Аббос, Али ва Фазл разияллоҳу анҳум Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни жанозага ҳозирлаш билан машғул эканлар, бир гуруҳ ансорлар Бани Соида шийпонида[1] йиғилишди.
Мазкур воқеани аввал «Тарихи Табарий»да келтирилган каззоб Абу Михнаф ривояти орқали танишиб, кейин Имом Бухорий ривоятига мурожаат қиламиз. Икки ривоятни ҳам ўрганиб чиқсак, каззоб Абу Михнаф асл воқеани қанчалик ўзгартирганини билиб оламиз.
Худди кенгаш воқеаси ҳамда Али ва Муовия разияллоҳу анҳумо ўртасида ҳакамлар тайинлаш масалаларида бўлгани каби мазкур масалада Абу Михнаф қўшиб-чатган нотўғри маълумотларни бугун кўпчилик тўғри деб билади.
Демак, дастлаб «Тарихи Табарий»да зикр қилинган каззоб Абу Михнаф ривояти билан танишамиз.
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизга Ҳишом ибн Муҳаммад Абу Михнафдан, Абу Михнаф эса Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Амра ал-Ансорийдан ҳикоя қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жон таслим қилганларидан кейин ансорлар Бани Соида шийпонида тўпланишди. Улар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бу ишга Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳуни бошчи қилайлик», дейишди. «Араблар сизларга қиличларингиз сабабли бўйсунди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизлардан рози ва хурсанд ҳолларида вафот этдилар. Энди бу ишга ўзингиз бош бўлинглар!» деди улардан бири. Барчалари: «Жуда маъқул гап айтдинг!» дейишди.
Яна кимдир: «Агар Қурайш муҳожирлари норозилик билдиришса, сизлардан бир амир, бизлардан бир амир бўлади, деймиз», деб фикр билдирганида Саъд ибн Убода: «Бу ожизликнинг илк нишонаси!» деди. Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ ансорларнинг Бани Соида шийпонида тўпланиб, «Сиздан бир амир, биздан бир амир» деяётганидан хабар топгач, Абу Бакрнинг ҳузурига бориб, уни хабардор қилди.
– Ансор биродарларимиз йиғилиб, шундай дейишаётган экан, юринг, уларнинг олдига борайлик, – деди Умар.
Умар ва Абу Бакр разияллоҳу анҳумо Абу Убайдани топиб, уни ўзларига шерик қилишди. Уч саҳобий ансорлар ҳузурига йўл олди. Умар разияллоҳу анҳу айтади: «Ичимда гапларни тайёрлаб қўйган эдим. Гапирмоқчи бўлганимда Абу Бакр разияллоҳу анҳу менга «Жим тур» деб ишора қилди.
Абу Бакр Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб: «Аллоҳ Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб жўнатди…», деб гап бошлади.
Ушбу ривоятда Абу Бакрнинг узун нутқ қилгани, жумладан, халифаликка муҳожирлар ҳақли эканини айтгани зикр этилади.
– Эй, Ансорлар жамоаси, ишларингизга ўзингиз эгалик қилингиз! – деди Ҳубоб ибн Мунзир, – Ахир бу одамлар сизларнинг соянгизда, ҳеч ким сизларга қарши чиқишга журъат қилолмайди. Ҳаммаси сизлар айтгандек бўлади. Сизлар иззат, мол-давлат, куч-қувват эгаси бўлган кўпчиликсизлар. Агар айтганингизга кўнмасалар, уларни юртингиздан чиқариб юборинг. Бу ишларга ўзингиз етакчи бўлинг. Аллоҳга қасамки, бу масалада сизлар улардан кўра ҳақлироқсиз! Чунки динга бўйсунмаганлар сизнинг қиличингиз туфайли бўйин эгдилар. Биз бу ишга бошқалардан ҳақлироқмиз!
Умар билан Абу Убайда Абу Бакрга: «Қўлингизни беринг, сизга байъат берамиз!» дейишди. Умар байъат бермоқчи бўлганида Башир ибн Саъд улардан аввал Абу Бакрга байъат берди. Қавм улуғларидан саналган Усайд ибн Хузайр туриб деди:
– Аллоҳга қасамки, агар бир марта сизлар қолиб, Хазраж ишни қўлига олса, шу бўйи сизлардан афзал бўлиб қолади.
– Аллоҳга қасамки, агар турмоққа қувватим етганида сени ва шерикларингни жароҳатлайдиган наърани мендан Мадинанинг ҳар кўча ва ҳар жойидан эшитган бўлар эдинг! – деди Саъд ибн Убода. – Аллоҳга қасамки, ўшанда сени сен уларга ҳоким эмас, тобе бўлган қавмга қўшиб юборардим. Мени бу ердан олиб кетинглар!
Саъдни кўтариб, уйига олиб бориб қўйишди. Бир неча кун шундай ташлаб қўйилган Саъд ниҳоят бундай деди:
– Аллоҳга қасамки, садоғимдаги ҳамма ўқларимни сизларга отсам, найзамнинг тиғини қонга бўясам, қўлим толгунича сизларни қиличим билан чопсам, яқинларим ва қавмим ичида менга итоат этадиганлар билан биргаликда сизларга қарши урушсам эди!
Шу воқеадан кейин то Абу Бакр вафот этгунга қадар Саъд улар билан бирга намоз ўқимади, жумага чиқмади ва ҳажда Арафотдан Муздалифага тушар экан, ўзи алоҳида юрди»[2].
Бу парча Абу Михнаф ривоятидан олинган. Энди шу воқеани Имом Бухорий ривоятидан келтириб ўтамиз ва уни Абу Михнаф ривояти билан солиштириб кўрамиз.
Имом Бухорий ёзади: «Исмоил ибн Абдуллоҳ Сулаймон ибн Билолдан, Ҳишом ибн Урвадан, Урва ибн Зубайрдан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар… Ансорлар Бани Соида шийпонида Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳу атрофида бирлашишди. «Сизлардан бир амир, бизлардан бир амир бўлади!» дедилар. Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳум ансорлар ҳузурига бордилар. Умар гапирмоқчи бўлганида Абу Бакр уни тўхтатди.
Умар разияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, ўзимга маъқул сўзларни тайёрлаб қўйганим учун гапирмоқчи бўлдим. Бу сўзлар Абу Бакрнинг хаёлига келмайди деб хавотир олган эдим. Сўнг Абу Бакр гапирди. Энг балоғатли инсон бўлиб гапирди. У: «Бизлар амир, сизлар вазирсизлар», деди.
– Йўқ, Аллоҳга қасамки, бундай қилмаймиз, – деди Ҳубоб ибн Мунзир, – Сизлардан бир амир, биздан бир амир бўлади!
– Йўқ! – деди Абу Бакр, – Бизлар амир, сизлар вазирсизлар. Муҳожирлар арабларнинг энг афзали, энг аслзода араблардир. Умар ёки Абу Убайдага байъат беринглар!
– Йўқ, сизга байъат берамиз, – деди Умар, – Сиз бизнинг саййидимиз, афзалимиз ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг суюклимизсиз!
Умар Абу Бакрнинг қўлидан тутиб, байъат берди. Одамлар Абу Бакрга байъат беришди. Кимдир «Саъд ибн Убодани ўлдирдинглар», деди. «Аллоҳ уни ўлдирсин», – деди Умар[3].
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Саъд ибн Убодани ўлдирдинглар» жумласи «уни ўлдириб қўяй дединглар» маъносида айтилган. Баъзиларнинг фикрича, бу жумла юз ўгириш ва эътиборсиз қолдиришдан киноя тарзида айтилган. Бироқ Мусо ибн Уқбанинг Ибн Шиҳобдан келтирган ривояти бу фикрни рад этади:
«Ансорлардан кимдир: «Саъд ибн Убодага раҳмингиз келсин, уни оёқ ости қилиб ташламанг!» деди. Шунда Умар: «Уни ўлдиринглар, Аллоҳ уни ўлдирсин!» деди.
Ҳа, Умар чин маънода уни ўлдиришга буюришни қасд қилмаган. Умарнинг «Аллоҳ уни ўлдирсин!» деган гапига келсак, бундан Саъдни бад дуо қилиш кўзда тутилган. Бу иборани бад дуо маъносида ишлатиш араблар гапида машҳур. Мана бу оятда ҳам бу сўз шундай маънода келган: «Ҳалок бўлгур инсон-а! Бунчалар кофир бўлмаса!» (Абаса, 17.)
Биринчи қавлга кўра, бу ибора Саъддан юз ўгириш ва унга эътибор бермаслик ҳақида хабар бўлади. Моликнинг ривоятида бундай дейилган: «Мен дарғазаб ҳолимда: «Аллоҳ Саъдни ўлдирсин. У – ёмонлик ва фитна соҳиби!» деб юбордим[4].
Кўриб турганингиздек, Бухорийнинг ривояти жуда қисқа, мухтасар берилган. Бани Соида шийпонида бўлган бор гап шу! «Саъд: «Сизларга қарши жанг қиламан!» деди, мусулмонлар билан бирга намоз ўқимади, жума намозларига қатнашмади, Арофатдан қайтишда ўзи алоҳида йўлдан юрди ва Ҳубоб ибн Мунзир Абу Бакрнинг гапини қабул қилмади» деган қўшимчалар умуман йўқ. Бу каби қўшимчалар Абу Михнафнинг уйдирмаларидан бошқа нарса эмас. Афтидан, шийпон қиссаси ярим соатга ҳам бормаган. Ривоятнинг бу қадар катталашиб кетганидан ҳайрон қоласан киши.
Энди Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳу ҳақида икки оғиз сўз. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад»да Ҳумайд ибн Абдураҳмондан ривоят қилади:
«…Абу Бакр гапирди. Ансорийлар шаънида нозил бўлган бирон оятни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳақида айтган бирон ҳадисни қолдирмасдан айтди.
– Сизлар яхши биласизлар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Одамлар бир водийга юрса, ансорлар (бошқа) бир водийга юрса, мен ансорлар водийсига юрардим», деганлар. Эй Саъд, сен яхши биласан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу ишнинг эгалари Қурайш, одамларнинг яхшилари уларнинг яхшиларига тобе, ёмонлари уларнинг ёмонларига тобедир» деганларида сен ўтирган эдинг.
– Рост сўзладингиз! – деди Саъд разияллоҳу анҳу. – Бизлар вазир, сизлар амирсизлар!»[5]
Мазкур ривоятни Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳумайд ибн Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан саҳиҳ мурсал санад билан ривоят қилган. Имом Аҳмаднинг ривояти мурсал бўлса-да, каззоб Абу Михнафнинг ривоятидан кўп маротаба қувватлидир[6].
[1] Бани Соида шийпони – ансорийлар йиғилиб, ички ва ташқи масалаларни муҳокама қиладиган томи ёпиқ, чор-атрофи очиқ жой.
[2] «Тарихи Табарий»дан қисқартириб олинди, 2/455.
[3] «Саҳиҳи Бухорий», 3667-3668-ҳадислар.
[4] «Фатҳ ал-Борий», 7/384. «Дор ал-фикр» нашриёти.
[5] «Муснади Аҳмад», 1/18. Шайх Аҳмад Шокир таҳқиқи.
[6] Бани Соида шийпони қиссаси Ҳумайд ибн Абдураҳмондан ривоят этилгани, Ҳумайд воқеаларга шахсан шоҳид бўлмагани боис мазкур ривоят мурсал дейилмоқда.