Оилавий муносабатлар (36): Фарзандлар масаласи

0

Ҳурматли ота-оналар, фарзандлар масаласига келсак, уларга гўзал тарбия беришингиз, одоб-ахлоқ билан бирга тавҳид, яъни Аллоҳнинг борлиги ва бирлигини, диннинг асослари ва устунларини, иймон ва эҳсон нима эканини таълим беришингиз зиммангиздаги вожибингиздир.

Яна болаларингизни олдингизга ўтқизиб, уларга жаннат ва унинг васфи ҳақида сўзлаб беринг. Жаннатга рағбатларини оширинг, жаннатга яқинлаштирадиган, унга киришга сабаб бўладиган амаллар ҳақида айтиб беринг.

Охират ҳовлисида фақат жаннатгина бўлмай, дўзах деб аталмиш, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган азобхона борлигини ҳам билдиринг. Уларни дўзахдан огоҳ этинг, дўзахга олиб борадиган ишларни танитиб, улардан ҳазар қилишга унданг.

Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган қисқа ва пурмаъно насиҳатини фарзандларингизга эслатинг. Унинг бу насиҳатини Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган: “Луқмон ўғлига насиҳат қилиб деди: “Эй ўғлим, Аллоҳга ширк келтириб, ўз жонингга зулм қилма. Зеро, ширк энг катта ва энг оғир гуноҳдир” (Луқмон, 13).

Демак, фарзандларингизни ширкдан огоҳ этинг, ширк нима дегани, унинг қандай турлари бор, шуларни ўргатинг. Ширк турларидан бири Аллоҳдан бошқага дуо-илтижо қилишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳни қўйиб, унинг қилаётган дуоларига ижобат қилолмайдиган бут-санамларга сиғинаётган кимсалардан кўра адашганроқ ва жоҳилроқ кимса борми?! Бу бут-санамлар ўзига сиғинаётган кишиларнинг дуоларидан бехабар, уларга фойда ёки зарар етказишдан ожиздир. Одамлар қиёмат куни йиғилган пайтда улар сиғинган олиҳалар уларга душман бўлади, уларнинг ўзларига сиғинишганини билмаганликларини айтади” (Аҳқоф, 5-6).

Қабрда ётган ўликлардан ҳожатини раво қилишини сўраб дуо-илтижо қилган ва шу қабрдаги кишидан мақсадининг ҳосил бўлишини умид қилган кимса Аллоҳга ширк келтирган бўлади. Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Дуо айни ибодатдир[1].

Фарзандларингизга таъкидлаб тушунтирингки, мадад ва ёрдам ҳеч бир ҳолатда ва ҳеч қачон ўликлардан эмас, балки фақат Аллоҳ таолодан сўралади.

Бут-санамлар, тоғу тошлар, дарахтлар фойда ёки зарар етказа олмайди. Ўликлар эса бошқаларга у ёқда турсин, ўзларига ҳам фойда етказишдан ожиздирлар.

Яна фарзандларингизга шуни билдирингки, назр фақат ва фақат Аллоҳга аталади. Қурбонлик ҳам Аллоҳ учун сўйилади. Байтуллоҳдан, яъни Каъбадан бошқа бирон ер тавоф қилинмайди. Руку ва сажда Аллоҳ учун қилинади. Қасам ичилса фақат Аллоҳнинг номи билан қасам ичилади. Амалларни Аллоҳнинг розилигини истаб бажарилади. Манфаат ҳосил қилиш ва зарарни даф қилиш Аллоҳдан бўлади.

Фарзандларга ўргатиш муҳим бўлган яна бир ҳақиқат – ҳақиқий ҳукм фақат шериксиз, ягона Аллоҳнинг ўзига хос эканидир. Мутлақ буйруқ Аллоҳнинг буйруғи, барча мулклар Аллоҳнинг мулки, эргашиш вожиб бўлган шариат Аллоҳ таоло жорий қилган шариатдир. Ер юзидаги барча махлуқотлар ҳалок бўлади ва буюклик, улуғлик, фазлу марҳамат ва саховат эгаси бўлган Раббингизнинг юзигина қолади.

Фарзандларга риё нима эканини ўргатинг, токи улар риё махфий ширк эканини билсинлар ва ундан ҳазир бўлсинлар. Нимаики амал қилсалар хўжакўрсинга эмас, балки холис қилсинлар.

Аллоҳ таоло деди: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни буюрдик. Онаси унга заифлик устига заифлик билан ҳомиладор бўлди. Унинг сутдан ажралиши икки йил муддат ичида бўлади. Биз унга дедик: “Аллоҳга шукр қил, сўнгра ота-онангга шукр қил. Албатта Менинг ҳузуримга қайтилади ва Мен ҳар кимга ўзига муносиб жазо ё мукофот бераман” (Луқмон, 14).

Ҳар бир инсон шуни яхши билсинки, Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Хоссатан, заифлик устига заифлик билан ҳомилани кўтариб юрган, туққан ва эмизган онани алоҳида зикр қилган. Шундай экан, ота-онангизга бор яхшилигингизни сарфланг. Аллоҳга шукр қилинг, сўнгра ота-онангизга шукр қилинг. Уларга бирор ножўя сўз айтманг, ҳатто “уф” деманг. Улардан аччиқланманг ва оғринманг. Аксинча, уларга доим мулойим ва яхши сўзларни сўзланг. Ота-онангизга меҳр кўрсатиб, хокисор ва тавозели бўлинг. Уларнинг ҳақларига: “Парвардигоро, ота-онам гўдаклик чоғимда, куч-қувватим йўқ пайтида мени тарбия қилишда сабр қилганлари каби, Сен ҳам уларни кенг-мўл раҳматинг билан раҳм қил”, деб дуо қилинг.

Фарзандлар ота-оналарига, хусусан, улар кексайган пайтларида янада кўпроқ яхшилик қилсинлар. Чунки гоҳида улардан бири ё икковлари кексайиб, сийдик тута олмайдиган бўлиб қолади. Ўтирган ёки ётган жойларида булғаниб қолган бўлсалар, фарзандлар жирканмай, оғринмай хизматларига киришсинлар. Мабодо инсончилик туфайли ирганиш қалбларига келиб қолгудек бўлса, дарҳол ўзларини ўнглаб олишга, бундай ёмон ўй ва хатодан узоқ бўлишга ҳаракат қилсинлар. Аллоҳ таоло айтади: “Эй одамлар, Раббингиз дилингиздаги барча яхшилигу ёмонликни билади. Агар ният ва мақсадингиз Аллоҳнинг розилиги ва Унга яқинлашиш бўлса, албатта Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳамма вақт ўзига қайтувчи кишиларни мағфират қилувчи зотдир. Аллоҳ таоло кимнинг қалбида фақат Унга қайтиш ва Унинг муҳаббати борлигини билса, албатта ўша бандасини афв қилади ва ундан инсоний табиат тақозоси билан содир бўлаётган кичик гуноҳларни мағфират қилади” (Исро, 25). Яъни гуноҳларидан қайтган, хатолардан узоқлашган кишиларни кечиради.

Ота-онага яхшилик қилиш дегани улар ширкка буюрсалар ҳам итоат қилиш керак дегани эмас. Балки бундай ишларда уларга қарши чиқиш, итоат этмаслик лозим. Итоат яхши ишларда бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Биз қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйган ва хоҳиш-ҳавосини хожасининг тоатидан афзал билган, қилган барча ишлари зое ва бекор кетган кимсаларга итоат қилманг” (Каҳф, 28).

Гуноҳидан тавба қилиб, Аллоҳга қайтган ва Унинг йўлини тутган кишиларга итоат қилинади, эргашилади. Барчанинг борар ери, қайтар жойи ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуригадир.

Ота-она мушрик бўлса ҳам дунёда уларга яхшилик қилиш фарзандлик бурчидир. Аллоҳ таоло айтади: “Сен дунёда гуноҳ бўлмаган ишларда ота-онангга яхши муносабатда бўл” (Луқмон, 15).

Дунёда тавҳидда яшаб, тавҳидда вафот этишга эр ҳам, хотини ва фарзандлари ҳам, ота-онаси ҳам интилишлари шарт, лозим ва лобиддир.

Яъқуб пайғамбарни эсланг, у зот вафотлари яқинлашганида фазандларини йиғиб, нима дедилар? Аллоҳ таоло айтади: “Эй яҳудийлар, Яъқубга ўлим соати келганида ҳозир бўлганмисиз, ўшанда у болаларини йиғиб: “Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?” деб сўраганида улар: “Сенинг илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи бўлмиш ягона илоҳга ибодат қиламиз ва Унга ихлос билан бўйсунамиз”, деб жавоб беришди” (Бақара, 133).

Яъқуб алайҳиссаломдан олдин бобоси Иброҳим алайҳиссалом ботил қонун-қоидалардан четланган, ўта ҳалим, Аллоҳга кўп тазарру қиладиган, барча ишларида Аллоҳга қайтадиган сертавба киши эди. Аллоҳ таоло у зотни дунёда пайғамбар этиб танлади, охиратда эса у солиҳлар сафида бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Парвардигори унга: “Аллоҳга бўйсуниб, ихлос билан ўзингни Унга топшир”, деб буюрганида ҳеч иккиланмай бўйсунишга шошилди ва: “Ихлос ва тавҳид, муҳаббат ва инобат ила оламлар Раббига бўйсундим”, деди. Иброҳим ва Яъқуб ўз фарзандларини Исломда собитқадам бўлишга чорлаб: “Болаларим, Аллоҳ сизларга шу динни – Исломни танлади. Энди сизлар умрбод ундан ажралманг ва фақат мусулмон бўлган ҳолда дунёдан ўтинг”, дедилар” (Бақара, 131-132).

Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилар экан, унга Раббини танитишда давом этди. Аллоҳга ҳеч нарса махфий қолмаслигини, Унинг ҳузурида бирон бир амал зое бўлмаслигини баён қилиб деди: “Эй ўғлим, билгинки, ёмонлик ёки яхшилик гарчи хантал уруғича ўта кичик бўлиб, харсангтош ичида бўлса ҳам ёки еру осмонлардаги қай ўринда бўлса ҳам, албатта Аллоҳ қиёмат куни уни келтиради ва у ҳақда сўроқ-савол қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларининг энг майда ишларини ҳам билувчи, уларнинг барча амалларидан хабардор зотдир” (Луқмон, 16).

Сўнг ўғлини намоз ўқишга, амри маъруф ва наҳий мункар қилишга ундади: “Эй ўғлим, намозни тўкис адо эт. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етадиган азиятларга сабр қил. Билгинки, бу насиҳатлар Аллоҳ буюрган ва қаттиқ аҳамият берилиши керак бўлган ишлардандир” (Луқмон, 17).

[1] Термизий, (5/374).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг