Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр (2)

0

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг зурриёти бўлмиш бу бола Қуръонни тўлиқ ёд олган ва аммаси Ойша разияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини Аллоҳ хоҳлаганича пухта эгаллаган ҳолда улғайди. Сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида осмонда тизилган порлоқ юлдузлар мисоли масжиднинг ҳар тарафига ёйилган илм ҳалқаларига берилиб қатнай бошлади. Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Хаббоб, Рофеъ ибн Хадийж, Хазрат Умарнинг озод қилган қуллари Аслам (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) ва бошқа кўпгина саҳобалардан таълим олиб, катта мужтаҳид олим ва ўз замонасининг суннатни энг яхши билувчи шахсларидан бўлиб етишди. Салафлар суннатни мукаммал билмаган инсонни олим ҳисобламасдилар.

Қосим ибн Муҳаммадда илм ва маърифат қуроллари тўлиқ бўлгач, одамлар унинг ҳузурига келиб, завқ-шавқ ила илм ўргана бошладилар. Ўз навбатида у ҳам одамларга ғоят саховат билан илм улашди. Ҳар куни эрталаб белгиланган вақтдан кечикмасдан Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига келар, икки ракат масжид ҳақини адо этиб, сўнг Равзаи мутаҳҳарада, Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари билан минбарлари орасидаги Умар разияллоҳу анҳунинг дарчалари олдидаги ўз жойига келиб ўтирарди. Шундан сўнг ҳар тарафдан толиби илмлар йиғилиб, унинг тотли ва мусаффо илм булоғидан ташна нафсларни қондирадиган муаттар илмдан қониб-қониб баҳра олар эдилар. Кўп вақт ўтмай Қосим ибн Муҳаммад билан холаваччаси Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, қўлларида бирон мансаб ҳам, ҳокимият ҳам йўқ бўла туриб, Мадина аҳлининг итоат этиладиган саййиди ва сўзига қулоқ солинадиган имоми бўлиб қолдилар. Тақво ва парҳезкорликни ўзларига либос ва зийнат қилганлари, илм ва маърифатни қалб тўрида сақлаб-авайлаганлари, одамлар қўлидаги нарсалардан четланиб, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга рағбат қилганлари боис одамлар уларни ўзларига пешво қилиб олдилар.

Бу икки тобеиннинг обрў-эътибори одамлар наздида шу қадар юқорилаб кетдики, ҳатто Умавий халифалар ва амирлар ҳам Мадинага тааллуқли бирон бир жиддий ишни бу икки зотнинг фикрисиз ҳал қилмас эдилар. Шулардан бири халифа Валид ибн Абдулмалик Мадинадаги Ҳарами Шарифни кенгайтиришни ўйлаб қолади. Лекин бу ўй-орзусини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурган масжиднинг тўрт тарафидан бузиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг уйларини ҳам бузиб, масжидга қўшмай туриб амалга ошириб бўлмас эди. Бу эса одамларга оғир келадиган ва қалблар таскин топмайдиган иш эди. Шунинг учун Мадинадаги волийси Умар ибн Абдулазизга мактуб йўллади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларини икки юз зироъга икки юз зироъ қилиб кенгайтиришга қарор қилдим. Шунинг учун сиз Масжиднинг тўрт тарафидан деворларни бузинг, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг ҳужраларини ҳам Масжидга қўшинг. Масжид атрофидаги ҳовли-жойларни ҳам сотиб олинг ва имкон бўлса меҳробни олдинга суринг. Хаттоб авлодлари бўлмиш қариндошларингизнинг одамлар қалбидан жой олган обрў-эътиборлари ва мартабалари орқали сиз бу ишни амалга ошира оласиз, деб ўйлайман. Агар Мадина аҳли бу ишга рози бўлмаса, Қосим ибн Муҳаммад ва Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умардан кўмак сўранг. Уларни бу ишда ўзингизга шерик қилинг. Одамларга бузилган уйларининг ҳаққини ортиғи билан беринг. Бунда содиқ салафларингиз Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон сизга ҳужжатдир”.

Умар ибн Абдулазиз Қосим ибн Муҳаммад, Солим ибн Абдуллоҳ ва Мадина аҳлининг бошқа обрўли кишиларини ҳузурига чақиртириб, уларга мўминлар амирининг мактубини ўқиб берди. Улар халифанинг азму қарорини эшитиб, бундан хурсанд бўлдилар ва уни амалга ошириш учун ҳаракатга тушдилар.

Икки буюк олимлари ва имомларининг бу ишга бош қўшганларини кўрган Мадина аҳли ҳам имомлари билан елкама-елка туриб, мўминлар амирининг орзусини рўёбга чиқардилар.

Ўша кунларда мусулмонларнинг музаффар лашкарлари шавкатли қўмондон Маслама ибн Абдулмалик бошчилигида Қустантиния шаҳрига йўл очувчи қўрғонларни ишғол қилиб, Қустантиниянинг фатҳи олдидан бирин-кетин уларни эгаллаб олаётган эдилар.

Мўминлар амирининг Масжиди Набийни кенгайтириш қарорини эшитган Рум подшоҳи хушомад қилиб кўнгил овлаш ва халифага хуш келадиган иш билан унга яқинлашиш мақсадида унга юз минг мисқол тилло ва Румнинг энг моҳир ҳунармандларидан юз кишини мармар тош юкланган қирқ туя билан юборди. Халифа Валид ибн Абдулмалик эса буларнинг барини Масжид қурилишига ёрдам бўлиши учун Умар ибн Абдулазизга юборди. Умар ибн Абдулазиз юборилган нарсаларнинг барчасини Қосим ибн Муҳаммад ва Солим ибн Абдуллоҳнинг маслаҳати билан инфоқ қилиб юборди.

Қосим ибн Муҳаммад бобоси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга ташқи кўринишда ҳам, хулқ-атворда ҳам жуда ўхшар эди. Ҳатто одамлар: “Абу Бакр Сиддиққа ҳеч бир фарзанди бу йигитдан кўра ўхшашроқ бўлмаган”, дер эдилар. У олий хулқ ва хислатида, иймонининг салобати ва кучли тақвосида, бағрикенглик ва қўли очиқлигида бобосининг айни ўзи эди. Кўпгина содир бўлган ишлар ва айтилган сўзлар ҳақиқатда шундай эканига гувоҳлик беради. Мисол учун, бир аъробий масжидга келиб, Қосим ибн Муҳаммаддан: “Сизнинг илмингиз кўпми, Солим ибн Абдуллоҳнинг илмими?” деб сўради. Қосим ибн Муҳаммад саволга жавоб беришдан тўхталганида аъробий яна қайта сўради. Қосим ибн Муҳаммад: “Субҳоналлоҳ!” деди. Аъробий қўймай саволни учинчи бор қайтарди. Шунда у: “Ҳой биродар, Солим ана у ерда ўтирибди”, деди. Масжлисда ўтирганлардан бири деди: “Отасига балли. “Менинг илмим кўп” деб ўзини мақташни истамади. “Солимнинг илми кўп” деб ёлғон сўзлагиси ҳам келмади”. Чунки Қосим Солимдан илмлироқ эди.

Кунларнинг бирида одамлар Қосим ибн Муҳаммадни Минода кўриб қолишди. Аллоҳнинг Байтини зиёрат қилиш учун келган ҳожилар унинг атрофини ўраб олиб савол ёмғирини ёғдираётган эди. У эса билган нарсаларига жавоб берар, билмагани бўлса: “Билмадим… Билмадим”, дер эди. Одамлар бундан ажабландилар. Шунда уларга деди: “Чиндан сиз сўраётган нарсаларнинг ҳаммасини ҳам билмайман. Билганимда асло яширмаган бўлардим. Зеро, билган нарсамизни яшириш бизга ҳалол эмас. Киши ўз устидаги Аллоҳнинг ҳаққини билганидан сўнг жоҳил бўлиб яшамоғи билмаган нарсасини гапиргандан кўра яхшидир”.

Қосим ибн Муҳаммадга йиғилган закотни тақсимлаш ва ҳақдорларга етказиш топширилганида бор куч-ғайратини сарфлаб, ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққини тўлиқ қилиб берди. Лекин бир киши ўзига берилган ҳақдан норози бўлиб, Қосим ибн Муҳаммадни излаб масжидга келди. Қосим намоз ўқиётган эди. Келган киши тарқатилган закот ҳақида гапира бошлади. Қосимнинг ўғли у кишига: “Аллоҳга қасамки, сиз бу закотдан ўзига ярим чақа ҳам олмаган, ундан бир дона хурмо ҳам емаган инсонни айбламоқдасиз”, деди. Қосим намозини тезроқ тугатди-да ўғлига қараб: “Эй ўғлим, бундан кейин билмаган нарсанг ҳақида гапирма”, деди. Атрофдагилар: “Шайхнинг ўғли рост сўзлади, лекин шайх фойдасиз сўзларни гапиришдан тилини сақлашни ўргатиб, ўғлига одоб берди”, дедилар.

Қосим ибн Муҳаммад етмиш икки ёшдан зиёда умр кечирди. Умри поёнасида кўзлари кўрмай қолди. Ҳаётининг охирги йилида Байтуллоҳ зиёратини қасд қилиб, ҳажга отланди. Йўлда кетаётганларида ажали етди. Сўнгги нафасларида ўғлига деди: “Вафот этсам намозда киядиган кийимларим – кўйлак, изор ва тўнимга кафанлагин. Чунки айни шулар бобонг Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг кафани бўлган. Қабримни ер билан текис қилиб қўйгин-да, аҳли оиланг олдига кетавер. Қабрим олдида туриб: “Ундоқ эдилар… Бундоқ эдилар”, деб мақташдан сақланинглар. Зеро, мен ҳеч ким эмасман”.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг