Иблиснинг Одам ва Ҳавво алайҳимассаломга васваса қилиши (10)

0

Иблиснинг Одам ва Ҳавво алайҳимассаломга васваса қилиши

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шайтон улар  иккисини ундан четлатди” [Бақара: 36]. Яъни, жаннатдан четлатди. “Ва улар иккисини ўзлари яшаб турган макондан чиқарди” [Бақара: 36]. Яъни, Иблис Одам ва Ҳаввонинг қалбига қутқу солган ва зийнатлаган нарса туфайли уларни яшаб турган фаровон ҳаёт,  шодлик ва хурсандчиликдан чарчоқ, машаққат ва танглик диёрига чиқарди.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: “Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди”,  деди” [Аъроф: 20]. Иблис улар иккисига шундай дейди: “Аллоҳ сизларни фариштага айланмасин ёки жаннатда мангу қолувчилардан бўлиб қолмасин, дея сизларни бу дарахтдан қайтарди, холос.  Яъни, сиз иккингиз бу дарахтдан есангиз ана шундай бўлиб қоласиз”. “Ва улар иккисига қасам ичди” [Аъроф: 21]. Яъни, Иблис улар иккисига бу гапи учун “Албатта мен сиз иккингизга (сизнинг фойдангизни кўзловчи холис) насиҳат қилгувчиларданман”  [Аъроф: 21], дея қасам ичди. Шунингдек, Иблис бошқа бир оятда шундай дейди: “Сўнг шайтон унга васваса қилиб:  “Эй Одам,  мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”, деди” [Тоҳа: 120].  Яъни, Иблис Одамга қарата: “Агар унинг мевасидан есанг яшаб турган фаровон ҳаётингда сен учун мангулик ҳосил бўладиган ва битмас-туганмас молу-давлатда давомли яшаш имкониятига эришадиган дарахтни кўрсатайми?” – деди. Бу Иблис томонидан алдамчилик, кўз бўямачилик ва воқийликка зид маълумот бериш эди.

Иблиснинг “Абадият дарахтини” [Тоҳа: 120], деган сўзидан мақсад, ундан еган кишини жаннатда мангу қилиб қўядиган дарахтдир. Эҳтимол, бу дарахт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларида зикр қилинган дарахтдир: “Дарҳақиқат,  жаннатда шундай бир дарахт борки, отлиқ унинг соясида юз йил йўл боссада дарахт соясининг ниҳоясига етолмайди[1].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас,  алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди.  Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар” [Аъроф: 22]. Шунингдек, Тоҳа сурасида шундай дейди: “Бас,  (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар” [Тоҳа: 121].

[1] Бухорий (3252 – ҳадис) ва Муслим (2826 – ҳадис) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг