Чақалоққа оид ҳукмлар (17): Ақиқа қилиш мустаҳаб бўлган вақт

0

Саккизинчи бўлим

Ақиқа қилиш мустаҳаб бўлган вақт

Абу Довуд «Китоб ал-масоил»да айтади: «Абу Абдулоҳ (Имом Аҳмад) бундай деганини эшитдим: “Ақиқа еттинчи куни сўйилади”»[1].

Солиҳ ибн Аҳмад айтади: «Отам ақиқа тўғрисида бундай деди: “Еттинчи куни сўйилади. Бўлмаса, ўн тўртинчи куни, у ҳам бўлмаса, йигирма биринчи куни сўйилади”»[2].

Маймуний деди: «Абу Абдуллоҳдан: “Бола номидан қачон ақиқа қилинади?” деб сўрадим. У деди: “Ойша айтишича, еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи кунлари”».

Абу Толиб айтади: «Аҳмад бундай деди: “Ақиқа йигирма биринчи куни сўйилади”». Иқтибос тугади.

Бунга далил аввалроқ Самурадан ривоят қилиб келтирилган ушбу ҳадисдир: «Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади. Унинг номидан еттинчи куни қўй сўйилади ва исм қўйилади»[3]. Термизий: «Саҳиҳ ҳадис», деган[4].

Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: «Менга Муҳаммад ибн Амр Ибн Журайждан, у Яҳё ибн Саиддан, у Амра бинти Абдураҳмондан, у Ойша разияллоҳу анҳодан шундай хабар берди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн номидан еттинчи куни ақиқа қилдилар ва уларниг бошларидан озорни кетказишга (сочларини олишга) буюрдилар”»[5].

Абу Бакр ибн Мунзир айтади: «Бизга Муҳаммад ибн Исмоил ас-Соиғ Абу Жаъфар ар-Розийдан, у Абу Зуҳайр Абдураҳмон ибн Маиндан, у Муҳаммад ибн Исҳоқдан, у Амр ибн Шуайбдан, Амр отасидан, отаси бобоси (Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни етти кунлик бўлганида чақалоққа исм қўйишга, ақиқа қилишга ва ундан азиятни кетказишга буюрдилар”[6].

Барча уламолар айтган гап шудир. Биз фақат улардан бизга етиб келган гапларни айтамиз. Мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис бу борада энг мўътабар ривоят ҳисобланади. Имом Аҳмад ҳам Ойша разияллоҳу анҳонинг гапига таянганини Маймуний ривоятида кўрдик.

Шунингдек, Ҳасан Басрий ва Қатода ҳам: “Бола номидан еттинчи куни ақиқа қилинади”, деганлар»[7].

Абу Умар айтади: «Ҳасан Басрий: “Ўғил бола номидан дастлабки етти куннинг бирида ақиқа қилинади. Агар ақиқа қилинмаса, (вояга етганида) ўзининг номидан ақиқа қилади”, дер эди.

Лайс ибн Саъд айтади: “Чақалоқ номидан аввалги етти куннинг бирида ақиқа қилинади. Агар аввалги етти кунда ақиқа қила олмай қолсалар, кейинроқ ақиқа қилинса ҳам бўлаверади. Аввалги етти кундан сўнг ақиқа қилиш вожиб эмас”».

Абу Умар деди: «Лайс ибн Саъд аввалги етти кунда ақиқа қилишни вожиб деб билар эди.

Ато айтади: “Агар еттинчи куни ақиқа қилолмай қолсалар, уни кейинги еттинчи кунга кечиктиришни мустаҳаб деб биламан”.

Шунингдек, Аҳмад, Исҳоқ ва Шофеий ҳам шундай деганлар. Молик иккинчи еттинчи кундан ортиғини айтмаган.

Ибн Ваҳб деди: “Бола номидан учинчи етти кунликда ақиқа қилса ҳам бўлади. Ойша, Ато, Аҳмад ва Исҳоқ ҳам шу фикрда бўлганлар”.

Молик айтади: “Бола туғилган кун ҳисобга қўшилмайди. Фақат ўша куннинг тунида – бомдоддан аввал туғилган бўлса, ҳисобга олинади”»[8].

Даллиллардан кўринишича, ақиқани муайян кунларга чеклаш фақат мустаҳаблик юзасидан айтилган. Агар бола номидан еттинчи, саккизинчи, ўнинчи ёки ундан кейинги кунлари ақиқа қилса ҳам ҳисобга ўтаверади. Эътиборли жиҳати ақиқа сўйиладиган кундир, пишириладиган ва ейиладиган кун эмас.

[1] «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Абу Довуд ривояти), 256-бет. Шунингдек, қаранг: Абу Яъло. «Ат-тамом лима саҳҳа фир-ривоятайни вас-салоси вал-арбаи анил-имом», 2/236-237.
[2] «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Солиҳ ривояти), 2/210.
[3] Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 9/519.
[4] Қаранг: «Сунани Термизий», 4/101.
[5] Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да (12/27) 5311-рақам билан ривоят қилган, Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий уни маъқуллаган (4/237). Шунингдек, ҳадисни Байҳақий «Сунан»да (9/299) ривоят қилган.
[6] Қаранг: Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 8/240. «Дор ал-қибла» нашрида эса: 12/326.
[7] Ибн Мунзир. «Ал-ишроф ала мазоҳиб ал-уламо», 3/418.
[8] Бу фикрларнинг барчаси Ибн Абдулбарнинг «Ат-тамҳид» (4/312-316) ва «Ал-истизкор» (5/551-552) китобларида келган.
Шунингдек, қуйидаги манбаларга қаранг: Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 12/326-327; Айний. «Умдат ал-қорий», 21/88; Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/396-397; «Ал-мубдиъ», 3/301; Мардовий. «Ал-инсоф», 4/111; Ибн Ҳазм. «Ал-муҳалло», 7/528-529.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг