Оилавий муносабатлар (39): Фарзандларга…

0

Аллоҳ таоло барчангизни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Эй фарзанд, ота-онангга яхшилигингни аяма, тинмай яхшилик қил. Ота-онангга яхшилик қиляпсанми, йўқми, Аллоҳ кўриб, кузатиб турганини доим ёдингда тут. Зеро, уларга яхшилик қилишни Парвардигори олам буюргандир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй инсон, Раббинг ибодатни ёлғиз Унга қилишга ҳамда ота-онангга яхшилик қилишга буюрди. Хусусан, уларнинг бири ёки ҳар иккови кексайган ёшга етсалар, уларга бирор ножўя сўзни айта кўрма, ҳатто “уф” дема. Уларнинг сўзларини қайтарма. Балки, уларга доим мулойим ва яхши сўзларни сўзла. Ота-онангга меҳр кўрсатиб, хокисор ва тавозели бўл. Парвардигорга дуо қилиб, ота-онанг гўдаклик чоғингда сени тарбия қилишда сабр қилганлари каби, Раббингдан уларни ҳаётлик пайтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам Ўзининг кенг-мўл раҳмати билан раҳм қилишини сўра” (Исро, 23-24).

Ота-онага яхшилик қилиш борасида бир қанча оятлар келган:

Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч кимни шерик қилманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо қилинглар” (Нисо, 36).

Эй Пайғамбар, уларга айтинг: “Келинглар, мен сизларга Раббингиз сизлар учун ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: ибодатда маҳлуқотларидан бирор нарсани Унга шерик қилманг. Ота-онангизга яхшилик қилинг” (Анъом, 151).

Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни буюрдик. Онаси унга заифлик устига заифлик билан ҳомиладор бўлди. Унинг сутдан ажралиши икки йил муддат ичида бўлади. Биз унга дедик: “Аллоҳга шукр қил, сўнгра ота-онангга шукр қил. Албатта Менинг ҳузуримга қайтилади ва Мен ҳар кимга ўзига муносиб жазо ё мукофот бераман” (Луқмон, 14).

Биз инсонни ота-онасига яхши муомала қилишга, ҳаётлик чоғларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилишга буюрдик. Онаси қийналиб унга ҳомиладор бўлди, қийналиб дунёга келтирди” (Аҳқоф, 15).

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ворид бўлган, шулардан айримларини келтириб ўтамиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қайси амал энг афзалдир?” деб сўралганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Ундан кейин қайси амал?” дейилганда: “Кейин ота-онага яхшилик қилиш”, деб жавоб бердилар”[1].

“Яхшилик қилишимга энг ҳақли бўлган ким, кимга кўпроқ яхшилик қилай?” деб сўраган кишига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онангга”, деб жавоб бердилар. “Кейин кимга?” деган эди, яна: “Онангга”, дедилар. “Кейинчи?” деб сўраганида ҳам: “Онангга”, деб айтдилар. Тўртинчи бор: “Кейин кимга?” деган эди, “Кейин отангга”, дедилар”[2].

Эй фарзанд, шуни яхши билиб ол: ота-онага яхшилик қилиш, уларга итоат этиш яхши ишларда бўлади. Аммо Аллоҳга осий бўлинадиган ва ширк бўлган ишларда итоат қилинмайди. Аллоҳ таоло айтган: “Эй фарзанд, ота-онанг ўзинг билмайдиган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар ёки сени Аллоҳга маъсият бўладиган ҳар қандай ишга буюрсалар, уларга итоат қилма. Зеро, яратувчига гуноҳкор бўлиб, махлуққа итоат қилинмайди. Сен дунёда гуноҳ бўлмаган ишларда ота-онангга яхши муносабатда бўл” (Луқмон, 15).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак: ота-онангизга кўп яхшилик қилинг, уларга ширин сўзлар айтинг, ҳадялар беринг, чарчамай, зерикмай хизматларида бўлинг, хусусан кексайган пайтларида. Агар ота-онангиз оламдан ўтиб кетишган бўлса, улар ҳаққига кўп-кўп истиғфор айтинг, тириклик чоғларида борди-келди қилган яқинлари ва дўстлари ҳолидан хабар олиб туринг, сиз ҳам улар билан борди-келди қилинг.

[1] Бухорий, “Фатҳул-Борий”, (10/400), Муслим, (85).
[2] Бухорий, “Фатҳул-Борий”, (10/401), Муслим, (5/41).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг