Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр (1)

0

“Имконим бўлганида Қосим ибн Муҳаммадни халифа этиб тайинлаган бўлардим” (Умар ибн Абдулазиз).

Бу улуғ тобеин ҳақида бирон маълумотга эгамисиз?

Қосим ибн Муҳаммад ёшлик чоғиданоқ атрофидаги улуғликларнинг барини битта ҳам қолдирмай ўзида жамлаган эди.

Отаси Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ…

Онаси Форснинг сўнгги подшоҳи Кисро Яздажурднинг қизи…

Аммаси мўминларнинг онаси Ойша разияллоҳу анҳо…

Шунча фазилат устига у илм ва тақвони бошига тож қилиб кийган эди.

Энди бундай улуғликка рақобат қилгудай улуғлик бор деб ўйлайсизми?

Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз улуғ тобеин, Мадинанинг етти фуқаҳоларидан бири, замонасининг илм, ақл ва тақвода энг афзалларидан бўлган Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқдир. Келинг, унинг ҳаёт қиссасини аввалидан бошлаймиз.

Қосим ибн Муҳаммад Усмон разияллоҳу анҳунинг халифалик даври охирларида дунёга келди. Илк қадамлар ташлаётган гўдаклик чоғида мусулмон диёрларига фитна шамоллари эсиб, уйларни ларзага келтирадиган даражада кучайди. Зоҳид, обид халифа Усмон Зуннурайн разияллоҳу анҳу Қуръонни тиловат қилиб ўтирган ерларида шаҳид қилиндилар. Мўминлар амири Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу билан Шом диёри амири Муовия разияллоҳу анҳу ўрталарида катта келишмовчилик пайдо бўлиб, авж олди. Бирин-кетин чиққан бундай даҳшатли, одамни ҳайрону лол қолдирадиган ҳодисалар асносида ҳикоямиз қаҳрамони опаси билан бирга Мадинадан Мисрга қараб йўл олди. Сабаби, отаси ўшанда мўминлар амири Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу тарафидан Мисрга волий этиб тайинланган эди. Бироқ бу қонли фитнанинг чангали отасига ҳам етиб, боланинг кўз ўнгида уни ҳам қатл этди. Муовия разияллоҳу анҳу тарафдорлари Мадинани эгаллашгач, қаҳрамонимиз Мисрдан Мадинага қайтди. Мадинадан Мисрга отасининг ҳузурига кетган бўлса, энди Мадинага ота-онадан айрилган етим бўлиб қайтди.

Бу машаққатли кўч-кўчлар ҳақида Қосимнинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Отам Мисрда қатл этилгач, амаким Абдураҳмон ибн Абу Бакр келиб, мен билан синглимни Мадинага олиб кетдилар. Мадинага келишимиз билан аммамиз Ойша разияллоҳу анҳо одам юбориб, бизни амакимиз уйидан ўз уйларига олиб келдилар ва бизни ўзлари тарбиялаб, вояга етказдилар. Ойша разияллоҳу анҳодан кўра яхшилик ва меҳр-шафқатда устун бўлган бирон ота-онани кўрмадим.

Бизни ўз қўллари билан овқатлантирар, аммо ўзлари емас эдилар. Бизнинг қорнимиз тўйгач, овқатдан бирон нима қолган бўлса, шундагина ер эдилар. Бизга онанинг кўкракдан ажратилган гўдагига қиладиган муомаладан кўра ҳам яхшироқ муомала қилар, бизни оқ ювиб, оқ тарар ва оппоқ кийимлар кийгизиб қўяр эдилар.

Бизни доим яхшиликка қизиқтириб, яхшилик қилишга одатлантирар, ёмонликдан қайтариб, уни тарк этишга ундар эдилар.

Тоқатимиз етганича Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини бизларга қунт билан ўргатар эдилар.

Икки ҳайит кунлари яхшилик ва эҳсонлари яна-да ортиб кетар эди. Арафа оқшомида сочимни олиб, мени ва синглимни ювиб-тараб, тонг отгач янги кийимлар кийгизар ва ҳайит намозини ўқишимиз учун Масжиди Набийга юборар эдилар. Намоздан қайтганимизда эса синглим билан менинг ҳузуримизда қурбонлик қилардилар.

Бир куни бизга оппоқ кийимлар кийгизиб, мени ўнг тиззаларига, синглимни эса чап тиззаларига ўтқизиб олдилар. Шу куни Абдураҳмон амакимни чақиртирган эдилар. Амаким келганларида саломлашиб, чиройли кутиб олдилар, сўнг Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду сано айтиб, гап бошладилар. Мен аммам Ойша разияллоҳу анҳо каби фасоҳат билан, гўзал ва ширин сўзлайдиган на бир эркак ва на бир аёлни кейин ҳам кўрмадим.

Акаларига юзланиб: “Акажон, мана шу икки жиянимни сиздан олиб, уйимга олиб келганимдан бери мендан бир оз хафа бўлганга ўхшаб юрибсиз. Аллоҳга қасамки, мен буни сиздан ўзимни катта тутиб ёки сиздан ёмон гумон қилиб, ёхуд бу етим жиянларимиз ҳаққини тўла ўтай олмайсиз деган ўйда қилмадим. Акажон, сизнинг оилангиз кўп, бу икки жиянимиз эса ҳали ўзини эплай олмайдиган гўдак бўлганидан шундай қилган эдим. Болалик қилиб, у ер-бу ерларни булғаб қўйишса, аёлларингизнинг кўнгли ранжиб қолишидан қўрқдим. Жиянларимнинг бу ҳолатида уларга қараб туришга аёлларингиздан кўра ўзимни ҳақли деб ўйлаган эдим. Мана, жиянларимиз ўзларини бемалол эплай оладиган даражада катта бўлиб қолишди. Энди уларни олсангиз бўлади”, дедилар. Шундан сўнг Абдураҳмон амаким бизни ўз уйларига олиб кетдилар”.

Бироқ Абу Бакр Сиддиқнинг набираси бўлмиш бу боланинг қалби аммаси, мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳонинг уйларига боғланганича қолди. Нубувват хушбўйликлари билан хушбўйланган ул муборак хонадон тупроғида униб-ўсди… Пайғамбар аёлининг қарамоғида таълим-тарбия олди… У зотнинг тўлиб-тошган меҳр ва раҳм-шафқат булоғидан қониб-қониб ичди… Шундай қилиб, севимли жияннинг вақтлари аммаси билан амакисининг уйи орасида тақсимланган эди. Аммасининг муаттар ва мунаввар манзилидаги ширин хотиралари бутун ҳаёти давомида уни тарк этмади. Қосим ибн Муҳаммаднинг ўзи айтиб берган мана шу хотиралардан айримларини сизга ҳам ҳавола қиламиз, қулоқ тутинг:

“Бир куни аммам Ойша разияллоҳу анҳога: “Онажон, менга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан икки саҳобаларининг қабрларини кўрсатинг, уларни кўргим келяпти”, дедим. Чунки учта қабр уйнинг ичида бўлиб, аммам улар устини кўз тушмайдиган қилиб ёпиб қўйган эдилар. Баланд кўтарилмаган ва ер билан текис ҳам бўлмаган учта қабрни менга кўрсатдилар. Қабрлар устига масжид ҳовлисида бўлган майда қизил тошлардан тўшалган эди. “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари қай бири?” деб сўрадим. Қўллари билан кўрсатиб: “Мана бу” дедилар ва ўша онда кўзларидан яноқларига катта-катта ёш сизиб чиқди. Кўзларидан чиққан ёшни менга кўрсатмаслик учун тезда артиб олдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари икки саҳобалари қабридан олдинда жойлашган эди. “Бобом Абу Бакр Сиддиқнинг қабрлари қайси?” деб сўрадим. “Мана буниси”, деб кўрсатдилар. Бобом Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошлари яқинига дафн қилинган эканлар. “Унда буниси Умар разияллоҳу анҳунинг қабрлари экан-да?” деган эдим: “Ҳа, шундай”, дедилар. Умар разияллоҳу анҳунинг бошлари бобомнинг беллари ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларига яқин қўйилган экан”.

(Давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг