Намоз: Фарзга тобе бўлган суннат намозлар

0

Суннат намозлар

Биринчидан: Фарзга тобе бўлган суннат намозлар

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан пешиндан олдин икки ракаат, пешиндан кейин икки ракаат, шомдан кейин икки ракаат, хуфтондан кейин икки ракаат ва бомдоддан олдин икки ракаат (суннат намозларни доимий ўқиганлари)ни эслаб қолдим»[1].

Шу маънодаги ҳадис Ойша разияллоҳу анҳодан ҳам собит бўлган. Фақат унинг ҳадисида пешиндан олдинги суннат намозининг тўрт ракаат экани айтилган[2].

Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам  айтдилар: «Ким бир кеча-кундузда фарз намозлардан ташқари ўн икки ракаат (суннат намоз) ўқиса, жаннатда унга атаб бир уй қурилади». Термизий ривоятида: «пешиндан олдин тўрт ракаат, пешиндан кейин икки ракаат, шомдан кейин икки ракаат, хуфтондан кейин икки ракаат ва бомдод намозидан олдин икки ракаат»[3], дейилган.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шу бобга доир ҳадислар ушбу ўн икки ракаат намознинг таъкидли суннат (суннати муаккада) эканини кўрсатади. Бу намозлар фарзларга тобе (яъни улардан олдин ё кейин ўқиладиган) суннат намозлардир»[4].

Қуйида ҳар бир фарз намозга тобе бўлган суннат намозларни алоҳида баён қиламиз.

Пешиннинг суннати

Юқорида Ҳафса ва Ойша разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадислар пешиндан олдинги суннат намознинг тўрт ракаат эканини кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда пешиндан олдин суннатнинг икки ракаат экани айтилган. Бу ҳадислар ўртасида зиддият йўқ. Чунки Ибн Умар разияллоҳу анҳумо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида ўқиган икки ракаатдан бехабар қолган бўлиши мумкин.

Пешин намозидан кейинги суннат намозга келсак, ҳадислар унинг икки ракаат эканини кўрсатади. Шунга қарамай, пешиндан кейин тўрт ракаат суннат ўқиш фазилати ҳақида ҳам ҳадис собит бўлган. Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким пешиндан олдин тўрт ракаат ва пешиндан кейин тўрт ракаат (суннат) намоз ўқиса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», деганларини эшитганман»[5].

Бинобарин, уламоларнинг пешин намозига оид суннат намозлар борасидаги хулосаси қуйидагича:

а) Таъкидли суннат: пешиндан олдин тўрт ракаат ва пешиндан кейин икки ракаат.

б) Таъкидсиз суннат: пешиндан кейин (суннати муаккада бўлган икки ракаатга қўшимча) яна икки ракаат.

Тўғрироқ фикрга кўра, суннат намозлар ва шу жумладан пешиннинг суннати ҳам икки-икки ракаатдан ўқилади. Абу Айюб разияллоҳу анҳунинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган «Пешиндан олдин бир салом билан ўқилган тўрт ракаат суннат намоз учун осмонлар эшиклари очилади»[6] деган ҳадисга келсак, ушбу ҳадис заиф ҳадисдир. Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис ҳақида: «Заифлигига иттифоқ қилинган», деган[7].

Асрнинг суннати

Ҳадисда собит бўлишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар икки азон ўртасида намоз бор»[8], деганлар. Ҳадисдаги «икки азон» иборасидан азон ва иқомат назарда тутилган.

Шунга кўра, асрдан олдин намоз ўқиш машруъдир. Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан олдин тўрт ракаат (суннат) намоз ўқир, улар ўртасини (яъни ҳар икки ракаатни) салом (ёхуд ташаҳҳуд) билан ажратар эдилар»[9].

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Асрдан олдин тўрт ракаат намоз ўқиган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин»[10].

Ушбу ҳадислар асрдан олдин тўрт ракаат намоз ўқиш мустаҳаблигини кўрсатади. Бироқ уламолар бу намозни таъкидли суннат намозлардан эмас, балки таъкидсиз суннат ёхуд мустаҳаб намозлардан санашган.

Асрдан кейин ўқиладиган суннат намоз борми?

Имом Аҳмаддан асрдан кейинги икки ракаат ҳақида сўралганда: «Мен ўқимайман, лекин ўқиганга эътирозим йўқ», деб жавоб берган.

Ибн Ҳазмнинг фикрича, асрдан кейин икки ракаат намоз ўқиш суннатдир. Ибн Ҳазм бунга далолат қиладиган бир қанча ҳадисларни, жумладан Ойша разияллоҳу анҳонинг: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг ҳузуримда асрдан кейин икки ракаат намоз ўқишни ҳеч канда қилмас эдилар»[11] деган сўзини келтирган. Шунингдек, у йигирмадан ортиқ саҳобадан ўз фикрини қувватлайдиган нақллар келтирган[12].

Аммо жумҳур уламоларнинг фикрича, асрдан кейин намоз ўқиш машруъ эмас.

Шомнинг суннати

Шомдан олдин суннат намоз ўқишга келсак, «Ҳар икки азон ўртасида намоз бор» деган ҳадиснинг умумий мазмунидан келиб чиқиб, шомдан олдин икки ракаат намоз ўқиш мустаҳабдир. Қолаверса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Шомдан олдин намоз ўқинглар, шомдан олдин намоз ўқинглар, шомдан олдин намоз ўқинглар», деганлари, учинчисидан сўнг: «Хоҳлаганлар учун»[13] деган сўзлари ҳам шомдан олдин намоз ўқиш мустаҳаблигини кўрсатади.

Шомдан кейин намоз ўқишга келсак, Ибн Умар, Ойша, Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинганидек, шомдан кейин икки ракаат намоз ўқиш таъкидли суннатдир. Мазкур суннат намознинг биринчи ракаатида «Кофирун» сурасини, иккинчи ракаатида эса «Ихлос» сурасини ўқиш мустаҳаб саналади[14].

Хуфтоннинг суннати

Юқоридаги ҳадислардан хулоса қиладиган бўлсак, хуфтондан олдин икки ракаат таъкидсиз суннат ва хуфтондан кейин икки ракаат таъкидли суннат намози бор.

Бомдоднинг суннати

Бомдоддан олдин икки ракаат намоз ўқиш таъкидли суннатдир. Бомдоднинг суннатига тааллуқли бир қанча ишлар мавжуд:

а) Енгил ўқиш

Бомдоднинг суннатини намознинг вожибларига путур етмайдиган даражада енгил ўқиш суннатдир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоддан олдинги икки ракаат суннатни енгил ўқир эдилар. Ҳатто у зот ушбу икки ракаат намозда «Фотиҳа»ни ўқидилармикан?» деб ўйланиб қолар эдим»[15].

б) Сафарда ҳам, муқимликда ҳам тарк қилмаслик

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоднинг суннатини сафарда ҳам, муқимликларида ҳам қолдирмай ўқир эдилар. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоднинг икки ракаат суннатига эътибор қилганларидек бошқа нафл намозларга эътибор қилмас эдилар»[16].

в) Муайян сура ёки оятларни қироат қилиш мустаҳаблиги

Бомдод суннатининг биринчи ракаатида «Кофирун» сурасини, иккинчи ракаатида эса «Ихлос» сурасини[17] ёки биринчи ракаатида «Бақара» сурасининг 136-ояти («Қуулуу ааманна биллааҳи ва маа унзила илайнаа»)ни, иккинчи ракаатида «Оли Имрон» сурасининг 52-ояти («Қул йа аҳлал китааби таъаалав илаа калиматин савааин…»)ни[18] қироат қилиш мустаҳаб саналади.

г) Намоздан кейин ёнбошлаб ётиш

Бомдоднинг суннатидан кейин ёнбошлаб ётиш суннатдир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоднинг суннатини ўқиб бўлсалар, ўнг томонлари билан ёнбошлаб ётар эдилар». Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоднинг суннатини ўқиб бўлсалар, агар мен уйғоқ бўлсам, мен билан суҳбатлашар, акс ҳолда, ёнбошлаб ётар эдилар»[19].

Уламолар мазкур ёнбошлаб ётиш ҳукми хусусида бир неча фикрларни билдиришган. Улар ичидаги энг тўғрироғи Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ билдирган фикрдир. Унга кўра, бу иш кечаси таҳажжуд намози ўқиганлар учун суннатдир. Чунки бундай кишилар бомдоднинг фарзини тетик ҳолда ўқишлари учун бироз хордиқ чиқаришга муҳтож бўладилар. Шунингдек, бу фикрни Ибн ал-Арабий Моликий ҳам ихтиёр этган ва Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ тўғрироқ деб билган[20].

Жума ва икки ҳайит намозларининг суннати

Жума ва икки ҳайит намозларига оид суннат намозларни кези келганда, мазкур намозлар ҳақида сўз юритганимизда баён этамиз, иншааллоҳ.

Қуйидаги жадвалда фарз намозлардан олдин ёки кейин ўқиладиган суннат намозлар хулосаси келтирилган:

Фарз намозлар

Олдинги суннатлар

Кейинги суннатлар

Таъкидли суннат

Таъкидсиз суннат

Таъкидли суннат

Таъкидсиз суннат

Пешин

4 ракаат

—-

2 ракаат

2 ракаат

Аср

—-

4 ракаат

—-

2 ракаат (ихтилофли)

Шом

—-

2 ракаат

2 ракаат

—-

Хуфтон

—-

2 ракаат

2 ракаат

—-

Бомдод

2 ракаат

—-

—-

—-

[1] Бухорий (937), Муслим (729), Абу Довуд (1252), Термизий (425), Насоий (2/119) ривояти.
[2] Муслим (730), Абу Довуд (1251), Термизий (439), Насоий (3/220), Ибн Можа (1228) ривояти.
[3] Муслим (728), Абу Довуд (1250), Термизий (415), Насоий (3/261) ривояти.
[4] «Найл ал-автор», 3/19-бет.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (1269), Термизий (427), Ибн Можа (1160), Насоий (3/263) ривояти.
[6] Абу Довуд (1270), Ибн Можа (1157) ривояти.
[7] «Ал-мажмуъ», 4/56-бет. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис тўғрисида турлича фикр билдирган. Масалан, «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (898), шунингдек, «Саҳиҳи Ибн Хузайма»га (1214) изоҳида бу ҳадисга «ҳасан» деб ҳукм қилган. Бироқ «Саҳиҳ ат-тарғиби ват-тарҳиб»да ҳадисдаги «бир салом билан ўқилган» деган иборадан бошқасини «ҳасан» деган. Мазкур қўшимчани эса заифга чиқарган. Шу фикр тўғрироқдир, валлоҳу аълам.
[8] Бухорий (627), Муслим (838), Термизий (185), Ибн Можа (1162) ривояти.
[9] Саҳиҳ. Термизий ривояти, 429. Ҳадисни Термизий ҳасан, Албоний «Саҳиҳи Термизий»да саҳиҳ деган.
[10] Абу Довуд (1271), Термизий (430), Ибн Хузайма (1193), Ибн Ҳиббон (2453) ривояти. Шайх Албоний «Ат-таълиқ ала Ибн Хузайма»да ҳадис санадини ҳасан деган.
[11] Бухорий (591), Муслим (835), Насоий (1/280) ривояти.
[12] Қаранг: «Ал-муҳалло», 285-масала.
[13] Бухорий (1183, 7368), Абу Довуд (1281) ривояти.
[14] Термизий (431), Насоий (2/170), Ибн Можа (1166) ривояти.
[15] Бухорий (1165), Муслим (724), Абу Довуд (1339), Насоий (2/156) ривояти.
[16] Бухорий (1163), Муслим (724), Абу Довуд (1254) ривояти.
[17] Муслим (726), Абу Довуд (1256), Насоий (2/155), Ибн Можа (1148) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан, шунингдек, Термизий (417), Насоий (2/170), Ибн Можа (1149) Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган. Ҳадис санади саҳиҳдир.
[18] Муслим (727) Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган.
[19] Бухорий (1160, 1168), Муслим (736), Абу Довуд (1262), Термизий (440), Насоий (3/252) ривояти.
[20] Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ бомдоднинг суннатидан кейин ёнбошлаб ётишни вожиб деган. Албатта, бундай дейиш ҳақиқатдан йироқдир. У ўз фикрини исботлаш учун Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги ёнбошлаш тўғрисидаги буйруқни далил қилган. Бироқ бу ҳадис тўғрисида танқид ва эътирозлар бор. Ибн Қаййим «Зод ал-маод»да (1/319) нақл қилишича, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни «маълул» (заиф) деган. Тўғри фикрга кўра, мазкур амал (ёнбошлаш) борасида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғзаки буйруқлари собит бўлмаган, балки у зотнинг шундай қилганлари кўрилгани собит бўлган.

Изоҳ қолдиринг