Ҳамду санолар Аллоҳ таолога хосдир. Биз Унга ҳамду сано айтамиз, Ундан мадад ва ҳидоят сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз ва тавба қиламиз. Нафсларимизнинг шарридан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоятга бошлаган кишини адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ҳамда шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва расулидир, у зотга ва оиласига салавоту саломлар бўлсин.
Дарҳақиқат, динни яхши билиш яхшилик аломати бўлиб, энг афзал амаллардан ҳисобланади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (яъни динни яхши тушунадиган) қилиб қўяди” (Муттафақун алайҳ).
Зеро, динни яхши билиш билан солиҳ амалга замин бўлган фойдали илм ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламни илмини зиёда қилишини сўрашга буюриб, бундай деган: “Раббим, илмимни зиёда қилгин” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу оят илмнинг фазилатини кўрсатадиган равшан далилдир. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламни илмдан бошқа бирон нарсани зиёда қилишини сўрашга буюрмаган”.
Шунингдек, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам фойдали илм ўрганиладиган давраларни жаннат боғлари деб номлаганлар ва уламоларни пайғамбарларнинг меросхўрлари эканини айтганлар.
Аёл кишига диний масалаларни ўрганишга ёрдам берадиган ва унга ҳаётида керак бўладиган маълумотларни тақдим этадиган бир китоб тайёрлашни ният қилдик. Бу китоб юқоридаги нарсаларни ўзида жамлаган, диндаги асосий масалаларни қисқартирилган ҳамда муслима аёлга керакли бўлган жиҳатларга эътибор қаратилган ҳолда енгил услуб ва аниқ-равшан иборалар билан ёзилди. Китоб ақида, фиқҳ, ҳадис, зикрлар ва исломий маънавият ва маърифат каби мавзуларни ўзида мужассам этган. Унга “Муслима аёлнинг дастури” деб ном қўйдик. Китоб Қуръони карим ҳофизларини етиштирувчи хотин-қизлар мадрасалари ва ўқув марказлари каби хотин-қизлар билан шуғулланувчи муассасалар учун мўлжалланган. Ушбу китоб улар ўз олдиларига қўйган олий вазифаларни адо этиш ва улуғ мақсадларни амалга оширишда яхши кўмакчи бўлади, деган умиддамиз. Китобнинг охирида Қуръони карим ҳофизларини етиштирувчи хотин-қизлар мадрасаларида китобдан қандай фойдаланиш тўғрисидаги қўлланма илова қилинган. Унда тўртта босқичга бўлинган жадвал асосида ҳар бир босқичда китобнинг қайси бўлимидан қанча миқдорда ўрганиш кераклиги кўрсатилган.
Китоб мутахассис шайхлар ва илм аҳлларидан бир қанчасига тақдим этилиб, уларнинг фикр ва мулоҳазалари олингандан кейин чоп этилди. Фазилатли шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Жибрин ва шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад Ақил сингари устозлар бизга илтифот кўрсатиб, фикр ва мулоҳазаларини аямай, китобга муқаддима ёзиб беришди. Аллоҳ барчаларининг мартабаларини юксак, даражаларини олий қилсин, бу саъй-ҳаракатлари билан амаллар тарозисининг солиҳ амаллар палласини оғир қилсин.
Аллоҳ таолодан бу ишимизни Ўзи учун холис ва манфаатли қилишини сўраймиз. Шунингдек, китобни ўқиб, унда камчилик ёки хато кўрганларни бизни хабардор қилишга чақирамиз, токи китобни кейинги нашрларда хато ва камчиликлари тузатилган ҳолда чоп этайлик.
Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг оилалари ва барча саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.