Чақалоққа оид ҳукмлар (18): Ақиқа қилиш унинг қийматини ортиғи билан беришдан яхшироқдир

0

Тўққизинчи бўлим

Ақиқа қилиш унинг қийматини ортиғи билан беришдан яхшироқдир

Халлол айтади: «Ақиқага оид мустаҳаб амаллар ва ақиқанинг садақадан афзаллиги ҳақида боб».

Бизга Сулаймон ибн Ашъас хабар берди: «Абу Абдуллоҳдан ақиқага оид ушбу савол сўралганида мен эшитиб турган эдим: “Сизга ақиқа қилиш суюклироқми ёки камбағалларга унинг қийматини беришми?” У: “Ақиқа”, деб жавоб берди»[1].

Абу Ҳорис ривоятида Имом Аҳмаддан ақиқа ҳақида сўралганида бундай деган: «Агар ақиқа учун қарз олса, Аллоҳ тезда ўрнини тўлдиришига умид қиламан. Чунки у суннатни жонлантирган бўлади»[2].

Ўғли Солиҳ Имом Аҳмадга бундай деди: «Бир одам фарзандли бўлади, аммо ақиқа қилишга ҳеч нарсаси бўлмайди. Сизнингча, у қарз олиб боласи учун ақиқа қилгани яхшими ёки имкон топгунича ақиқани кечиктирганими?»

У деди: «Ақиқа тўғрисида мен эшитган энг қаттиқ гап Ҳасан Самурадан, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: “Ҳар бир бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади[3] ҳадисидир. Агар ақиқа учун қарз олса, Аллоҳ тезда унинг ўрнини тўлдиришига умид қиламан. Чунки бу одам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бирини жонлантирган ва у зот олиб келган шариатга эргашган бўлади». Иқтибос тугади[4].

Чунки ақиқа Аллоҳнинг ота-онага ато этган навбатдаги неъмати муносабати билан жорий этилган суннат ва қурбонликдир. Ақиқада яна бир нозик сир бор: Исмоил алайҳиссалом номидан қўчқор сўйиб қурбонлик қилинди ва Аллоҳ уни Исмоилдан фидо ўлароқ қабул этди. Шундан сўнг унинг авлодига бу иш суннат ва мерос бўлиб қолди. Бинобарин, унинг зурриётидан бири фарзанд кўрса, унинг номидан жонлиқ сўйиб қурбонлик қилар эди.

Шунингдек, бола ақиқа сабабли шайтоннинг зараридан ҳимояланиши ҳам инкор этилмайди, худди уни бачадонга тушираётганда шайтон зарари тегмаслиги учун Аллоҳнинг исми ёд этилгани каби. Шунинг учун ота-онаси унга ақиқа қилмаган аксар одамларнинг шайтон тузоғига илинганини топасиз.

Аслида шариат асрорлари бундан каттароқ. Шу боис, ақиқа қилиш  ўғил ва қиз фарзанд учун баб-баравар суннатдир, гарчи ўрталарида унинг миқдори борасида тафовут бўлса ҳам.

Аҳли китобларга келсак, улар қиз болага ақиқа қилишмайди. Ақиқа уларда фақат ўғил бола учун хос иш ҳисобланади. Дарҳақиқат, салафлардан баъзилари ҳам шу фикрда бўлганлар.

Абу Бакр ибн Мунзир айтади: «Бу бобда учинчи фикр ҳам бор. Ҳасан ва Қатоданинг фикрича, қиз бола учун ақиқа қилиш шарт эмас»[5].

Бу заиф фикрдир, унга эътибор берилмайди. Чунки суннат уни бир неча тарафлама рад этади. Бу ҳақда келгуси бўлимда баён этамиз.

Шундай қилиб, ақиқа учун жонлиқ сўйиш унинг қийматини ортиғи билан садақа қилишдан ҳам афзал бўлди, худди ҳажда ва (Қурбон байрамида) қилинадиган қурбонлик каби. Асл мақсад бўғизлаш ва қон оқизишдир. Чунки у намоз билан ёнма-ён зикр қилинган ибодатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Раббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй» (Кавсар, 2);

«Айтинг: “Менинг намозим ҳам, жонлиқ бўғизлашим ҳам, ҳаётим ҳам, ўлимим ҳам бутун оламлар Рабби Аллоҳ таоло учундир”» (Анъом, 162).

Ҳар бир умматнинг ўзига хос ибодат ва қурбонликлари бор-ки, бошқаси уларнинг ўрнини босолмайди. Шунинг учун ҳам инсон таматтуъ ва қирон нияти билан қилган ҳаж ибодатида жонлиқ сўйиш ўрнига унинг қийматини бир неча баробар қилиб садақа қилса ҳам унинг ўрнига ўтмайди. Қурбонлик ҳам шундай, валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Абу Довуд ривояти), 265-бет.
[2] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Солиҳ ривояти), 2/208; Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/395.
[3] Ҳадис тахрижи аввалроқ ўтди.
[4] Яъни Халлолдан келтирилган иқтибос тугади. Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Солиҳ ривояти), 2/210-212.
[5] Ибн Мунзир. «Ал-ишроф ала мазоҳиб ал-уламо», 3/415.
Шунингдек, қаранг: «Ат-тамҳид», 4/317; «Ал-истизкор», 5/550-554; Абдураззоқ. «Мусаннаф», 4/331; Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 12/331; «Ал-муҳалло», 7/523.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг