Уҳуд, Бадр ва Хайбар шаҳидларининг қабрлари айнан маълумми?

0

252 – Уҳуд шаҳидларининг қабрлари айнан маълумми?

Самҳудий айтади: «Ибн Нажжор айтганидек, ҳозирда шаҳидларга оид қабрлардан Ҳамза разияллоҳу анҳу қабридан бўлак ҳеч бир қабр маълум эмас… Қолган шаҳидларга келсак, у ерда харсанг тошлар териб қўйилган бўлиб, ўша шаҳидларнинг қабрлари деб айтилади. Матарий айтади: “Ҳамза қабрининг шимолида бир уюм тошлар бор. Айтилишича, улар шаҳидларнинг қабрларидан қолган. Бироқ бу хабар саҳиҳ нақл билан собит бўлмаган”»[1].

Самҳудий Абу Ғассондан қуйидагича нақл этади: «Ҳамза разияллоҳу анҳунинг қабри билан тоғ ўртасидаги тошлар билан ўралган жойдаги қабрларга келсак, бизга етиб келишича, улар умавийлар даврида Мадинага амир бўлган Холид замонида Мадинага олиб келиниб, шу ерда вафот этган ва кўмилган аъробийларнинг қабрларидир. Улар шаҳидлар қабрлари олдида ўтириб тиланчилик билан кун кўрадиган кишилар бўлган»[2].

253 – Бадр ғазоти шаҳидлари қабрларининг ўрни

Муаррих Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ҳаштакий (вафоти: 1086 ҳ.) ўзининг «Ҳидоят ал-малик ал-аллом ила байтиллаҳил ҳаром» номли саёҳатномасида айтади: «Билингки, шаҳидлар қабрлари, омма ўйлаганидек, Мисрдан қайтиш йўлидаги қумликлар остида эмас, балки Базва тарафдаги водий пастидадир. Одамлар айтаётган гап бўҳтон ва уйдирма гапдир, хурофот ва фисқу фужур аҳлининг ёлғонларидир»[3].

254 – Хайбар шаҳидларига оид қабристон ҳақиқатми?

«Эски Хайбар қишлоғига оид осорлардан бири яқин замонга келиб девор билан ўралган эски қабристондир. Айримлар тарафидан у Хайбар жангида шаҳид бўлган кишилар қабристони деб ишонилади. Қабристон «Бишр» қишлоғи яқинида жойлашган. У ерга Хайбарда шаҳид бўлган саҳобалар кўмилгани айтилади, Аллоҳ улардан рози бўлсин ва бепоён жаннати ила сийласин.

Юқоридаги «ишонилади» деган сўзим билан мен муҳтарам ўқувчи эътиборини мазкур қабристон ҳақиқатда Хайбар шаҳидлари қабристони эканига қатъий далил мавжуд эмаслигига қаратишни хоҳладим.

Қатор асарларни кўздан кечириш асносида мазкур даъвони тасдиқлайдиган ҳеч бир далилни учратмадим.

Топганим шу бўлдики, айримлар унга бирор далилга суянмаган ҳолда юзаки ишора бериб ўтган. Масалан, Маҳмуд Зовий ал-Қусомий бундай дейди: “Хайбарда «шаҳидлар қабристони» деб аталадиган, Хайбар ғазотида шаҳид бўлган баъзи саҳобалар қабристони деб билинадиган қабристон бор”.

Агар мазкур қабристон ҳақиқатда Хайбар шаҳидларига тегишли деб фараз қиладиган бўлсак, унда нега саҳобаларни дафн этиш учун айнан шу жой танланди? Маълумки, Хайбарга оид барча жанглар бу жойдан бир мунча узоқда – «Натот», «Шиқ» ва «Катиба» деб аталадиган минтақаларда бўлиб ўтган…

Шундай экан, нега саҳобалар ўша жанглар бўлиб ўтган ерларга яқин жойга кўмилмади? Мен буни билмайман. “Ҳар бир илм эгасидан юқорида ундан илмлироқ киши бор” (Юсуф, 76). Валлоҳу аълам»[4].

[1] «Вафо ал-вафо би-ахбори дор ал-Мустафо», 3/276.
[2] Аввалги манба, 3/275.
[3] «Ал-араб» журнали, 54-сон, 1 ва 2-жилдлар, ражаб ва шаъбон ойлари, 1398 ҳ.й.
[4] Муҳаммад ибн Ҳумайд ар-Рашидий. «Хайбар», 70-бет. Саудия Арабистони маданият ва ахборот вазирлиги нашр қилган. Биринчи нашр, 1434 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг