Сийрат: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етган азиятлар (2)

0

Амакилари Абу Лаҳаб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ашаддий душманлардан эди. Шунингдек, унинг хотини Умму Жамил ҳам у зотга қаттиқ адоват қилар эди. У зот ҳақларида чақимчилик қилиб, одамлар ўртасида фасод тарқатар, йўлларига тиканлар, эшиклари олдига ахлатлар ташлаб қўяр эди. Шундай экан, улар ҳақида Аллоҳнинг қуйидаги таҳдид оятлари нозил бўлиши ажабланарли эмас:

Абу Лаҳабнинг қўллари қуриб, ҳалок бўлсин. Дарҳақиқат, у ҳалок бўлди ҳам. Унга мол-дунёси ҳам, бола-чақаси ҳам асқатмади. Яқинда у ҳам, тикан кўтариб юрган хотини ҳам ловуллаб турган дўзах ўтига киради. У хотиннинг бўйнида йирик толадан пишиқ эшилган арқон бўлгай” (Масад сураси).

Умму Жамил ўзи ва эри ҳақида оятлар нозил бўлганини эшитгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қидириб Масжидул Ҳаромга келди. У зот Каъба олдида Абу Бакр билан бирга ўтирган эдилар. Умму Жамилнинг қўлида бир тош бор эди. Уларнинг олдиларига келиб: “Эй Абу Бакр, дўстинг қани? Айтишларига қараганда, у мени ҳажв қилибди эмиш. Аллоҳга қасам, агар уни топсам, мана шу тош билан оғзини ёраман”, деб, орқасига қайтиб кетди. Абу Бакр: “Ё Расулуллоҳ, у сизни кўрмадими?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло унинг кўзларини мендан тўсди”, дедилар. Умму Жамил Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаб шеър айтар эди: “Музаммамдан бош тортдик, динини тарк этдик, амрига осий бўлдик”. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб хурсанд бўлар эдилар. Чунки мушриклар музаммамни сўкишар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ажабо, Аллоҳ таоло Қурайшни мени сўкишдан, менга лаънат айтишдан маҳрум этиб, уларни музаммамга лаънат айтадиган қилиб қўйди. Мен эса Муҳаммадман”[1].

Абу Лаҳаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шу қадар озор берар эдики, у зотнинг ортиларидан юриб, бозорларда, одамлар йиғиладиган жойларда, ҳаж мавсумларида одамларга хитоб қилиб: “Бу ёлғончи, унга ишонманглар”, дер эди[2].

Булар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга мушриклар тарафидан етказилган азиятларнинг айримларидир. Дарвоқе, мушриклар Макка даврининг охирларида у зотга суиқасд ҳам қилмоқчи бўлдилар[3]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига Қурайшдан етган азиятларни гапириб, бундай деганлар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ йўлида менга кўп хавф-хатар бўлдики, ҳеч кимга бу қадар хавф-хатар бўлмайди. Аллоҳ йўлида шунчалар азият чекдимки, биров ҳеч бу даражада азият чекмайди. Ўттиз кунлаб мен ва Билол егулик таом топа олмаганмиз, фақат Билол қўлтиғи остига яшириб олиб келган нарсагина бўларди, холос[4].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қадри баланд, бағоят шарафли инсон бўлишларига қарамай даъватни ошкор бошлаганларидан кейин оғир мусибатларга, катта машаққатларга дуч келдилар. Қурайшнинг эси пастлари у зотга кўп азиятлар берди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ўтирган жойдан ўтиб қолсалар, у зотни масхара қилишарди.  Истеҳзо билан: “Бу Ибн Аби Кабша[5], унга осмондан хабар келаётган эмиш”, дейишар эди.

Улар нафақат масхара қилишди ва руҳий азиятлар етказишди, балки у зотга жисмонан ҳам азиятлар беришди. Ҳатто Аллоҳнинг душмани Умайя ибн Халаф Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига тупуришгача борди[6]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам азиятлар тўхтамади. Балки янги режа тузилди. Янги душманлар пайдо бўлди. Дастлаб Маккада адоват фақат Қурайш томонидан содир этилган бўлса, энди Мадинанинг ичидан ҳам адоват қиладиган мунофиқлар топилди. Яҳудийлар ҳам бунга катта ҳисса қўшдилар. Маккадаги азиятлар сўкиш ва калтаклаш, масхара ва қамал қилишдан иборат бўлган бўлса, энди қуролли уруш олиб борилади. Қуролли урушда қон тўкилади, инсонлар қатл этилади. Бу эса молга ва жонга баробар талофатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари мана шундай бир-бирига уланган занжирдек имтиҳонлардан иборат бўлган эди. Лекин у зот Аллоҳ йўлида кўрган азиятлар сабабли заифлашиб қолмадилар. Балки вафот этгунларича Аллоҳдан ажр-савоблар умид қилиб, Унинг йўлида собитқадам бўлдилар[7].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам турли ўринларда одамнинг хаёлига келмайдиган азият, фитна ва оғир синовларни бошдан кечирдилар. Бу эса зиммаларига юкланган рисолатнинг буюклигига қараб бўлди. Шунинг учун у зот Раббилари тарафидан берилган улуғ мақомга, баланд даражага ҳақли бўлдилар. Ўз қавмларига шафқат қилиб, ўтмишдаги халқларга келган балолар уларга ҳам келиб қолишидан қўрқиб ва ислоҳотчи даъватчилар учун ўрнак ўлароқ, оғир мусибатларга сабр қилдилар[8]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг улуғ зот бўлганлари туфайли у зотга энг оғир синов ва мусибатлар берилди. Бу Аллоҳ йўлидаги даъватчилар учун Аллоҳнинг ўзгармас қонунидир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу айтади: Мен: “Ё Расулуллоҳ, инсонларнинг энг катта синовларга йўлиқадиганлари кимлар?” деб сўрадим. У зот: “Пайғамбарлар, сўнг уларга иймонда яқин бўлган, сўнг улардан кейинги мартабадагилардир. Одам динига қараб имтиҳон қилинади. Бандага балолар келаверади, ҳатто синовлар кўплигидан гуноҳлари ювилиб, ер юзида гуноҳсиз ҳолда юрадиган бўлади”, дедилар[9].

[1] Бухорий ривояти, 3533. Фатҳул-борий, 6/554-555-бетлар. (Музаммам – айбланган, Муҳаммад – мақталган деган маънони англатади).
[2] Абу Шаҳба, «Ас-сийра ан-набавия”, 1/293-бет.
[3] “Ас-сийра ан-набавия ас-саҳиҳа”, 1/153-бет.
[4] “Сунан ат-Термизий, 4/645. Ҳадис рақами: 2472. Ҳадисни Албоний “Саҳиҳул-жомеъ”да саҳиҳ санаган.
[5] “Ар-равз ал-анф”, 2/33 бет.
[6] “Ар-равз ал-анф”, 2/48 бет.
[7]«Ат-тамкин лил-уммат ал-исламия», 243-бет.
[8]  Сулаймон ал-Сувайкит, “Меҳнатул-муслимин фил-аҳд ал-маккий”, 197-бет.
[9] Ибн Можа ривояти, «Мусибатларга сабр қилиш боби», 4023.

Изоҳ қолдиринг