Чақалоққа оид ҳукмлар (14): Ақиқа вожибми ёки мустаҳаб? (1)

0

Еттинчи бўлим

Ақиқанинг вожиб ёки мустаҳаб экани борасидаги ихтилоф ва иккала тоифанинг далиллари зикри

Ибн Мунзир айтади[1]: «Уламолар ақиқанинг вожиблиги борасида ихтилоф қилдилар. Бир тоифа: “Ақиқа вожибдир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга буюрганлар. У кишининг буйруқлари буюрилган амалнинг фарзлигини билдиради”[2], деди».

Ақиқа қилинмаган киши борасида Ҳасан Басрийнинг: «Ўзи номидан ақиқа қилсин», дегани ривоят қилинган. У киши қиз бола учун ақиқа шарт эмас деб билар эди[3].

Яна айтади: Бурайдадан ривоят қилинади: «Қиёмат кунида одамлар беш вақт намоздан сўралгани каби ақиқадан ҳам сўралади».

Исҳоқ ибн Роҳуя деди: «Бизга Яъло ибн Убайд Солиҳ ибн Ҳайёндан, у Ибн Бурайдадан, у эса отасидан сўзлаб беришича, у: “Қиёмат кунида одамлар беш вақт намоздан сўралгани каби ақиқадан ҳам сўралади”, деган».

Ибн Бурайдадан «Ақиқа нима?» деб сўраганимда, у: «Исломда туғилган ҳар бир чақалоқ номидан (қўй) сўйиш керак бўлади», деди[4].

Абу Зинод айтади: «Ақиқа мусулмонларга хос ишлардан бўлиб, улар уни тарк қилишни ёмон кўришади».

Яна айтади: «Ҳасан Басрийнинг: “Ўғил бола номидан еттинчи куни ақиқа қилиш вожибдир”, дегани бизга ривоят қилинди».

Абу Умар деди: «Уламоларнинг ақиқа вожиб ёки вожиб эмаслигига оид ихтилофларига келсак, зоҳирийлар ақиқа фарз маъносида вожиб эканини айтганлар. Жумладан, Довуд ва бошқалар бундай деган: “Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ақиқага буюрдилар ва ўзлари ҳам ақиқа қилдилар. У зот: «Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади»; «Болага ақиқа қилинади»; «Қиз бола учун бир қўй, ўғил бола учун икки қўй сўйилади», деганлар”[5], яна бошқа ҳадислар ҳам келган. Бурайда Асламий ақиқани вожиб деб билар ва уни намозга қиёслар эди. Ҳасан Басрий бола учун еттинчи куни ақиқа қилишни вожиб санар, агар ақиқа қилинмаса катта бўлгач ўзига ўзи ақиқа қилади, дер эди[6].

Лайс ибн Саъд айтади: “Бола учун етти кун ичида ақиқа қилинади, қайси куни бўлиши аҳамиятсиз. Агар аввалги етти кун ичида ақиқа қилишга имкон топа олмасалар, кейинроқ ақиқа қилса ҳам бўлаверади. Етти кундан сўнг ақиқа қилиш вожиб эмас”. Демак, Лайс ибн Саъд аввалги етти кунда ақиқа қилишни вожиб деб билар эди.

Молик: “Ақиқа қилиш вожиб суннатлардан бўлиб, унга амал қилиш вожибдир”, дер эди. Шофеий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ, Абу Савр ва Табарий айтган гап ҳам шудир»[7]. Абу Умарнинг гапи тугади.

Имом Молик асҳоблари наздида «вожиб суннат» деб мустаҳаб экани таъкидланган ва уни тарк қилиш макруҳ кўрилган ишларга айтилади. Улар шундай ишларни «вожиб суннатлар» деб атайдилар. Шундан келиб чиқиб, «жума намози учун ғусл қилиш вожиб суннат, қурбонлик қилиш вожиб суннат, ақиқа вожиб суннат», деб айтганлар.

Ақиқа вожиблиги борасида Имом Аҳмаднинг издошлари у кишидан икки ривоят нақл этишган, бироқ у вожиб экани тўғрисида очиқ гап айтилмаган[8]. Биз қуйида ўша матнларни келтирамиз:

Халлол «Ал-жомеъ»да айтади: «Ақиқа мустаҳаб экани ва у вожиб эмаслиги ҳақида».

Бизга Сулаймон ибн Ашъас хабар берди: «Абу Абдуллоҳдан “ақиқа нима?” деб сўралганини эшитдим. У: “Жонлиқ сўйиш”, деб жавоб берди ва “ақиқа сочни қиришдир” деганларнинг гапини рад этди»[9].

Менга Муҳаммад ибн Ҳусайн хабар берди, Фазл уларга айтган экан: «Абу Абдуллоҳдан ақиқа вожибми, деб сўрадим. У айтди: “Йўқ, бироқ ким жонлиқ сўйишни хоҳласа, сўйсин”».

Яна айтади: «Абу Абдуллоҳдан “Ақиқани вожиб дейсизми?” деб сўрадим. У: “Йўқ”, деди».

Кейин Аҳмад ибн Қосимдан келтиришича, Абу Абдуллоҳдан ақиқа тўғрисида: «У вожибми?» деб сўралди. Имом Аҳмад: «Вожиблигига келсак, билмайман, вожиб демайман», деди. Кейин айтди: «Ақиқа борасида айтилган энг қаттиқ гап киши ақиқаси эвазига гаровда тутилишидир».

Асрам деди: «Абу Абдуллоҳдан: “Ақиқа вожибми?” деб сўрадим. У айтди: “Йўқ. Бу тўғрида ривоят қилинган энг кучли ҳадис «Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади» ҳадисидир. У ҳадислар орасида энг кучлисидир”».

Ҳанбал айтади: «Абу Абдуллоҳ деди: “Жонлиқ сўйишга имконияти ва қудрати бўлатуриб боласи учун ақиқа қилмаган одамни хушламайман. Ақиқани тарк этмасин. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади», деганлар. У ақиқа борасидаги ҳадислар орасида энг кучлисидир”».

[1] «Ал-ишроф ала мазоҳиб ал-уламо», 3/416-417.
[2] Бу қавл Лайс ибн Саъд, Ҳасан Басрий, Ибн Ҳазм ва асҳобларининг қавлидир. Қаранг: «Ал-муҳалло», 7/523 ва 526; «Зод ал-маод», 4/332. Ибн Рушд ал-Ҳафид ихтилофлар сабабини бундай баён қилди: «Бу бобда келган асарларни англашда зиддият юзага келди. Сабаби, Самура ҳадисининг зоҳирига қаралса, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади. Еттинчи куни унинг номидан қурбонлик қилинади ва азияти кетказилади» деганлари вожибликни тақозо қилди. У зот ақиқа ҳақида сўралганларида: «Ақиқани ёқтирмайман. Кимнинг фарзанди туғилиб, унинг номидан қурбонлик қилишни хоҳласа, қилсин», деган сўзларининг зоҳири эса унинг мустаҳаб ёки мубоҳ эканини билдиради. Ҳадисдан мустаҳаблик маъносини тушунганлар «Ақиқа – суннатдир», деди. Мубоҳ деб тушунганлар эса «Суннат ҳам, фарз ҳам эмас», дейишди. Самуранинг ҳадисини ушлаганлар вожиб деб билди». Қаранг: Ибн Рушд. «Бидоят ал-мужтаҳид ва ниҳоят ал-муқтасид», 1/465-466.
[3] Қаранг: Абдураззоқ. «Мусаннаф», 4/332; Ибн Абу Шайба, 8/245, «Дор ал-қибла» нашрида эса: 12/330.
[4] Қаранг: «Ат-тамҳид», 4/311; «Ал-истизкор», 5/550-551.
[5] Ҳадислар тахрижи аввалроқ ўтди.
[6] Қаранг: Ибн Ҳазм. «Ал-муҳалло», 7/524-527; Абу Яъло. «Ат-тамом лима саҳҳа фир-ривоятайни вас-салоси вал-арбаи ан ал-имом», 2/235.
[7] «Ат-тамҳид», 4/311.
[8] «Масоил ал-Имом Аҳмад ва Исҳоқ», 8/3943-3944; Абу Довуд ривояти, 526-бет; Абу Яъло. «Ат-тамом», 2/235; Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/394; Ибн Муфлиҳ. «Ал-мубдиъ», 3/300-301; Мардовий. «Ал-инсоф», 4/110.
[9] «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Абу Довуд ривояти), 256-бет. Шунингдек, Ибн Ҳоний ривоятига (2/130) қаранг.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг