Тўғрулбек вафот этганидан кейин ҳукмронлик Алпарслонга ўтди. Ким ҳоким бўлиши борасида баъзи тортишувлар ҳам бўлган эди. Лекин Алпарслон бу тортишувларга чек қўйди. У амакиси Тўғрулбек каби моҳир лашкарбоши эди. Бошқа давлатларни ўзига бўйсундиришдан олдин салжуқийларга тобе давлатларда ўз ҳукмини мустаҳкамлаш борасида Алпарслоннинг ўзига хос сиёсати бор эди. У қўшни христиан давлатларга қарши Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва Ислом даъватини тарқатишга қаттиқ эътибор қаратган эди. Алпарслон салжуқийлар султони ҳамда мужоҳид саркарда эди. Алпарслон у ерларда Ислом тарқалиши ва бутун Византияда Ислом байроғи ҳилпираб туришини қаттиқ хоҳлар эди. У фатҳлар ҳисобига давлатини кенгайтиришдан олдин етти йил мобайнида ўз давлатини ичидан мустаҳкамлади.
Ишлар барқарор эканига кўнгли хотиржам бўлиб, салжуқийлар қўл остидаги барча минтақаларга ҳоким бўлганидан кейин Алпарслон ўзининг асл мақсадларини амалга ошириш учун режа туза бошлади. Унинг мақсади қўшни христиан давлатларни фатҳ қилиш, Мисрдаги шиа Убайдийлар (Фотимийлар) давлатини йиқитиш ҳамда бутун ислом оламини сунний Аббосийлар давлати ва Салжуқийлар байроғи остида бирлаштириш эди. Алпарслон катта қўшин тўплаб, Арманистон ва Грузия сари юриш қилди ва бу давлатларни фатҳ қилиб, ўз мамлакатига қўшиб олди, у ерда Исломни тарқатишга ўз ҳиссасини қўшди. Алпарслон Шомнинг шимолига ҳужум қилиб, Ҳалабда Мирдосийларни қамал қилди ва уларнинг амири Маҳмуд ибн Солиҳ ибн Мирдосни Фотимий халифага эмас, Аббосий халифага қўшилишга мажбурлади. Кейин ўзининг турк қўмондони Отсиз ибн Ўқ Хоразмийни Шомнинг шимолига юборди. Отсиз Рамла ва Байтулмақдисни Убайдий (Фотимийлар) қўлидан қайтариб олди. Лекин Мисрнинг остонаси Асқалонни қўлга ололмади.
Макка ҳокими Муҳаммад ибн Абу Ҳошим султон Алпарслонга элчи юбориб, ўзларининг Мисрдаги Убайдий халифадан воз кечиб, халифа Қоим Биамриллаҳга ва султон Алпарслонга байъат бермоқчиликларини ва “Ҳайя алал амал” деб азон айтишни тўхташларини билдирди. Шунда султон унга ўттиз минг динор бериб: “Агар Мадина амири ҳам шундай қилса, унга ҳам йигирма минг динор бераман”, деди.
Алпарслон амалга оширган фатҳлар Византия императори Роман Диогеннинг адоватини қўзғади. У ўз империясини ҳимоя қилиш мақсадида Алпарслонга қарши ҳаракат бошлади. Унинг аскарлари билан салжуқийлар орасида бир неча бор тўқнашув ва жанглар бўлиб ўтди. Буларнинг энг муҳими ҳижрий 463, милодий 1070 йил август ойида бўлиб ўтган Малазгирд жанги эди. Ибн Касир бу ҳақда шундай дейди:
“Бу жангда Рум императори Роман Рум, Гуржи ва Фаранг юртидан кўпсонли ва кучли қуролланган катта армияни олиб келди. У билан бирга ўттиз беш минг патриарх, ҳар бир патриарх қўли остида икки юз отлиқ бор эди. Роман билан бирга фаранглардан ўттиз беш минг, Константинопол яқинида яшайдиганлардан ўн беш минг жангчи қатнашди. Ундан ташқари, қўшинда юз минг сапёр ва ёлланма аскар, мингта солномачи, мих ва тақалар ортилган тўрт юзта, қурол-аслаҳа, эгар, манжаниқ ва палахмон юкланган икки мингта арава бор эди. Улар ичида 1200 киши тортиб юрадиган улкан манжаниқ ҳам бор эди. Лаънати Романнинг нияти бутун мусулмонларни қириб ташлаш эди. У патриархларига бутун мамлакатни, ҳатто Бағдодни ҳам тақсимлаб берди. Роман ноибига мусулмонлар халифасига яхши муомала қилишни тайинлаб: “Бу қарияга яхши муомала қилинглар. У бизнинг дўстимиз”, деди. Улар Ироқ ва Хуросон мамлуклари билан сулҳлашганларидан кейин ёппасига Шомга ҳужум қилиб, уни мусулмонлар қўлидан олиб қўйдилар… Алпарслон 25-зулқаъда чоршанба куни Заҳва деган жойда ўз қўшини билан уларни қарши олди. Унинг қўшини йигирма минг атрофида эди. Султон Рум қўшинининг кўплигидан қўрқди. Шунда унга фақиҳ Абу Наср Муҳаммад ибн Абдулмалик Бухорий урушни жума куни жума намози вақти кирганидан кейин бошлашни маслаҳат берди. Чунки у вақтда хатиблар мужоҳидлар ҳаққига дуода бўладилар. Айтилган вақт иккала қўшин саф тортиб, бир-бирига юзланганида султон Алпарслон отидан тушиб, Аллоҳга сажда қилди. Юзини тупроққа қўйиб, ёлвориб, У зотдан ёрдам сўради. Аллоҳ таоло мусулмонларга ёрдам берди ва душманларини уларнинг қўлига асир қилиб туширди. Мусулмонлар улардан жуда катта қисмини ўлдирдилар ва подшоҳлари Романни асирга олдилар. Уни румлик бир йигит асирга олди. Роман султон Алпарслоннинг ҳузурига олиб келинганида султон қўлидаги қамчи билан уни уч марта урди ва унга деди:
-Агар мен сенинг қўлингда асир бўлганимда нима қилган бўлардинг?
-Ҳар турли ёмонликни, – деди Роман.
-Нима деб ўйлайсан, мен сени нима қиламан?
-Ё мени қатл қилиб, жасадимни сазойи қиласан, ё кечириб, фидя эвазига озод қиласан.
-Мен афв этиб, фидя олмоқчиман.
Роман бир ярим миллион динор эвазига озод қилинди. У султон ҳузурида турди, султон уни сув билан сийлади. У султонга ҳурмат изҳор қилиб, унинг яқинига келиб, ерни ўпди. Сўнгра султон унга ўз юртига етиб олиши учун ўн минг динор берди ва патриархларидан бир қанчасини озод қилиб, бир фарсахгача уни кузатиб қўйди. Уни юртига етказиб қўйишлари учун ёнига “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” байроғини кўтарган аскарларни ҳам қўшди…[1]”
Алп Арслон ўн беш мингдан ортиқроқ қўшини билан Рим императори Романнинг икки юз минглик қўшини устидан ғалаба қозониши ислом тарихида жуда ҳам катта ва унутилмас бир воқеа бўлди.
[1] Ибн Касир, “Бидоя ва ниҳоя”, 12/108.