Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аср намози ўқилгандан кейин то қуёш ботгунга қадар, бомдод намози ўқилгандан сўнг то қуёш чиққунга қадар намоз йўқ»[1].
Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч вақт борки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бу вақтларда намоз ўқишдан ёки ўликларимизни дафн этишдан қайтардилар: қуёш чиқиб, то (бир найза миқдорича осмонга) кўтарилгунча; қуёш қиёмга келиб, то заволга оғмагунча; қуёш ботишга шайлангандан бошлаб, то ботиб бўлгунича»[2].
Шунга кўра, намоз ўқиш тақиқлаган вақтларни беш қисмга бўлиш мумкин. Ушбу вақтлардан учтасида ўликларни дафн этиш ҳам тақиқланади. Мазкур беш вақтлар қуйидагилар:
1) Бомдоддан кейин то қуёш чиққунча (намоз ўқишдан қайтарилган);
2) Қуёш чиқаётган вақтдан бошлаб, то (бир найза миқдори осмонга) кўтарилмагунча (намоз ва дафндан қайтарилган);
4) Аср намозидан кейин то қуёш ботгунча (намоздан қайтарилган);
5) Қуёш ботишга шайлангандан бошлаб, то ботиб бўлгунча (намоз ва дафндан қайтарилган).
Мавзуга доир мулоҳазалар:
Мазкур вақтларда намоз ўқиш тақиқланишининг ҳикмати Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда баён этилган. Амр ибн Абаса айтади: «Эй Аллоҳнинг набийси, менга намоз ҳақида айтиб беринг», дедим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бомдод намозини ўқи. Сўнг то қуёш чиқиб, (найза миқдори осмонга) кўтарилгунча (нафл намоз ўқишдан) тийил. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқади ва ўша пайтда кофирлар қуёшга сажда қилишади. Сўнг то (ерга тик суқилган) найзанинг сояси энг қисқа ҳолатга келгунча (яъни қиём пайтигача) намоз ўқийвер. Зеро, намозга (фаришталар) ҳозир ва гувоҳ бўлади. Сўнг намоздан тийил. Зеро, бу вақтда жаҳаннам қиздирилади. Агар соя кунчиқар томонга чўзилса, намоз ўқийвер. Зеро, намозга (фаришталар) ҳозир ва гувоҳ бўлади. То аср намозини ўқигунингча (нафл намозларни ўқишинг мумкин. Аср намозини ўқигандан) сўнг то қуёш ботгунча (нафл) намоз ўқишдан тийил. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасига ботади ва ўша пайтда кофирлар қуёшга сажда қилишади»[3].
Ҳадисдаги «Сўнг то (ерга тик суқилган) найзанинг сояси энг қисқа ҳолатга келгунча» деган иборанинг маъноси: соя найзанинг шимол тарафига ўтгунча, кунботар тарафга ҳам, кунчиқар тарафга ҳам оғмаган ҳолда бўлгунича» демакдир. Бу қуёш тикка кўтарилган пайт бўлиб, пешин вақти киришидан бир оз олдинроққа тўғри келади.
Ҳадисда айтилган қуёшнинг кўтарилишидан мақсад («кўтарилгунча»), баъзи ҳадисларда келганидек, унинг бир найза бўйи кўтарилишидир[4]. Баъзи замондош уламолар бу муддатни 15-20 дақиқалик вақт билан белгилашган.
Ҳадислардаги ўқиш тақиқланган намоздан мақсад муайян сабабларга боғлиқ бўлмаган мутлақ нафл намозлардир. Аммо таҳийятул масжид, таҳоратдан кейин ўқиладиган икки ракаат намоз ва ҳоказо намозларга келсак, бундай намозларни макруҳ вақтларда ўқиш жоиз ёки жоиз эмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, сабабли ёхуд муайян муносабат билан ўқиладиган намозларни бу вақтларда ҳам ўқиш жоиздир. Бу шофеий мазҳабининг фикридир.
Дарҳақиқат, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мазкур масалани чуқур тадқиқ қилиб, бундай намозларни макруҳ вақтларда ўқиш жоизлигини тўғрироқ деб билган[5]. Шайхулислом айтган гапнинг хулосаси шундан иборатки, бу намозларни макруҳ вақтларда ўқиш масаласида иккита умум далиллар ўртасида талашиш мавжуд. Бу далиллардан бири макруҳ вақтларда намоз ўқишни тақиқласа, бошқаси рухсат беради. Бундай пайтда мазкур умумий далиллардан кучлироғига амал қилинади. Шундан сўнг Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ тақиқлашга оид умумий далилларнинг макруҳ вақтларда гоҳида нафл намоз ўқиш жоизлигини ифода этувчи хусусий далиллар билан чекланган эканини кўрсатувчи далиллар келтиради. Бомдоддан олдинги суннат намозни ўқишга имкон топмаган киши уни фарздан кейин ўқиши, кеча ва кундузнинг қай вақтида бўлишидан қатъи назар тавофдан кейин икки ракаат ўқиш жоизлиги[6], шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзни ёлғиз ўзи ўқиб олган кишини масжидга кирганида одамлар шу намозни ўқиётганига дуч келса, уларга қўшилиб намоз ўқишга буюрганлари ва бу намози унга нафл бўлишини айтганларини мисол қилиш мумкин. Чунки фарзни ўқиган киши жамоатга қўшилиб намоз ўқиши бомдод ёки аср намозига тўғри келиши мумкин. Бинобарин, макруҳ вақтларда нафл намоз ўқиган бўлиб қолади. Буларнинг бари шуни кўрсатадики, сабабли намозларни ҳар қандай вақтда ўқиш мумкин экан, валлоҳу аълам.
Намоз ўқиш тақиқланган вақт деганда фарзни ўқигандан кейинги вақт назарда тутилади. Айтайлик, бир инсон бомдод намозини илк вақтидан кечиктириб ўқимоқчи бўлса, дастлаб суннатни, кейин фарзни ўқийди. Бомдоддан кейин то қуёш найза бўйи кўтарилмагунча нафл намоз ўқиш тақиқланади деганда бомдоднинг фарзи ўқилгандан кейинги вақт назарда тутилади. Модомики фарз ўқилмаган бўлса, унга қадар ҳар қандай суннат ва нафл намозларни ўқиш ман этилмайди.
Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисдаги «аср ва бомдод намозидан кейин» деган гап шуни очиқча ифода этадики, бу намозлардан кейин нафл намоз ўқиш макруҳлиги намознинг адо этилишига боғлиқ, бомдод ва аср намозларининг вақти киришига эмас»[7].
Яна бундай дейди: «Шунингдек, макруҳлик ҳар бир инсон бевосита ўзи намозни адо этишига боғлиқ. Шунга кўра, намозни бошқалардан кейинроқ ўқиса, то фарзни ўқигунга қадар нафл намоз ўқиши макруҳ бўлмайди»[8].
Бомдодга азон айтилса, фарзга қадар фақат бомдоднинг икки ракаат суннатини ўқиш жоиз. Бу ҳанбалий мазҳабининг фикридир. Бунга Ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисдаги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Шоҳидларингиз ғойибларингизга етказсин: бомдоддан кейин (бошқа бир ривоятда: «субҳи содиқ чиққандан кейин»[9]) икки ракаатдан бошқа (нафл) ўқимангиз»[10].
Асрдан кейин нафл намоз ўқиш тўғрисида бир-бирига зид ҳадислар келган. Юқорида асрдан кейин намоз ўқишни тақиқлайдиган ҳадислар ўтди. Яна шундай ҳадислардан бири Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар фарз намоз ортидан икки ракаат (нафл) намоз ўқир эдилар, бомдод ва аср намозлари бундан мустаснодир»[11].
Дарҳақиқат, бу ҳадисларга Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадис қарама-қарши келади. Унда келишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан кейин намоз ўқишдан қайтарганлар. Фақат қуёш (тафти ҳануз сусаймасдан) кўтарилиб туриши бундан мустаснодир»[12]. Шунингдек, Ойша ва Умму Салама разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиннинг икки ракаат суннатини асрдан кейин ўқиганлар, сўнг бу икки ракаатни (шу вақтда) ўқишга қаттиқ риоя қилганлар (Ойша разияллоҳу анҳонинг ривоятида: «сўнг уни доимий тарзда (шу вақтда) ўқиганлар»)».
Юқоридаги қарама-қарши ҳадисларни бир-бирига мувофиқлаштириш учун айтиш мумкинки, агар қуёш тафти ҳануз пасаймаган, юқорида бўлса, асрдан кейин бўлса-да нафл намоз ўқиш жоиздир. Аммо қуёш ботишига оз қолган, қуёш нури сарғиш тус олган бўлса, бу вақтда нафл намоз ўқиш тақиқланади. Бинобарин, бу вақтда намоз ўқишни тақиқлашга оид мутлақ ҳадисларни бошқа ҳадислар билан қайд этамиз. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да шу фикрни тўғрироқ деган[13].
Жума куни туш пайтида нафл намоз ўқиш жоиз бўлаверади. Чунки бу вақтда то имом минбарга чиққунга қадар намоз ўқиш мустаҳаблиги тўғрисида ҳадислар келган[14].
Жума намозидан олдин ўқиладиган бу намоз, баъзилар ўйлаганидек, жуманинг суннати эмас. Негаки, тўғрироқ фикрга кўра, жумадан олдин ўқиладиган суннат намоз йўқ. Балки бу намоз мутлақ нафл қабилидандир.
[1] Бухорий (586), Муслим (826), Абу Довуд (1276), Термизий (826), Насоий (1/278), Ибн Можа (1250) ривояти. Бир гуруҳ саҳобалардан шу маънодаги асарлар ҳам собит бўлган бўлиб, уларнинг айримлари «саҳиҳайн»да ривоят қилинган. [2] Муслим (831), Абу Довуд (3192), Термизий (1030), Насоий (1/277), Ибн Можа (1519) ривояти. [3] Муслим (832), Абу Довуд (1277), Насоий (1/279) ривояти. [4] Қуёш чиққандан кейин унинг бир найза миқдори кўтарилганини билиш учун найзани (ёхуд 1,5-2 метрлик чўпни) олиб, чиқиб келаётган қуёшга юзланилади. Найзанинг бир учини ерга тираганча тик тутиб, қўлни чўзиб ушлаб турилади. Шу тариқа қуёшнинг гардиши найзанинг учига тўғри келганида бир найза миқдори кўтарилган бўлади, валлоҳу аълам (Тарж.). [5] «Мажмуъ ал-фатово», 23/178-209-бетлар. [6] Саҳиҳ. Абу Довуд (1894), Термизий (868), Насоий (1/284, 5/223), Ибн Можа (1254) ривояти. [7] «Найл ал-автор», 3/107. [8] «Найл ал-автор», 3/109. [9] Аҳмад (2/23), Дорақутний (1/246) ривояти. [10] Саҳиҳ. Абу Довуд ривояти, 1278. [11] Саҳиҳ. Аҳмад (1/144), Ибн Хузайма (1196) ривояти. [12] Саҳиҳ. Абу Довуд (1274), Насоий (1/280) ривояти. Шайх Албоний «Ас-силсилат ас-саҳиҳа»да (200) саҳиҳ деган. [13] Қаранг: «Ас-силсилат ас-саҳиҳа», 200. [14] Бу ҳадисларни жума намози ҳақида сўз юритганимизда келтирамиз, иншааллоҳ.