Абу Бакрнинг калтакланиши ҳодисасидан олинадиган ибратли сабоқлар:
Абу Бакрнинг кофирлар олдида Исломни ошкор эълон қилишга ҳарис бўлганлиги. Албатта бу унинг иймони нақадар қувватли эканини кўрсатади. Дарҳақиқат, буни амалга оширишда кучли азиятларга дуч келди ва сабр қилди. Ҳатто қаттиқ калтакланганидан қавми унинг ўлиб қолишига шубҳа қилмаган эди.
Унинг Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган кучли муҳаббати. Зеро, ўзи оғир аҳволда бўла туриб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволларини сўради ва у зот билан учрашмагунича таом емасликка ва сув ичмасликка қасам ичди. Аҳволи оғир бўлса ҳам Аллоҳга ва Расулига бўлган муҳаббати боис бир иложини қилиб Пайғамбар алайҳиссалом билан учрашди.
Ўша пайтда бундай воқеа ва ҳодисаларда қабилачиликнинг роли катта бўлар эди. Гарчи ақида бошқа бўлса ҳам. Шунинг учун Абу Бакрнинг қабиласи агар Абу Бакр калтак таъсирида ўладиган бўлса, Утбани ҳам ўлдиришга қарор қилдилар[1].
Умму Жамилнинг хавфсизликка риоя қилгани. Мазкур ҳодисада унинг бир неча ўринда хавфсизликка риоя қилганини кўрамиз. Жумладан:
Катта шахсият эгаларини танишини инкор этиши:
У ўзини Исломдаги катта мавқега эга бўлган шахсларни танимасликка олиб, улар ҳақида маълумот бермади. Абу Бакрнинг онаси Уммул Хайр Умму Жамилдан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жойлари ҳақида сўраганда эҳтиёткорлик қилиб, Абу Бакрни ҳам, Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ҳам танимаслигини айтди. Чунки Уммул Хайр ўшанда ҳали Исломга кирмаган эди. Шунинг учун Умму Жамил ўзининг мусулмонлигини ундан яширди, унинг билишини хоҳламади. Шу билан бир қаторда унинг Қурайшнинг айғоқчиси бўлиб чиқишидан қўрқиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг турган жойларини яширди[2].
Маълумотни етказиш учун қулай фурсатни ғанимат билгани:
Умму Жамил Абу Бакрга Пайғамбар алайҳиссаломнинг тинчликларини ўзи етказмоқчи бўлди ва буни Уммул Хайрга сездирмади. Фурсатдан фойдаланиб: “Агар хоҳласангиз, мен сиз билан бирга ўғлингиз олдига бораман”, деди. Унга бу гапни айтишда ҳам заковатини ишлатганига қаранг. Яъни “агар хоҳласангиз” дер экан, “Абу Бакр олдига” эмас, “ўғлингиз олдига борамиз” дейиши онанинг меҳри қўзғалишига сабаб бўлади. Она бундай талабга кўнгли юмшаб тезда ижобат қилади. Шундай бўлди ҳам. Шу билан Умму Жамил Абу Бакрга Пайғамбар алайҳиссаломнинг тинчликлари хабарини ўзи етказди.
Уммул Хайрнинг меҳрини қўзғаш учун қулай фурсатдан фойдалангани:
Қиссада Умму Жамил Уммул Хайрнинг меҳрини қўзғашга ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Шунинг учун Абу Бакрни оғир аҳволда кўрганда унга озор берганларни қарғади ва: “Сизга бундай азият берганлар фосиқ ва кофирлардир” деб қичқирди. Умму Жамилнинг бу феъли бироз бўлса-да Уммул Хайрнинг ғам-андуҳини аритгандай бўлди. Бу билан Уммул Хайрнинг қалбида Умму Жамилга нисбатан муҳаббат ва ишонч пайдо бўлди. Шу йўсинда Умму Жамил Пайғамбар алайҳиссаломнинг тинчликлари хабарини Абу Бакрга осонлик билан етказа олди[3].
Маълумотни айтишдан олдин шошилмагани ва эҳтиёткорона иш тутгани:
Умму Жамил ғоятда эҳтиёткорлик билан иш тутди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида бирон маълумот бериш у зотнинг турган жойларини билдириб қўйишга элтади. Умму Жамил Уммул Хайрга ишонмайди. Чунки Уммул Хайр ўша пайтда мушрик эди. Шунинг учун Абу Бакр ундан Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида сўраганда айтишга иккиланиб: “Онангиз эшитиб турибди”, деган эди. Шунда Абу Бакр: “Ҳечқиси йўқ, айтавер”, дейди. Шундан кейингина Умму Жамил: “Пайғамбар алайҳиссалом соппа-соғлар” деб жавоб беради[4]. Лекин ўшанда ҳам эҳтиёткорлик юзасидан Пайғамбар алайҳиссаломнинг турган жойларини айтмайди. Абу Бакр: “Расулуллоҳ қаердалар?” деб сўраганидан кейингина Арқамнинг уйида эканликларини айтади.
Муҳим вазифани бажариш учун муносиб вақтни танлагани:
Абу Бакр Арқамнинг ҳовлисига бормоқчи бўлганда Умму Жамил унинг талабини дарҳол бажо келтирмади. Абу Бакр оз-моз ўзига келиб, ташқарида шов-шувлар ҳам сал пасайгандан кейин Уммул Хайр билан бирга уни қўлтиқлаб олиб кетдилар. Албатта бу вақт муҳим ишни бажариш учун энг қулай фурсат эди. Чунки Ислом душманлари тарафидан кузатув ҳам тўхтаган эди. Умму Жамил бу ишни душманларга сездирмаган ҳолда амалга ошира олди. Абу Бакрни Арқамнинг ҳовлисига эсон-омон олиб келишлари албатта танлаган вақт жуда муносиб бўлганлигини кўрсатади[5].
Мусибат ортидан неъмат. Абу Бакрнинг онаси ўғлининг унга қилган ғамхўрлиги ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуолари сабабли Исломга кирди. Зотан Пайғамбар алайҳиссаломдек бегона инсонларнинг ҳам ҳидоят топишларига жуда ҳарис бўлган зот энг яқин кишиларининг ҳидоятига ҳарис бўлмасмидилар![6]
Саҳобалар ичида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг кўп азият чеккан, оғир синовларни бошидан кечирган саҳоба Абу Бакр разияллоҳу анҳудир. Чунки у Пайғамбар алайҳиссаломга энг яқин дўст бўлган эди. Қурайш қаерда Пайғамбар алайҳиссаломга озор берган бўлса, ўша ерда у ҳам ҳозир бўлиб, у зотни ҳимоя қилар, жонини хатарга қўяр эди. Қавмнинг эси пастлари унга ҳам азиятлар беришар эди. Ҳолбуки, Абу Бакр Қурайшнинг энг ақлли, муруватли кишиларидан бўлган эди.
[1] “Меҳнатул-муслимийн фил-аҳдил маккий”, 79-бет.
[2] “Фис-сийрат ан-набавия”, 50-бет.
[3] Ўтган манба.
[4] “Ас-сийрат ан-набавия”, 51-бет.
[5] “Ас-сийрат ан-набавия”, 50-52-бетлар.
[6] “Меҳнатул муслимин фил-аҳдил маккий”, 79-бет.