Оилавий муносабатлар (40): Ота-она ва фарзандларга…

0

Ҳурматли ота-оналар ва азиз фарзандлар, барчангиз Аллоҳнинг китоби Қуръонни ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини маҳкам тутинг, бўлиниш ва тарқоқликка олиб борадиган ишларга қўл урманг.

Аллоҳ учун яхши кўринг, Аллоҳ йўлида жамланинг ва Аллоҳ йўлига юрмайдиганлардан узоқ бўлинг. Жамланишингиз ҳам, ажралишингиз ҳам Аллоҳ учун бўлсин.

Яхши ишларни қилишда ва Аллоҳдан тақво қилишда ўзаро ҳамкорлик қилинг, бир-бирингизга кўмаклашинг. Гуноҳ ва маъсият қилишда, Аллоҳнинг чегараларидан чиқишда ҳамкорлик қилманг. Аллоҳнинг амрига хилоф қилишдан ҳазир бўлинг.

Дуоларингиз ижобат бўлиши учун еяётган таомингиз, ичаётган ичимлигингиз ва кияётган кийимларингиз ҳалолдан бўлишига эътибор беринг. Ҳаром еманг, ҳаром ичманг, ҳаром кийманг. Ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфланг.

Уйингизни тиловат, зикр, ҳамд-сано, такбир ва таҳлиллар билан обод этинг.

Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринг. Золим бўлса ёрдам бериш уни зулмдан қайтариш билан бўлади. Мазлумга эса ҳақини олиб бериш, шунга ҳаракат қилиш билан бўлади.

Вафот этган ака-укалар ҳаққига истиғфор айтинг, охиратни эслаш мақсадида қабрларни зиёрат қилинг. Бир кун келиб ҳаммамиз ҳам бу дунёдан ўтиб кетамиз. Зеро, ер юзидаги барча махлуқотлар фонийдир. Буюклик ва саховат эгаси бўлган Раббингизнинг юзигина қолади.

Аллоҳ таоло сизларни бир оилада, бир том остида Ўзининг тоати ва ибодатида жамлаганидек Фирдавс жаннатида, Аллоҳнинг ҳузурида беҳуда ва гуноҳ сўзлар бўлмаган ҳақ мажлисда ҳам жамлашини сўраб, дуолар қилинг.

Раббингиздан гуноҳларингизни кечиришини сўранг, тавба қилинг, У тавба қилган бандаларининг гуноҳларини кечирувчи зотдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўлланг, Аллоҳ таоло сизларга раҳматини ёғдиради.

Хотима

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Унинг фазли-марҳамати билан ушбу мўъжаз китоб ниҳоясига етди. Аллоҳ таолодан ушбу китобни ўзимга ва барча мусулмонларга фойдали қилишини сўраб қоламан. Китобда келтирилган оятлар ва ҳадислардан таъсирланиб Аллоҳга яқинлашимизни Аллоҳ насиб этсин. Бу китобни ўқигандан сўнг оила аъзолари бир-бирлари билан жипслашиб, қалблари улфат бўлишини, хулқ-атворлари, муомалалари яхшиланишини Аллоҳдан илтижо қиламан. Аллоҳ таоло бу китобни ёзган, уни ўқиган барчани, оила аъзолари билан бирга жаннатга мушарраф айласин.

Расулимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга, оилаларига, асҳобларига ва барча мусулмонларга салавот ва саломлар бўлсин.

Парвардигоро, Сенга тасбеҳ ва ҳамдлар айтаман. Сендан ўзга ҳақ маъбуд йўқ деб гувоҳлик бераман. Хато-камчиликларимга истиғфор айтаман ва тавба қиламан, Ўзинг кечир ва тавбамни қабул эт.

Абу Абдуллоҳ Мустафо Адавий
Таржимон: Камолиддин Иноятуллоҳ
14 Шаъбон 1442 ҳижрий сана
27 Март 2021 мелодий йил

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг