Мушриклар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказиш учун қўлларидан келган барча услубни қўлладилар. Очиқ даъватни бошлаганларидан то ҳижрат қилиб, сўнг улар устидан ғалаба қозонгунларига қадар ҳам у зотга азият беришдан бирон лаҳза тинмадилар. Ўша даврда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган оятлар у зотни сабр қилишга ва умидсизланмасликка буюришидан азиятлар қанчалик оғир бўлгани маълум бўлади. Оятлар у зотдан олдин ўтган расуллар воқелигидан мисоллар келтирар эди:
“Мушриклар (сиз ҳақингизда ва динингиз ҳақида) айтаётган гапларга сабр қилинг. Уларни тарк этинг” (Муззаммил, 10).
“Сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг. Шаҳватларга муккасидан кетган, куфру залолатда ҳаддидан ошган мушрикларга итоат этманг” (Инсон, 24).
“Улардан (сиздан юз ўгиришларига ва сизни ёлғончи қилишларига) ғамгин бўлманг. Уларнинг сизга қилаётган макр-ҳийлаларига юрагингиз сиқилмасин” (Намл, 70).
“Эй Пайғамбар, бу мушрикларнинг сизга айтаётган гаплари улардан олдинги халқларнинг ўз пайғамбарларига айтганидан бошқа нарса эмас. Шундай экан, сиз Аллоҳга даъват қилиш йўлида етаётган озорларга сабр қилинг. Шубҳасиз, Раббингиз тавба қилувчиларнинг гуноҳларини кечирувчи, куфр ва инкорда маҳкам турганларни қаттиқ азобловчи зотдир” (Фуссилат, 43).
Қуйида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган азиятлар қанчалар оғир бўлганлигини кўрсатадиган бир неча мисоллар келтирамиз:
Абу Жаҳл: “Муҳаммад ҳали ҳам сизларнинг олдингизда юзини тупроққа белаяптими?” деди. Ҳа, дейилди. “Лот ва Уззога қасам, яна шундай қилаёганини кўрсам, бўйнини оёғим билан босаман ёки юзини тупроққа белайман”, деди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган эдилар, Абу Жаҳл келиб, бўйинларига оёғини қўймоқчи бўлди. Аммо тўсатдан орқага қоча бошлади ва икки қўли билан ўзини тўса бошлади. “Нима бўлди сенга?” деб сўраганларида Абу Жаҳл: “Мен билан унинг ўртасида оловли хандақ, қанотлар пайдо бўлди, даҳшатли ҳолатни кўрдим”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар у менга яқинлашганда эди, фаришталар уни бурда-бурда қилиб ташлаган бўлар эдилар”, дедилар[1].
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб турганларида Абу Жаҳл келиб қолди ва у зотга таҳдид қилиб: “Мен сени бу ишингдан қайтармаганмидим?! Бу ишдан қайтармаганмидим сени?!” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бурилиб унга қарадилар-да, уни сўкдилар. Шунда Абу Жаҳл: “Сен бу ерда мендан кўра тобелари кўпроқ одам йўқлигини яхши биласан”, деди. Сўнг ушбу оятлар нозил бўлди: “Бу туғёнкор золим энди ўзига ёрдам берадиган жамоадошларини чақирсин! Биз эса азоб фаришталарини чақирамиз” (Алақ, 17-18). Ибн Аббос айтади: “Аллоҳга қасам, агар у тобеларини чақирганида эди, уни Аллоҳнинг азоб фаришталари азоблаган бўлар эдилар”[2].
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба олдида намоз ўқиб турган эдилар. Бир неча қурайшликлар ҳам ўша ерда ўтиришган эди. Тўсатдан улардан бири бундай деди: “Бу риёкорни кўрмаяпсизларми? Ким фалончининг (сўйилган) туясининг қоғоноғи, қони ва ахлатларини олиб келиб Муҳаммад сажда қилганда икки кураги ўртасига қўя олади?”. Уларнинг энг бадбахти бориб, ўша нарсаларни олиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага борганларида уларни икки кураклари ўртасига қўйди. У зот саждада қимирламай туравердилар. Улар эса масхара қилиб роса кулдилар, кулгидан буралиб, бир-бирларига урилиб кетишарди. Бир киши Фотима разияллоҳу анҳога бориб, воқеани айтиб берди. Фотима ҳали ёш қиз эди. У югурганича келди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамон саждада эдилар. Устларидан ахлатларни олиб ташлади. Сўнг уларни сўка бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатгач: “Эй Парвардигор, Амр ибн Ҳишом, Утба ибн Рабиа, Шайба ибн Рабиа, Валид ибн Утба, Уммайя ибн Халаф, Уқба ибн Аби Муайт ва Умора ибн Валидга жазоларини бер”, дедилар. Ибн Аббос айтади: “Аллоҳга қасам, мен уларнинг ҳаммасини Бадр ғазотида ўлдирилган ҳолларида кўрдим, сўнг уларни ўша ердаги суви қуриб қолган қудуққа ташланди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалиб қудуғига ташланган кишиларга лаънат бўлсин”, дедилар[3]. Саҳиҳ ривоятларда айтилишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам устларига ахлат ташлаган киши Уқба ибн Аби Муайт бўлган экан. Бунга уни Абу Жаҳл чорлаган бўлади. Мушриклар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган бу дуоибаддан қаттиқ қўрқиб кетдилар. Чунки улар Маккада дуо ижобат бўлишига ишонар эдилар[4].
Қурайш зодагонлари йиғилиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни калтаклашлари. Бир куни Қурайшнинг саййидлари Ҳижрда йиғилиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида дедилар: “Бу одамнинг ишига кўп сабр қилдик. У эътиқодимизни эси пастлик, деди. Илоҳларимизни ҳақорат қилди. Бу ишларига ҳам сабр қилдик”. Улар ўзаро шундай гапларни айтиб туришганда тўсатдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолдилар. Ўринларидан туриб у зотни ўраб олдилар ва у зотга: “Сенми ҳали ундай-бундай деяётган, илоҳларимизни ва динимизни айблаётган?!” дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, мен шу гапларни айтаяпман”, дедилар. Шунда улардан бири Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни ёқаларидан ушлади. Абу Бакр ўрнидан туриб, қаршилик кўрсатди ва йиғлаган ҳолда: “Раббим Аллоҳ деяётган кишини ўлдирасизларми?” деди[5].
[1] Муслим ривояти, “Китоб сифат ал-мунофиқин”, 2797.
[2] Термизий ривояти, 3349. Ҳадис даражаси: ҳасан саҳиҳ ғариб.
[3] Бухорий ривояти, лафзи ҳам унинг ривоятига тегишлидир. Ҳадис рақами:520, Фатҳул-борий 1/594. Муслим ривояти 3/1418-1420, ҳадис рақами: 107-1794.
[4] Амрий, “Ас-сийрат ан-набавия ас-саҳиҳа”, 1/149-бет.
[5] Иброҳим ал-Али, “Саҳиҳ ас-сийра ан-набавия”, 96-бет.