Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари ҳақидаги хабар атрофга тарқалиши билан Абу Бакр разияллоҳу анҳу Сунҳдан[1] етиб келди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларини очиб, икки кўзлари ўртасидан ўпди.
– Ота-онам Сизга фидо бўлсин, тирик чоғингизда ҳам, жонсиз ҳолингизда ҳам хушбўйсиз! – деди.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларини ёпди ва минбарга кўтарилиб, бундай деди:
– Сизлардан ким Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ибодат қилган бўлса, дарҳақиқат, у зот вафот этдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўса, албатта, Аллоҳ боқий ҳаёт, ўлмасдир! Аллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Шундай экан, агар у вафот этса ёки ўлдирилса, куфр сари ортингизга қайтиб кетасизми?! Кимда-ким ортига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмайди, балки фақат ўзига зарар қилади, холос. Аллоҳ эса йўлларидан қайтмай шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон, 144).
Одамлар ҳўнграб йиғлар эдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг содиқ саҳобалари кўчаларда юқоридаги оятни такрор-такрор айтиб юришарди.
Анас разияллоҳу анҳу айтади: «Биз мазкур оятни худди ҳозир эшитгандек эдик»[2].
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Қуръон комил нозил этилган, барча оятлар маълум бўлса-да, мусибатнинг оғирлигидан саҳобалар юқоридаги оятни шу пайтгача билмагандек, гўё биринчи марта эшитаётгандек эдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларини ювиш ва кафанлаш билан Аббос ибн Абдулмутталиб, Али ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос ва бошқалар шуғулландилар. Улар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин қариндошлари эдилар. Аббос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, Али ва Фазл эса амакиваччалари бўладилар.
[1] Сунҳ – Мадина яқинидаги жой номи. Абу Бакрнинг хотини Ҳабиба бинти Хорижа Сунҳда яшарди.
[2] «Саҳиҳи Бухорий», 3668.