорий ва Муслим ривоятидан бошқа бир ривоятда: «Уйлари улар учун (масжиддан) яхшироқдир»[7], дейилади.
Суннат ва нафл намозларни уйда ўқиш ҳикмати
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Суннат ва нафл намозларни уйда ўқиш) риёдан узоқроқ, амалларни бекор қилувчи офатлардан сақловчироқдир. Ундан ташқари, уйда хайр-барака кўпаяди, уйга раҳмат тушади ва ҳадисда келганидек, уйдан шайтон қочади».
[1] Бухорий (731, 7290), Муслим (781), Абу Довуд (1447), Термизий (450), Насоий (3/198) ривояти. [2] Муслим (778), Ибн Можа (1377) ривояти. [3] Бухорий (432), Муслим (777), Термизий (451), Абу Довуд (1448), Ибн Можа (1377) ривояти. [4] Саҳиҳ. Абу Довуд (1044), Табароний («Ал-кабир», 5/144) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (3814) саҳиҳ деган. [5] Таровиҳ намозига оид ҳадислар «Рўза китоби»да келтирилади. [6] Бухорий (865), Муслим (442) ривояти. [7] Саҳиҳ. Ибн Хузайма ривояти ва матни, 1684. Ҳадис мазмунини қувватлайдиган бошқа ҳадислар ҳам бор. Шунингдек, ҳадисни Абу Довуд (567) ривоят қилган ва уни Шайх Албоний саҳиҳ деган.