Оилавий муносабатлар (37): Нақадар гўзал насиҳатлар (1)

0

Луқмони ҳаким жигаргўшаси, кўзининг қувончи бўлган ўғлига қилган насиҳатларга бир-бир назар солинг-а, ҳар бири нақадар гўзал ва бебаҳо насиҳатлар эканига шоҳид бўласиз.

Аввало у зот ўғлини диннинг устуни бўлган намозга ундади. Дарҳақиқат, намоз диннинг устунидир. Намозни тўкис адо этиш билан дин барпо бўлади, намоз ўқимаслик билан дин вайрон бўлади.

Намозга ундашнинг сабабларидан яна бири – намоз Ислом рукнларининг иккинчиси эканидир. Намоздан олдин фақатгина шаҳодат келтириш бор, холос.

Жаннатнинг калити, жаннатга эриштирувчи ҳам намоз.

Намоз нур, дунёда ҳам нур, охиратда ҳам. Нури бор одам зулматларда йиқилиб, туртилиб-суртилиб юрмайди.

Намозга ундашнинг яна бир боиси – намозга бўлган буйруқ Парвардигори оламнинг буйруғи экани: “Аҳли оилангизни намозга буюринг ва намозни адо этишда сабрли бўлинг. Биз сиздан мол-мулк сўрамаймиз. Сизга Биз ризқ ва мол-мулк ато этамиз. Дунёда ҳам, охиратда ҳам яхши оқибат тақводорлар учундир” (Тоҳа, 132).

Намозга пайғамбарлар ҳам буюришган: “Исмоил пайғамбар аҳлини намозни тўкис адо этишга ва закотни ўташга буюрарди ва Парвардигори ундан рози бўлган банда эди” (Марям, 55).

Расулимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Фарзандларингизни етти ёшидан бошлаб намоз ўқишга буюринглар. Ўн ёшида намоз ўқимаса уринглар[1].

Яна намоз дўзахдан нажот бўлгани учун ҳам Луқмони ҳаким ўғлини намозга ундади. Аллоҳ таоло деди: “Намозларига бепарво бўлган, уни мукаммал кўринишда ва ўз вақтида адо этмайдиган намозхонларга қаттиқ азоб бор” (Моъун, 4-5).

Кейин у зотлар ортидан ёмон издошлар келди. Улар намозни зое қилдилар ва нафси ҳаволарига мос келадиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Улар яқинда жаҳаннам ичра ёмонлик ва умидсизликка йўлиқадилар. Фақат гуноҳларига тавба қилган, Раббига иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишиларнинг тавбаларини Аллоҳ қабул этади ва улар жаннатга кирадилар” (Марям, 59-60).

Намоз ўқиш мусибатлар аришига ёрдамчи бўлади, гуноҳ ва ёмон ишларга қўл уришдан қайтаради. Намозни рукнлари ва шартлари билан тўла-тўкис адо этувчи кишининг қалби мунаввар бўлади, иймони зиёда бўлади, эзгу ишларга рағбати ортади, ёмон ишларга қизиқиши камаяди ёки бутунлай йўқолади.

Намозга ундаш сабабларидан яна бири намознинг фазли умумий, яхшилиги мўл, савоби кўп ва ажр-мукофоти улуғ эканидир.

Шунингдек, фарзандларни амри маъруф ва наҳий мункар қилишга, бу йўлда етадиган озор ва машаққатларга сабр қилишга ўргатиш ва қизиқтириш ҳам муҳим ишлардан саналади. Чунки кўпинча одамларни яхшиликка буюрган ва ёмонликдан қайтарган кишиларга ҳар тарафдан турли озорлар етиб қолади, ана шунда сабр-матонатли бўлиш талаб қилинади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ таоло асрга – замонга қасам ичиб айтмоқдаки, одамзод зиёнда ва йўқотишдадир. Фақат Аллоҳга иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақни маҳкам ушлашни, Аллоҳга итоат қилишни ва бунда сабрли бўлишни тавсия қилган кишилар бундан мустаснодир” (Аср, 1-3).

Булардан сўнг Луқмони ҳаким ўғлини одамлар билан муомала қилганда гўзал хулқли бўлишга ундади:

Одамларга гапирган пайтингда ёки одамлар сенга мурожаат қилишганда уларни камситиб, кибр билан юз ўгирма. Ерда одамлар ичида кеккайиб, кибру ҳаво билан юрма. Чунки Аллоҳ таоло ўзига бино қўйган ҳар қандай мутакаббир, мақтанчоқ кимсани ёқтирмайди” (Луқмон, 18).

Яъни: “Эй ўғлим, одамлар билан гаплашганингда юзларига қараб гаплашгин, улардан юзингни буриб, энсангни қотириб муомала қилмагин. Балки табассум ва очиқ чеҳра билан муомала қил. Юрганингда ҳам гердаймай юр, ўзингга ё гавдангга ёки гап-сўзингга бино қўйма. Аллоҳ таоло манманларни, ўзига бино қўйган мақтанчоқларни суймайди”.

Шошмасдан, виқор билан юр. Овозингни паст қил, баланд кўтарма. Зеро, энг хунук ва энг ёқимсиз овоз ўзининг бефаросатлиги ва баланд овозда ҳанграши билан машҳур бўлган эшаклар овозидир” (Луқмон, 19).

Ҳурматли ота-оналар, сиз ҳам фарзандларингизга Луқмони ҳаким ўғлига қилган бебаҳо, икки дунё яхшилигини ўзида жамлаган насиҳатларни таълим беринг. Бунга қўшимча ота-оналар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жиянлари Абдуллоҳ ибн Аббосга ўргатган манфаати кенг ва муҳим сўзларни таълим беришлари лозим. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам жиянларига бундай деган эдилар: “Эй жиян, сенга шундай сўзларни ўргатаман, Аллоҳ манфаатли қилсин: “Аллоҳнинг буйруқларига риоя қилсанг, Аллоҳ сени дунёда ҳам, охиратда ҳам сақлайди. Аллоҳнинг буйруқларига риоя қилсанг, Уни рўпарангда топасан. Сўрасанг Аллоҳдан сўра. Ёрдам сўрасанг ҳам Аллоҳдан сўра. Билгинки, агар одамларнинг бари сенга фойда етказиш учун йиғилсалар ҳам, фақат Аллоҳ тақдир қилганича наф бера оладилар. Худди шундай, агар уларнинг бари сенга бирон зарар етказиш учун жамлансалар ҳам, Аллоҳ сенга тақдир қилганидан ортиғига эриша олмайдилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган[2]. Яъни Лавҳул-маҳфузда тақдир қилиб битилгани битиб бўлинди. Энди бунга бирон нима қўшилмайди ҳам, ундан камайтирилмайди ҳам.

Ота-она болаларни ёшлик чоғиданоқ ибодат ва итоат руҳида ўстириши, уларга ҳалол-ҳаромни ўргатиши, оқ-қорани танитиши керак. Бирдан эмас, оз-оздан, боқичма-босқич. Шоир айтганидек:

“Биз томонда ўспирин ёшлар

Отасида кўрганин қилар.

Ота нега одатлантирса

Боласи ҳам шундайин бўлар”.

Бизда ҳам айтишади-ку: “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб.

Оталар ўғилларини ўзлари билан масжидга олиб боришлари, Қуръон ва суннатни ўргатишлари, намоз қандай амал экани, неча маҳаллиги, қандай ўқилиши, ўқимаса нима бўлиши ҳақида билдиришлари, намоз ўқишга ёшлик чоғиданоқ одатлантиришлари лозим. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўз юқорида ўтган эди, яна қайтарсак фойдадан холи бўлмас: “Фарзандларингизни етти ёшидан бошлаб намоз ўқишга буюринглар. Ўн ёшида намоз ўқимаса уринглар[3].

Салафи солиҳлар фарзандларини ёшлигидан рўза тутишга одатлантиргани каби ҳар бир ота-она фарзандини рўза тутишга одатлантириши керак.

Рубаййеъ бинти Муаввиз айтган: “Биз Ошуро рўзасини тутар ва ёш болаларга ҳам рўза тутдирар эдик. Уларга жундан ўйинчоқ ясаб, овқат ейман деб йиғласа, қўлига ўша ўйинчоқни тутқазар ва шу тариқа оғиз очиш вақтига қадар уларни овунтирар эдик”[4].

Ота-она болаларини ҳаром еб қўйишидан сақлаши лозим. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳасан ибн Али садақа хурмоларидан бир дона олиб оғзига солди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қих-қих, ташла, билмайсанми, ахир биз Пайғамбар оиласи садақа емаймиз”, дедилар”[5].

Ота-она фарзандларга ейиш-ичиш ва гапириш одобларини ўргатишлари ҳам зарур. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Умар ибн Абу Салама разияллоҳу анҳу айтади: “Болалик чоғимда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбиялари остида эдим. Қўлимни товоқнинг у ер бу ерига чўзганимда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Ҳой бола, бисмиллаҳ деб, ўнг қўлинг билан ва ўз олдингдан егин”, дедилар”[6].

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ҳузайфа разияллоҳу анҳу айтади: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир дастурхонда ўтирсак, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам таомга қўл узатмагунларича қўл узатмас эдик. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом билан таомга ҳозир бўлганимизда ёшгина бир қизча худди биров итариб юборгандай тезликда келиб, таомга қўл узатмоқчи бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлидан тутиб қолдилар. Кейин бир бадавий киши худди биров итариб юборгандай тезликда келганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳам қўлидан тутиб қолдилар ва: “Шайтон Аллоҳнинг номи зикр қилинмай ейилган таомдан насиба олиш имконига эга бўлади. Шайтон мана бу қизча билан келиб овқатдан насиба олмоқчи эди, шунинг учун унинг қўлидан тутиб қолдим. Бу аъробий билан келиб таомдан насиба олмоқчи бўлганди, шунинг учун унинг қўлидан тутдим. Аллоҳга қасамки, шайтоннинг қўли менинг қўлимда бу қизчанинг қўли билан бирга эди[7].

Икки киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. У иккиси ичида ёшроқ бўлгани гапирмоқчи бўлганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аввал ўзингдан каттага сўз бер”, дедилар”[8].

Демак, ота-она фарзандларига катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга меҳр-шафқат кўрсатишни, қўни-қўшни ва қариндош-уруғлар ҳаққини ўргатишлари лозим.

[1] Абу Довуд, (495).
[2] Термизий, (2516).
[3] Абу Довуд, (495).
[4] Бухорий, (1960).
[5] Бухорий, (1491), Муслим, (1069).
[6] Бухорий, “Фатҳ ал-Борий”, (9/521), Муслим, (13/192).
[7] Муслим, (13/187).
[8] Бухорий, (6142, 6143), Муслим, (1294).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг