Намоз: Намозга такбир айтилганда нафл ўқимаслик

0

Олтинчидан: Намозга такбир айтилганда нафл ўқимаслик

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намозга иқомат айтилганда фарздан бошқа намоз йўқдир»[1] (Жамоат ривояти, Бухорийдан ташқари). Имом Аҳмадга оид бир ривоятда: «…иқомат айтилган намоздан бошқа»[2], дейилган.

Ушбу ҳадис намозга иқомат айтилганда нафл намозни бошлаш жоиз эмаслигини кўрсатади. Уламолар билдирган фикрлар ичидаги энг тўғри фикр шудир. Аммо бу пайтда нафл намозни бошласа, намози дуруст бўладими, йўқми?

Ҳадисдан зоҳир бўлишича, бу пайтда ўқилган нафл намоз боғланмайди ҳам, дуруст ҳам бўлмайди. Чунки ҳадисдаги «намоз йўқдир» деган ибора мутлақ намоз жинсини рад этади.

Инсон нафл намоз ўқиб турган пайтда фарзга иқомат айтилса, намозни охирига қадар ўқийдими ёки намозни бузиб, фарзга қўшиладими?

Бу борадаги энг мўътадил фикрга кўра, нафлни охирига қадар ўқиса такбири таҳримани имом билан бирга айтишга улгурмайдиган бўлса, намозни бузади. Аммо такбири таҳримани имом билан айтишга улгуришига кўзи етса, у ҳолда намозини охирига қадар ўқиб, сўнг имом билан бирга такбири таҳримани айтади.

[1] Муслим (710), Абу Довуд (1266), Термизий (421), Ибн Можа (1151), Насоий (2/116) ривояти.
[2] Ҳасан. Имом Аҳмад ривояти, 2/352.

Изоҳ қолдиринг