Итбон ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Дедим: «Ё Расулуллоҳ, кўзим хиралашиб (ёки ожиз бўлиб) қолган. Мен қавмимга (имом бўлиб) намоз ўқиб бераман. Агар ёмғир ёғса, мен билан уларнинг ўртасидаги сойдан сел оқади. Шунинг учун уларнинг масжидига бориб, намоз ўқиб беролмай қоламан. Ё Расулуллоҳ, бизникига келиб, уйимда намоз ўқиб беришингизни ва мен сиз намоз ўқиган жойни ўзимга намозгоҳ қилиб олишни жуда хоҳлар эдим». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хўп, шундай қиламан, иншааллоҳ», дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу қуёш кўтарилган пайтда келишди. У зот уйга киришга изн сўрадилар ва мен изн бердим. У зот (ҳовлида) ўтирмасдан бирдан уйга кирдилар ва: «Уйингнинг қаерида намоз ўқишимни хоҳлайсан?» дедилар. Мен уйнинг бир томонига ишора қилдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатилган жойда туриб, такбири таҳримани айтиб намозни бошладилар. Бизлар ҳам орқаларида туриб саф тортдик. У зот икки ракаат ўқиб, салом бердилар»[1].
Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг кечаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида намоз ўқигани саҳиҳ ҳадисда келган[2].
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уйимизда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида намоз ўқидик. Мен ва бир етим бола у зотнинг ортларида турдик, онам Умму Сулайм эса бизнинг ортимизда турди»[3].
Юқоридаги ҳадисларда нафл намозларни жамоат бўлиб ўқиш жоизлигига далил бор. Бироқ бу воқеалар фарз намозлардан олдин ёки кейин ўқиладиган равотиб суннатларда бўлмаган. Нафл намозларни гоҳида жамоат бўлиб ўқиш жоиз бўлса-да, бироқ буни одатга айлантириб олиш ва шу тариқа уларни фарз намозларга ўхшатиб қўйиш дуруст эмас. Зеро, нафл намозларни доимий тарзда жамоат билан ўқиш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, саҳобаларнинг ҳам одатидан бўлмаган.
[1] Бухорий (425), Муслим (33), Насоий (2/80) ривояти. [2] Ушбу ҳадис «Таҳажжуд намозига оид айрим одоблар» мавзусида тўлиқ келтирилади, иншааллоҳ. [3] Бухорий (727), Муслим (658), Абу Довуд (612), Термизий (234), Насоий (2/85) ривояти.