Чақалоққа оид ҳукмлар (15): Ақиқа вожибми ёки мустаҳаб? (2)

0

Ҳанбал айтади: «Абу Абдуллоҳ деди: “Жонлиқ сўйишга имконияти ва қудрати бўлатуриб боласи учун ақиқа қилмаган одамни хушламайман. Ақиқани тарк этмасин. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади», деганлар. У ақиқа борасидаги ҳадислар орасида энг кучлисидир”».

Абул Ҳорис айтади: «Абу Абдуллоҳдан ақиқа ҳақида сўрадим: у бой ва камбағал учун бирдек вожибми, улар болалари учун ақиқа қилишлари керакми? Абу Абдуллоҳ деди: “Ҳасан Самурадан, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Ҳар бир бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади. Еттинчи куни келганида унинг номидан жонлиқ сўйилади ва сочи олинади». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари шудир. Албатта мен бу суннатга риоя қилинишини яхши кўраман ва Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиришини умид қиламан”».

Исҳоқ ибн Иброҳим айтади: «Абу Абдуллоҳдан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади” деган ҳадисларининг маъноси ҳақида сўрадим. У деди: “Ҳа, ўғил бола учун икки қўй, қиз бола учун бир қўй сўйиш Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидир. Агар бола номидан ақиқа қилинмаса, то унга ақиқа қилинмагунча ақиқаси сабабли ушлаб турилади”»[1].

Жаъфар ибн Муҳаммад деди: «Абу Абдуллоҳдан ақиқа тўғрисида: “Агар ақиқа қилиш учун имконияти бўлмасачи?” деб сўралди. Имом: “Унга ҳеч нарса вожиб эмас”, деди».

Абул Ҳорис айтади: «Абу Абдуллоҳдан: “Ақиқа қилишга қодир бўлмаган киши нима қилади?” деб сўралди. У: “Агар қарз олса, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради, деб умид қиламан. Бу билан суннатни тирилтиради”, деб жавоб берди»[2].

Солиҳ айтади: «Отамдан сўрадим: “Бир одам фарзандли бўлади, аммо ақиқа қилишга имконияти бўлмайди. Сизнингча, у қарз олиб боласи учун ақиқа қилгани яхшими ёки имкон топгунича ақиқани кечиктирганими?”

У деди: “Ақиқа тўғрисида мен эшитган энг қаттиқ гап Ҳасан Самурадан, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: «Ҳар бир бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади» ҳадисидир. Агар ақиқа учун қарз олса, Аллоҳ тезда унинг ўрнини тўлдиришига умид қиламан. Чунки бу одам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бирини тирилтирди ва у зот олиб келган шариатга эргашди”»[3].

Кўриб турганингиздек, Имом Аҳмаднинг сўзлари шулардан иборат. Бироқ Имом Аҳмаднинг издошлари ақиқа вожиб деган ҳукмдан учта масалани чиқарганлар:

Биринчиси: Ақиқа қилиш боланинг мол-мулкидан вожибми ёки отанинг?

Иккинчиси: Ўғил бола учун битта қўй сўйиш вожибми ёки иккитами?

Учинчиси: Агар ота фарзанди учун ақиқа қилмаган бўлса, фарзанднинг зиммасидан соқит бўладими ёки вояга етганидан сўнг ўзи учун ақиқа қилиши вожибми?

Биринчи масалага келсак, у тўғрида икки фикр айтилган:

  1. Ақиқа отага вожиб. Бу Имом Аҳмаднинг гапи. Исмоил ибн Саид Шоланжий айтади: «Имом Аҳмаддан сўрадим: отаси унга ақиқа қилмаганини айтса, ўзи учун ақиқа қилиши вожибми? Имом: “Бу отанинг вазифаси”, деди»[4].

  2. Боланинг мол-мулкидан вожиб.

Ақиқа отага вожиб деганлар, юқорида ўтганидек, ақиқа қилиш отага буюрилганини далил қилишди.

Ақиқани болага вожиб қилганлар эса «Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади» ҳадисини далил қилишган.

Мазкур ҳадисни иккала тоифа ҳам ўзи учун далил деб билади. Чунки ҳадиснинг боши бола ақиқаси эвазига гаровда бўлишини хабар берса, охири унинг номидан қон оқизишга буюради[5].

Ақиқани вожиб дейдиганлар айтади: «Ақиқа вожиб эканига “Ўғил бола номидан икки қўй, қиз бола номидан бир қўй сўйилади” ҳадиси далил бўлади. Бу сўз вожибга далолат қилади. Чунки бунинг маъноси: қиз бола учун бир қўй, ўғил бола учун икки қўй етарли, деганидир».

Улар Имом Бухорий Салмон ибн Омирдан, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилишади: «Ўғил болага ақиқа қилинади. Унинг номидан қон оқизинглар ва ундан озорни кетказинглар».

Уларнинг сўзларига кўра, бу ҳадис вожибликни икки томонлама ифодалайди. Биринчиси, у зотнинг: «Ўғил болага ақиқа қилинади», деган сўзларидир. Бу гап воқеликдан эмас, вожибликдан хабар беришдир. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни боланинг номидан бу вожибни кетказишга буюриб: «Унинг номидан қон оқизинглар», дедилар.

Улар яна бундай дейишади: «Шунингдек, қуйидаги ҳадис ҳам ақиқа қилиш вожиб эканига далил бўлади: Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам болага еттинчи куни исм қўйишга, ундан озорни кетказишга ва ақиқа қилишга буюрдилар.

Яна айтадилар: «Термизий ривоят қилади: “Бизга Яҳё ибн Халаф Бишр ибн Муфаззалдан, у Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Хусаймдан, Абдуллоҳ Юсуф ибн Моҳакдан сўзлаб берди. У шериклари билан Ҳафса бинти Абдураҳмон ҳузурига кириб, ақиқа ҳақида сўрашибди. Шунда Ҳафса унга Ойша разияллоҳу анҳо айтган ҳадисни айтиб берибди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни ўғил бола учун икки қўй, қиз бола учун бир қўй сўйишга буюрдилар»”». Термизий: «Бу ҳасан саҳиҳ ҳадис», деган.

Абу Бакр ибн Абу Шайба айтади: «Бизга Аффон Ҳаммод ибн Саламадан, у Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Хусаймдан, у Юсуф ибн Моҳакдан, у Ҳафса бинти Абдураҳмондан, у Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилиб деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ўғил бола учун икки қўй, қиз бола учун бир қўй сўйиб ақиқа қилишга буюрдилар”»[6].

Абу Бакр айтади: «Бизга Яъқуб ибн Ҳумайд ибн Косиб Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан, у Амр ибн Ҳорисдан, у Айюб ибн Мусодан сўзлаб беришича, Язид ибн Абдулмузаний унга Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини айтган экан: “Ўғил бола учун ақиқа қилинади, бошига қон суртилмайди”»[7].

Ақиқани вожиб дегувчилар: «Бу буйруқ маъносидаги хабардир», деганлар.

Абу Бакр деди: «Бизга Ибн Фузайл Яҳё ибн Саиддан, у Муҳаммад ибн Иброҳимдан сўзлаб беришича, илгари чумчуқ сўйиб бўлса ҳам ақиқа қилишга буюрилар эди»[8].

[1] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Исҳоқ ривояти), 2/130.
[2] Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/395.
[3] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Солиҳ ривояти), 2/208.
[4] Абу Яъло. «Ат-тамом лима саҳҳа фир-ривоятайни вас-салоси вал-арбаи анил-имом», 2/237.
[5] Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/397.
[6] Ибн Абу Шайба ривояти, 8/239. «Дор ал-қибла» нашрида эса: 12/322.
[7] Ибн Абу Шайба. «Ал-мусаннаф», 8/239. «Дор ал-қибла» нашрида эса: 12/324-325. Ибн Можа «Ақиқа боби»да (2/1057, 3163-ҳадис) ривоят қилган.
[8] Ибн Абу Шайба. «Ал-мусаннаф», 8/236. «Дор ал-қибла» нашрида эса: 12/320. Шу маънодаги ҳадисни Имом Молик «Муватто»да (1/419), Имом Аҳмад «Муснад»да (2/47, «Ар-рисола нашрида эса: 12/320), Байҳақий «Маърифат ас-сунан вал-осор»да (14/71) ривоят қилган, Имом Шофеийнинг «Ал-ум» китобида ҳам (7/218) шу ҳадис бор.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг