Билол разияллоҳу анҳуга етган азиятлар:
Расулуллоҳга ва у зотнинг асҳобларига мушрикларнинг азиятлари кундан-кун кучайиб, тазйиқлар чўққисига чиқди. Хусусун, заиф-ожиз мусулмонларга қаттиқ босим ўтказилди. Уларни динларидан чиқариш мақсадида қаттиқ қийноқлар қўлланди. Токи бу қийноқлар бошқаларга ибрат бўлсин ва Қурайш мусулмонлардан аламини олсин.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Мусулмонликларини илк бор ошкор эълон қилганлар етти киши эди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Аммор, унинг онаси Сумайя, Суҳайб, Билол, Миқдод. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толиб у зотни ўз ҳимоясига олди. Абу Бакр қавмининг ҳимоясида бўлди. Қолганлар эса мушриклар томонидан ушланиб, турли хил қийноқларга солиндилар. Уларнинг эгнига темир совутлар кийдириб, қуёшга тобладилар. Оғир қийноқларга чидаёлмай баъзилар мушрикларнинг талабига рози бўлди. Аммо Билол Аллоҳ йўлида жонини арзимас санаб, қийноқларга бардош берди. Қурайш уни болаларга бериб қўйди. Болалар уни Макка кўчаларида судраб юрдилар. Шунча хўрлашга қарамай у фақат: “Аллоҳ ягона, Аллоҳ ягона” дер эди[1]. Билолнинг на суянадиган ҳимоячиси, на қавми ва на қиличи бор эди. Бу каби инсоннинг Маккада, жоҳилий жамиятда ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ эди. Унинг фақат хожасига хизмат қилиш ва унга бўйсунишдан ўзга чораси йўқ эди. Қуллар мол-қўйлар каби бозорларда сотилар эди. Қулнинг жамиятга бирон фикр билдириши ё бир нарсага даъват этиши ёки бирон муаммога ечим таклиф этиши жоҳилий жамиятда ўта оғир жиноят ҳисобланар эди. Ёшлар эргашган янги дин жамиятда ҳеч қандай мавқега эга бўлмаган бу қулнинг ҳам қалбига нур киритди. Уни бутунлай бошқа инсонга айлантирди[2]. Дарҳақиқат, Билол Исломга кириб, Пайғамбар алайҳиссалом бошчилигидаги мўминлар карвонига қўшилгандан кейин чин иймон мазмун-моҳияти қалбида мустаҳкам ўрин олди. Мана, энди у ақидаси ва дини сабабли қаттиқ қийноқларга солинмоқда. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Билол чекаётган азобларга барҳам бериш мақсадида унинг хожаси Уммайя ибн Халафни келишувга чақирди:
– Эй Умайя, бир бечора қулни намунча қийноққа солмасанг? Аллоҳдан қўрқмайсанми?!
Уммайя: – Уни бузган ва йўлдан урган сенсан. Қўлингдан келса уни қутқариб ол, – деди.
– Хўп, шундай қиламан. Менда бундан ҳам бақувват қора танли қул бор, у сенинг динингда, хоҳласанг уни бунга алмаштирамиз, – деди Абу Бакр.
– Майли, розиман, – деди Умайя.
– Келишдик, – деди Абу Бакр, сўнг қулини келтириб, ўрнига Билолни олди ва уни қулликдан озод этди[3].
Бошқа бир ривоятда Абу Бакр Билолни етти уқия ёки қирқ уқия тиллога сотиб олгани айтилган[4].
Ҳа, Билол разияллоҳу анҳу ўта матонатли, чинакам мўмин, қалби тоза бўлгани боис оғир қийноқларга бардош берди, қаттиқ қийноқлар олдида ўзини йўқотмади. Унинг сабру матонати мушрикларнинг ғазабини қўзғар эди. Хусусан, унинг мусулмонларнинг заифларидан бўла туриб Исломда собитқадам туриши мушрикларга жуда алам қиларди. Билолнинг оғзидан кофирлар истаган калима чиқмади. Унинг тили фақат тавҳид калимасини такрорлар эди. Билол Аллоҳ йўлида жонини арзимас санади ва ўзи ҳам қавмига арзимас бўлди[5].
Оғир синовлардан кейин Аллоҳнинг марҳамати ва ёрдами келди. Билол қийноқлардан қутулди. Қулликдан озод бўлди. Бундан кейин қолган ҳаётини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтказди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан рози бўлиб дунёдан ўтдилар ва дунёдалик чоғида унга жаннат башоратини бердилар. Дарҳақиқат, у зот: “Мен жаннатда сенинг ковушинг товушини эшитдим”, деган эдилар[6].
Саҳобалар ичида ҳам унинг мартабаси баланд бўлди. Умар разияллоҳу анҳу айтар эди: “Абу Бакр саййидимиздир. У саййидимизни (яъни Билолни) озод этди”[7].
[1] Аҳмад ривояти, 1/404-бет. Ҳадис рақами: 3832, санади ҳасан.
2] “Ат-тарбия ал-қиёдия”, 1/136-бет.
[3] Ибн Ҳишом, “Ас-сийра ан-набавия”, 1/294-бет.
[4] “Ат-тарбия ал-қиёдия”, 1/140-бет.
[5] “Меҳнатул-муслимин фил-аҳдил-маккий”, 92-бет.
[6] “Саҳиҳи Муслим”, 2/191-бет. Ҳадис рақами: 2458.
[7] Ибн Саъд, “Ат-табақот ал-кубро”, 3/232. Санад ровийлари ишончли.