Оилавий муносабатлар (35): Эр-хотинга бирдек тегишли гаплар

0

Маҳрум ким? Савобдан қуруқ қолган киши маҳрумдир.

Эр-хотин иккингиз Аллоҳга яқинлаштирадиган ишларда бирга ҳаракат қилиб, мўл-кўл савобга эришиб, юксалиб боришингиз қандай ҳам яхши!

Эр-хотин бирга ўтириб Аллоҳнинг китобини ўқиб-ўрганишингиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини дарс қилишингиз қандаям яхши!

Эр-хотин Аллоҳнинг динини ўрганиб, динда билимдон бўлсангиз нақадар гўзал иш бўларди!

Эр-хотин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўлласангиз, сизга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлади.

Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркагу аёллар қаторида бўлсангиз, сизга Аллоҳнинг мағфирати ва улуғ ажр-мукофотлар бўлишидан севининг.

Эр-хотин иккингиз ибодат қилишда, гуноҳлардан тийилишда ва бошингизга келадиган мусибатларга сабрли, тўғрисўз, тоат-ибодатли тақводор, махфию ошкор садақалар қилувчи ва саҳар пайтларида истиғфор айтувчи бўлсангиз, қандай ҳам яхши оила бўласиз. Тасанно!

Ҳар иккингиз ота-онангизга совғалар бериб туринг, уларга тинмай яхшилик қилинг. Шунингдек, қариндошларга ва дўстларингизга ҳам ҳадялар бериб, кўнгилларини олишга интилинг.

Меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиб иззат-икром қилсангиз, қўшниларга таомлар улашиб турсангиз, қандай ҳам яхши иш қилган бўласиз!

Ғазабни ютиш ва одамларнинг хато ва камчиликларидан ўтиб юборишда салафи солиҳлардан ибрат олиб, уларнинг йўлини тутинг.

Эр-хотин бир-бирингизга тақво ва эзгуликларда ёрдам берсангиз ва аксинча, гуноҳ ва адоватда ёрдам бермасангиз, балки бундан бир-бирингизни қайтариб турсангиз, нақадар буюк савобга эга бўласиз.

Эр-хотин бир-бирингизни ҳақни маҳкам ушлашга чорласангиз ва бу йўлда сабрли бўлишга ундасангиз, Аллоҳ таоло сизни зиён-заҳматга тушиб қолишдан сақлайди.

Исломнинг беш устуни бўлган ибодатларни вақтида адо этсангиз ва Аллоҳ таоло сизни қачон ва қаерда бўлманг кўриб-кузатиб турганини ҳис қилиб ҳаёт кечирсангиз, мукофотига Аллоҳ сизни жаннатига мушарраф қилади.

Аллоҳ таоло мақтаган кишилардан ибрат олинг: “Гарчи ўзларида эҳтиёжлик ва камбағаллик бўлса-да ўзларини қўйиб, муҳожирларни ва эҳтиёжманд кишиларни муқаддам қўядилар” (Ҳашр, 9).

Тавба-тазарру ва ибодат билан Аллоҳга юзланган ҳамда Аллоҳ кўрсатган йўлда юрган зотлар йўлидан қадамма-қадам юринг.

Пайғамбарлар олиб келган Аллоҳнинг тўғри йўлига эргашинг.

Буларнинг барига қўшимча тарзда эй азиз эр-хотинлар, Аллоҳга дуо қилинг. Исломга ва мусулмонларга нусрат беришини сўранг. Ўзингизни, фарзанду зурриётингизни, қолаверса барча муслим ва муслималарни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлашини Аллоҳдан сўраб, дуо қилинг. Фирдавс жаннатига киритишини ва у ерда Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган пайғамбарлар, сиддиқлар, Аллоҳ йўлидаги шаҳидлар ва солиҳ мўминлар билан бирга қилишини сўранг. Зеро, улар жаннатдаги энг яхши ҳамроҳлардир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг