Оилавий муносабатлар (38): Нақадар гўзал насиҳатлар (2)

0

Энг муҳим нуқталардан бири: ота-она фарзандлар ҳаққига кўп дуо қилишлари, уларни тўғри йўлда юришга ва солиҳ амаллар қилишга тавфиқ беришини сўраб Аллоҳга илтижолар қилишлари керак.

Солиҳ кишилар ана шундай йўл тутган эдилар. Улар Аллоҳга дуо қилиб дейдилар: “Мен учун зурриётимни ҳам ислоҳ қил” (Аҳқоф, 15).

Яна улар Аллоҳ таолога дуо қилиб сўрайдилар: “Эй Раббимиз, бизга жуфтларимиз ва зурриётларимиздан кўзимизни қувнатадиган ва бизга шодлик бахш этадиган ҳолатларни ато эт” (Фурқон, 74).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дуо қилган эдилар: “Парвардигоро, хонадон аҳлимдан ҳар қандай озор ва ёмонликни узоқ қил ва қалбларини ғоят даражада покла[1].

Ота-она худди Пайғамбар алайҳиссалом қилганларидек ўғил-қизларига паноҳ тилашлари керак. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб айтардилар: “Бобонгиз Иброҳим алайҳиссалом Исмоил ва Исҳоққа паноҳ тилаб бундай дердилар: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротдан ва ёмон кўз тегишидан сизларга паноҳ тилайман[2].

Кўпчилик инсонлар унутган ва амал қилмай қўйган бир суннатни эслатиб ўтмоқчиман. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда келган. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қоронғи тушса, болаларингизни уйда ушлаб туринг, ташқарига чиқарманг. Чунки бу пайтда шайтонлар тарқалган бўлади. Бу вақтдан бирон соат ўтгач уларни ўз ҳолига қўяверинг. Ётишдан олдин Аллоҳнинг исмини зикр қилиб эшикларни беркитинг. Чунки шайтон берк эшикни очолмайди. Аллоҳнинг исмини зикр қилиб сув идишлар оғзини ёпинг. Аллоҳнинг исмини зикр қилиб бошқа идишлар устини ҳам бирон нарса билан бўлсада ёпинг ва чироқларингизни ўчиринг[3].

Болангиз гоҳида озиб-тўзиб кетганини кўрасиз, дўхтирга олиб борсангиз текшириб кўриб ҳеч қандай касал топмайди. Боланинг касали бошқа тарафда, касалнинг тури бошқача бўлади. Яъни унга кўз теккан бўлади. Гоҳо ҳасадчининг кўзи боланинг озиб кетишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан ҳадис ворид бўлган. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаъфарнинг уйига борганларида унинг фарзандлари озиб, нимжон бўлиб қолганини кўрадилар. Уларнинг онаси Асмо бинти Умаййисдан: “Амакиваччамнинг болаларини жуда ҳам озиб, нимжон бўлиб қолишганини кўряпман. Шу қадар муҳтожмилар?” деб сўраганларида Асмо: “Йўқ, муҳтожликдан эмас. Уларга кўз тез тегади”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларга дам сол”, дедилар. Асмо айтади: “Мен ўзим билган руқяларни айтиб берган эдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам: “Уларга дам сол”, дедилар”[4].

Ота-она фарзандлари орасида адолат қилишлари лозим. Бирига бериб бирига бермаслик ака-укалар, опа-сингиллар ичида бир-бирига нисбатан адоват урчишига, ҳасад ва нафратга сабаб бўлади.

Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳу айтади: “Отам менга бир қулни ҳадя қилиб берган эди, онам Амра бинти Равоҳа: “Бу ҳадяга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни гувоҳ қилмасангиз рози бўлмайман”, деди. Шундан сўнг отам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб: “Эй Расулуллоҳ, мен Амра бинти Равоҳадан бўлган ўғлимга бир ҳадя берган эдим. Шунга сизни гувоҳ қилишимни талаб қилиб туриб олди”, деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Худди шундай ҳадяни бошқа фарзандларингга ҳам бердингми?” деб сўрадилар. Отам: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан қўрқинглар. Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар”, дедилар. Отам ҳадясини қайтариб олди”[5].

Тўғри, муҳаббат Аллоҳнинг қўлида, ёлғиз Аллоҳ молик. Кимнинг қалбига кимга нисбатан муҳаббат солади, бу Аллоҳнинг иродаси. Гоҳида ота ё она бир боласини бошқаларидан кўра ортиқроқ яхши кўриши бу унинг айби эмас. Юсуф алайҳиссаломнинг ота бир оғалари бир-бирларига бундай деган эдилар: “Юсуф ва унинг туғишган иниси отамизга биздан кўра суюклидир. У иккаласини биздан ортиқ кўради. Ҳолбуки, биз кўпчиликмиз” (Юсуф, 8).

Лекин ота-она ҳикмат билан иш юритишлари, фарзандларнинг сиқилишига, уларнинг орасига адоват оралашига йўл қўймасликлари, дилдагини яширишлари лозим бўлади.

Оилада риоя қилиниши керак бўлган одобларни Аллоҳ таоло жорий қилди. Ҳар бир ота-она бу одобларни ўз оиласида татбиқ этиши, фарзандларига таълим бериши матлубдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, қулларингиз, чўриларингиз ва балоғат ёшига етмаган озод болаларингизни қуйидаги уч вақтда ҳузурингизга киришда сизлардан изн сўрашга буюринглар: Биринчиси бомдод намозидан илгари; чунки бу уйқу либосларини ечиб, одатий либосларни кийиш пайтидир. Иккинчиси туш пайтида қайлула (кундузги уйқу) учун кийимларни ечиш вақти. Учинчиси хуфтон намозидан сўнг; чунки у ухлаш пайтидир. Бу уч вақт кўпинча авратларингиз очиқ-сочиқ бўладиган вақтлардир. Аммо бундан бошқа пайтларда ҳузурингизга киришга эҳтиёжлари бўлгани учун изнсиз кирсалар, уларга ҳам, сизларга ҳам гуноҳ йўқ. Чунки улар хизмат учун ҳузурингизга кириб-чиқиб турадилар. Хусусан, ҳожат юзасидан бир-бирингизнинг олдингизга кириб-чиқиб туришингиз одатий ҳолдир. Аллоҳ таоло изн сўраш ҳукмларини сизларга баён қилиб бергани каби Ўзининг оятларини, аҳкомларини, далил-ҳужжатларини, динидаги вазифаларни баён қилиб беради. Аллоҳ бандаларини ислоҳ қиладиган нарсани яхши билувчи ва уларнинг ишларини бошқаришда ҳикмат соҳиби бўлган зотдир. Ёш болаларингиз балоғат ёшига етсалар, ҳузурингизга кирмоқчи бўлганларида ҳамма вақт катталар изн сўраганидек изн сўрасинлар. Аллоҳ таоло изн сўраш одобларини баён қилиб бергани каби сизларга Ўзининг оятларини баён қилади. Аллоҳ бандаларини ислоҳ қиладиган нарсани яхши билувчи ва уларга жорий қилаётган аҳкомларида ҳикмат соҳиби бўлган зотдир” (Нур, 58-59).

Аллоҳ таоло ота-онага юксак одоб-ахлоқ ҳақида таълим бериб, йўл кўрсатди. Бу юксак одоб ота-она балоғат ёшига етмаган фарзандларга куннинг уч вақтида уларнинг олдига киришдан олдин эшикни тақиллатиб, рухсат сўраб кириш кераклигини ўргатишларидир. Чунки кўпинча бу вақтларда кийимлар ечилгани туфайли авратларга кўз тушиб қолиши мумкин. Бу уч вақт: бомдод намозидан илгари, туш пайтида қайлула учун кийимларни ечадиган пайт ва хуфтон намозидан сўнгдир.

Кўпинча мана шу уч вақтда эр ва хотин кийимларини ечиши ё яқинлик қилиши эҳтимоли кучли бўлади. Шунинг учун ҳам ота-она балоғат ёшига етмаган фарзандларга ушбу уч вақтда уларнинг олдига киришдан олдин эшикни тақиллатиб, рухсат сўраб кириш кераклигини ўргатишга буюрилдилар. Бу юксак одоб-ахлоқ ўргатилмаган ўғил ё қиз шу вақтларда ота-онасининг хонасига рухсат сўрамай тўғри кириб келса, ота-онасини кийимлари ечилган, аврати очиқ ёки қўшилиб турган ҳолида кўриб қолиши мумкин. Кейин нима бўлади? Боланинг миясида ота-онасини кўрган кўриниш ўрнашиб қолади ва хаёли бузилади. Ота-онасида кўрган ишни ўзи ҳам қилишга ҳаракат қилиб кўради. Қўшни қиз билан, синфдоши билан ва ҳатто опа-синглиси билан шу ишни амалга оширмоқчи бўлади. Ўғил-қизлар ётоғи ажратилмаган, алоҳида қилинмаган хонадонларда бундай ҳолатлар учраб қолиши мумкин. Ўғил-қизларни бошқа-бошқа хонада ётқизиш керак. Шайтон бузғунчилик ёйилишига ҳарис бўлган лаиндир, каттаю кичикни фасод ва разилликка етаклайди. Хусусан, синглиси билан бир ерда ётган болани фасод ва бузуқликка етаклаши аниқ. Кейин нима бўлади??? Аллоҳ сақласин.

Динимиз поклик дини бўлганидан болалар тасаввурларини, зеҳнларини, дилларини ва тилларини поклик ва софликда сақлайди. Шундай бўлгач, ота-оналар Аллоҳ ва Расулининг амрларига бўйсунишлари, тақиқлаган ишлардан тийилишлари лозим.

Она уйда, балоғатга етган ўғиллари олдида юрганида ҳам очиқ-сочиқ юрмай, сипороқ юриши, ортиқча ясан-тусан қилмаслиги керак. Чунки шайтон ўсмир ёшдаги йигитларга ҳаромни зийнатли қилиб кўрсатади.

Ота ҳам уйдаман-ку демай, қизларининг олдида уларни жунбушга келтирадиган кийимда юрмаслиги керак. Шортик-майкада, авратларини билдирадиган тор кийимда юриши қизларига салбий таъсир кўрсатиши ва оқибати хунук бўлиши мумкин.

Уйга рухсат сўраб кириш кўз номаҳрамларга тушмаслиги учун буюрилган. Бунга далил Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидир: “Рухсат сўраб кириш кўз ҳаромга тушмаслиги учун жорий қилингандир[6].

Шундай экан, ота-оналар фарзандларни фисқ-фужур, разолат ва фаҳш-мункарни намойиш этувчи бузуқ кинолар кўришдан сақласинлар. Сақловчи Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Аллоҳ сақласин. Вояга етган ўғилдир-қиздир, асло ўз ҳолига ташлаб қўймаслик керак. Интернети бор компютер ё телефонни қўлига бериб қўйиб, назоратсиз ташлаб қўймасинлар. Балоғат ёшига етган бола эркак-аёл қучоқлашиб, ўпишиб турганини кўрса қандай аҳволга тушади. Бу манзара унинг бир ерларини жунбушга келтириб, бузуқликка бошламайдими?

Балоғатга етган қиз кучга тўлган йигит бир қизни қучоқлаб, ўпиб турганини кўрса, ўзини ўша қиз ўрнида бўлиб қолишини истамайди деб ўйлайсизми? Адашасиз, унинг ҳам шаҳвати қўзиб, ҳаром ишга етаклайди. Аллоҳ сақласин. Огоҳ бўлайлик!

Уламолар айтадилар: Аёл киши айғир от бияга сакраётганини кўрса ёки эркак мушукни урғочи мушукнинг устида кўрса, ҳис-туйғулари уйғониб, жунбушга келиб, у ҳам яқинлик қилгиси келиб қолар экан. Шунинг учун ҳар бир ота-она ўғил-қизларини ҳозирги кунда кенг тарқалган ёмонлик – бузуқлик ва фаҳш балосидан асраб-авайлашлари керак.

Ҳар бир ота-онани ўз зиммаларида бўлган ўғил-қизларини сақлаш ва асраб-авайлаш борасидаги вазифаларини ўташга, Аллоҳ таоло уларга юклаган омонатни адо этишга чақириб қоламиз.

Аллоҳ таоло солиҳ фарзандни ота-онасига дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаат етказадиган қилиб қўяди. Бу ҳақда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қиёмат куни бир кишининг мартабаси юқори бўлиб кетади. У: “Менга бундай мартаба қайдан келди?” деб сўраса: “Фарзандингнинг сенинг ҳаққингга айтган истиғфори сабабидан”, деб айтилади”.

Ҳамиятли ҳар бир эркакни оиласига ғамхўр, уларга хайрихоҳ бўлишга ундаймиз, оиласига фаҳш-мункар кириб келишига рози бўлган даюс бўлиб қолишдан қаттиқ огоҳ этамиз.

Фарзандларингизни яхши жойларга олиб боринг, фасод, бузуқлик тарқаган ерлардан узоқ қилинг.

Болангиз мактабда яхши ўқиса-ю, аммо намоз ўқимаслиги, залолат аҳли билан бирга ноҳақ сўзларни гаплашиб ўтириши ва бузғунчи кимсалар билан бузуқлик қилиши сабаб жаҳаннамга ўтин бўлишига рози бўласизми?

Фарзандларингизга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини эслатинг. Аллоҳ таоло деди: “Дунёда сизларни қандай яратган бўлсак шундай, битта-битта, яланғоч ва ялангоёқ ҳолда ҳузуримизга ҳисоб-китоб бериш учун келдингиз. Биз сизларга берган мол-дунёларнинг ҳаммасини ортингизга қолдириб келдингиз. Охиратда сизлар Аллоҳ ҳузурида воситачи бўлишини эътиқод қилган ва ибодатда Аллоҳнинг шериклари деб даъво қилган бут-санамларингизни сизлар билан бирга кўрмаяпмиз! Дунёда улар билан ўртангизда бўлган алоқаларингиз тамоман узилди, ибодатда булар Аллоҳга шериклар деб даъво қилган олиҳаларингиз ҳаммаси сиздан ғойиб бўлди ва сизлар ўзингиз, оилангиз ва молларингизга зиён қилган кимсалар эканингиз маълум бўлди” (Анъом, 94).

[1] Аҳмад, “Муснад”, (6/298), Муслим, (1294).
[2] Бухорий, “Фатҳул-Борий” (6/408).
[3] Бухорий, “Фатҳул-Борий” (10/88), Муслим, (13/183).
[4] Муслим, “Шарҳи Нававий” (14/185).
[5] Бухорий, (2587), Муслим, (148-149 бет).
[6] Бухорий, “Фатҳул-Борий”, (12/243), Муслим, (2156).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг