Биринчи ҳадис: (6) қай бири афзал: илм ўрганишми ёки жиҳод?

0

Масала: қай бири афзал: илм ўрганишми ёки Аллоҳ йўлида жиҳод қилишми?

Жавоб шундан иборатки, ҳукмга таъсир қилувчи бошқа ҳар қандай ташқи омилларни ҳисобга олмаганда илм ўрганиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан афзалдир. Чунки барча одамлар илмга муҳтож. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Нияти холис бўлган кишига нисбатан илм ўрганишга тенг келадиган нарса йўқ”. Ҳеч қачон жиҳод (ихтиёрий ҳолатда, яъни фатҳ қилинмаган ўлкаларга юриш қилинган чоғда) барча мусулмонларга фарзи айн бўлиши мумкин эмас. Сабаби Аллоҳ таоло шундай дейди: “Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас” [Тавба: 122]. Агар жиҳод фарзи айн бўлганида барча мусулмонларга вожиб бўлган бўлур эди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб,  (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида,  у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!” [Тавба: 122]. Лекин ҳукм шахс ва замонга қараб ўзгаради. Баъзан қайсидир шахсга: “Сен учун жиҳод қилиш афзал”, – десак, бошқа бир кишига: “Сенинг илм олганинг маъқул”, – деймиз. Агар инсон жасур, кучли, жисмонан тетик бўлса, айни пайтда зеҳни у даражада кучли бўлмаса, у ҳолда унинг жиҳод қилгани афзал. Негаки, жиҳод қилиш унга муносиброқ. Борди-ю, бир киши зеҳн-заковатли, Қуръонни ёд олган, баҳс ва мунозарага салоҳияти кучли бўлса, бундай шахснинг илм ўрганиши афзалдир. Бу ҳукмнинг шахс ҳолатига қараб ўзгариши эди. Ҳукмнинг замонга қараб ўзгаришига келсак, агар биз уламолар сероб бўлган, сарҳад ва жабҳалар жангчи қўриқчиларга муҳтож бўлган замонда яшаётган бўлсак, у ҳолда жиҳод қилиш илм олишдан афзал. Аксинча, биз жаҳолат кенг тарқаган, жамиятда бидъат-хурофотлар урчиган бир замонда яшаётган бўлсак, унда илм олиш афзалдир. Уч нарса борки, бу нарсалар илм ўрганишни кескин вазифага айлантириб қўяди:

1– жамиятда турли бидъатлар бош кўтара бошлаши;

2– илмсиз фатво берилиши;

3– шаръий масалаларда илмсиз низо ва тортишувларнинг кўпайиши.

 Агар илм ва жиҳоддан бирини иккинчисидан афзаллигини кўрсатадиган омил бўлмаса, у ҳолда илм афзал.

Изоҳ қолдиринг