Намоз: Суннат намозларнинг қазоси

0

Суннат намозларнинг қазоси

Инсон унутиш ёки ухлаб қолиш сабабли суннат намозларни ўқишга имкон топмай қолса, уларнинг қазосини ўқиши жоиздир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким намозга ухлаб қолса ёки намоз эсидан чиқиб қолса, эслаган пайтида ўқисин»[1], деган сўзларининг умумий мазмуни шуни кўрсатади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам (баъзи ишлар билан машғул бўлиб) пешиндан кейинги икки ракаат суннатни ўқишга имкон топмадилар ва уни асрдан кейин ўқидилар[2]. Бу ҳадислар ҳам олдин ўтган эди.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Суннат намозларни ўқишни унутиб қўйган ёки ухлаб қолиб ўқимаган киши намоз ўқиш макруҳ вақтларда бўлса ҳам уларнинг қазосини ўқиши жоиздир. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиннинг икки ракаат суннатини асрдан кейин ўқиганлар.

  2. Суннат намозларни қасддан ўқимаган киши вақт чиққандан кейин уларнинг қазосини ўқиши дуруст эмас. Аммо бирон иш билан машғул бўлиб ёки унутиб ўқий олмаган бўлса, у ҳолда қазосини ўқиш жоиздир.

  3. Бомдоднинг икки ракаат суннатини намоздан олдин ўқишга имкон топмаган киши уни намоздан кейин ўқиши жоиз. Шунингдек, қуёш чиққандан кейин ўқиши ҳам жоиз бўлиб, шуниси афзалроқдир. Қайс ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоддан кейин икки ракаат намоз ўқиётган кишини кўрдилар. «Бомдод намози икки ракаатдир», дедилар. Ҳалиги киши: «Мен бомдоддан олдинги икки ракаат суннатни ўқимаган эдим, уни энди ўқидим», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар»[3]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бомдод намози икки ракаатдир» деган гапни ҳалиги кишига эътироз тарзида гапирдилар. Чунки у икки ракаат фарздан кейин яна икки ракаат ўқиди. Гуёки бомдоднинг фарзини тўрт ракаат ўқигандек бўлди. Шу боис ҳадиснинг баъзи ривоятларида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Бомдодни тўрт ракаат ўқидингми?!» деб эътироз билдирганлар.

Бомдод суннатининг қазосини қуёш чиққандан кейин ўқишга келсак, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бунинг жоизлигига далолат этади. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бомдоднинг икки ракаат (суннат)ини ўқимаган бўлса, қуёш чиққандан кейин ўқиб олсин»[4].

Бу суннатнинг қазосини қуёш чиққандан кейин ўқиш афзалдир, дейишимизга сабаб, ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилишга бевосита буюрганларидир. Аммо унинг қазосини фарздан кейин ўқиш жоизлиги у зотнинг сукут қилганларидан, саҳобанинг ишига иқрор бўлганларидан олинган. Маълумки, бирон ишнинг жоизлигини ифода этишда ўша ишга сўз билан буюриш унга шунчаки иқрор бўлишдан устун туради. Қолаверса, унинг қазоси қуёш чиққандан кейин ўқилади, дейиш уни ўз вақтида фарздан олдин ўқишга, бу суннатга эътибор қаратишга ундайди. Зеро, кўпчилик инсонлар бомдоднинг суннатини ўз вақтида ўқишга бепарво эканларини кўрмоқдамиз. Масжидда фарз намоз тугагандан сўнг кўпчилик намозхонлар ўринларидан туриб, суннатни ўқишга киришадилар. Гуёки бу суннат аслида фарздан олдин эмас, кейин ўқиладигандек бўлиб қолган. Бинобарин, уни ўз вақтида фарздан олдин ўқишга дангасалик ва эътиборсизлик қилмаслик, бирон жиддий сабаб бўлмаса бу муҳим суннатни қазо қилмаслик мақсадга мувофиқдир.

  1. Витр ва таҳажжуд (ёхуд тунги намоз)нинг қазоси ҳақида ушбу намозларга бағишланган бобларда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1] Муслим (684), Абу Довуд (442), Термизий (178), Насоий (1/293), Ибн Можа (695) ривояти. Бухорий ушбу ҳадисни қуйидаги жумлалар билан ривоят қилган: «Ким намозни унутиб қўйса, эсига тушганда ўқисин. Унутилган намознинг ундан бошқа каффорати йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло: «Мени эслаш учун намоз ўқинг» (Тоҳа, 14), дейди».
[2] Бухорий (1233), Муслим (834) ривояти.
[3] Абу Довуд (1267), Термизий (422), Ибн Можа (1154) ривояти. Ушбу ҳадиснинг санади саҳиҳ бўлган бошқа бир ривояти ҳам мавжуд бўлиб, уни Ибн Хузайма (1116) ва Ҳоким (1/274-275) ривоят қилишган.
[4] Саҳиҳ. Термизий (423), Ибн Можа (1154), Ибн Хузайма (1117) ривояти.

Изоҳ қолдиринг