Намоз: Нафл намозларни ўтириб ўқиш жоизлиги

0

Бешинчидан: Нафл намозларни ўтириб ўқиш жоизлиги

Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўтириб намоз ўқиш ҳақида сўраган эди, у зот бундай жавоб қилдилар: «Агар (нафл намозни) туриб ўқиса, афзалдир. Агар ўтириб ўқиса, унга туриб ўқиган кишига берилган савобнинг ярмича савоб бўлади. Кимда-ким ётиб намоз ўқиса, унга ўтириб ўқиганга бериладиган савобнинг ярмича савоб бўлади»[1].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эт олиб, вазнлари оғирлашиб қолганида (нафл намозларни) кўпроқ ўтириб ўқир эдилар»[2].

Ушбу ҳадис нафл намозларни ўтириб ўқиш жоизлигини кўрсатади. Имрон разияллоҳу анҳунинг ҳадиси инсон қиёмга қодир бўлса-да, нафл намозларни ёнбошлаб ўқиши жоизлигини ифода этмоқда. Фақат бу намозларни ўтириб ўқиган кишига туриб ўқиган кишига берилган ажрнинг ярми, ёнбошлаб ўқиганга эса ўтириб ўқиганга берилган ажрнинг ярми берилади. Ўтириб намоз ўқишга қодир бўлган инсоннинг ёнбошлаб ўқиши хусусида ихтилоф мавжуд бўлса-да, тўғрироқ фикрга кўра, бундай ўқиш жоиздир.

Шунингдек, инсон нафл намозда ўтириб қироат қилиши, рукуга яқин қолганда ўрнидан туриши, қиёмда қироатни охирига етказиб, сўнг рукуга кетиши  ҳам жоиздир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, «у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то кексайиб қолмагунларича тунги намозни ўтириб ўқиганларини асло кўрмаган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб қироат қилар, руку қилмоқчи бўлсалар, қиёмга туриб ўттиз ёки қирқ оят ўқир, сўнг руку қилар эдилар»[3].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, намознинг баъзисини ўтириб, баъзисини туриб, шунингдек, бир ракаатнинг баъзисини ўтириб, баъзисини туриб ўқиш жоиз экан. Ироқий айтади: «Ҳа, шундай, инсон намозни турган ҳолда бошлаб, сўнг ўтириб оладими ёки ўтирган ҳолида бошлаб, сўнг туриб олиб давом эттирадими, баробардир. Бу фикр Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмад каби жумҳур уламоларнинг фикридир»[4].

Намозни ўтириб ўқиш тартиби:

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чордана қуриб ўтириб намоз ўқиганларини кўрдим»[5].

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Намознинг суннати (қаъдада) ўнг оёғингни тик қўйиб, чап оёғингни букиб ўтиришингдир»[6].

Бинобарин, ўтириб намоз ўқиган киши Ойша разияллоҳу анҳонинг ҳадисида айтилганидек чордана қуриб ўтириши ҳам ёки Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг ҳадисида айтилганидек «ифтирош» усулида, яъни ўнг оёғини тик қўйиб, чап оёғини тўшаб ўтириши ҳам жоиздир. Дарҳақиқат, уламолар намозда ўтиришга оид мазкур икки кўринишдан қай бири афзал экани хусусида ихтилоф қилишган бўлса-да, ҳар икки кўринишнинг жоиз эканига иттифоқ қилишган.

Уловга миниб кетаётган киши нафл намозларни улови қайси тарафга юрса, ўша тарафга юзланган ҳолда имо-ишора қилиб ўқиши жоиздир[7].

[1] Бухорий (1115), Абу Довуд (951), Термизий (371) ривояти.
[2] Муслим ривояти, 732.
[3] Бухорий (1118), 1148), Муслим (731), Абу Довуд (953), Термизий (374), Насоий (3/220), Ибн Можа (1227) ривояти.
[4] Қаранг: «Найл ал-автор», 3/101-бет.
[5] Саҳиҳ. Насоий (3/224), Ҳоким (1/275), Байҳақий (2/305), Ибн Хузайма (1238), Ибн Ҳиббон (2512) ривояти.
[6] Бухорий (827), Абу Довуд (958, 959), Молик («Ал-муватто», 1/89), Байҳақий (2/129) ривояти.
[7] Бухорий (1096), Муслим (700), Насоий (1/244) ривояти.

Изоҳ қолдиринг