Ямомада Ҳанифа водийсида Зайд ибн Хаттоб ва бошқа саҳобаларга оид уйдирма қабрлар (1)

0

255 – Ямомада Ҳанифа водийсида Зайд ибн Хаттоб ва бошқа саҳобаларга оид уйдирма қабрлар

Шайх Сулаймон ибн Саҳмон раҳимаҳуллоҳ айтди: «Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг издошлари тарафидан қабрлар устига қурилган биноларни бузиш жорий этилди. Жумладан, қабристон ичида Зайд ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга тегишли экани иддао қилинадиган қабр устига барпо этилган масжид ҳам бузиб ташланди[1].

Аслида у (жойда Зайд ибн Хаттобнинг қабри борлиги) очиқ ёлғондир. Чунки Зайд разияллоҳу анҳу ва бошқа шаҳидлар ўрни номаълумдир. Билингани шуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мусайлимага қарши урушиб шаҳид бўлган саҳобалари шу водийда ўлдирилган. Бироқ уларнинг қабрлари ўрни бошқаларнинг қабрларидан алоҳида маълум эмас. Шунингдек, Зайднинг қабри ҳам бошқа қабрлардан ажратиб олинмаган. Балки айрим шайтонлар ёлғон тўқиб, одамларга: «Мана бу Зайднинг қабри» деб айтишган. Одамлар унинг фитнасига учиб, қабр зиёратига барча юртлардан оқиб кела бошлади. Шундай қилиб, қабр олдида тўпланган катта оломон ундан ҳожатларини раво қилиш ва муаммоларини аритишни сўрар эди. Шунинг учун ҳам Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига эргашиб, мазкур қабр устига қурилган сағана ва қабристонда жойлашган масжидни бузиб ташлади. Зеро, шариат қабрларни текислашга буюргани ва улар устига бино қуришдан қаттиқ қайтаргани илму маърифатдан озроқ насибаси бор ҳеч бир кишига сир эмасдир»[2].

Дарҳақиқат, тарихчилар Зайд ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қатл этилган қишлоқни белгилашда ихтилофга бордилар.

Абул Аббос ал-Балозурий айтади: «Менга Муҳаммад ибн Сумол шайхларидан ривоят қилиб сўзлаб беришича, боғда кўп одам ўлгани сабабли у «Ўлим боғи» деб аталган.

Маъмун халифалиги даврида Қайс қабиласи мавлоси Исҳоқ ибн Абу Хамиса у ерда масжид қурган. Ўшанда боғ «Убоз»[3] деб аталар эди»[4].

Табарий айтади: «Холид ибн Валид Ямома жангидан фориғ бўлгач, Ямома водийларидан бири бўлган «Убоз» водийсида тўхтади ва ўша ерда одамлар билан учрашди. Сўнг Ямоманинг «ал-Вабр» деб аталадиган яна бир водийсига кўчиб ўтди ва ўша ерга жойлашди»[5].

Абу Муҳаммад ал-Ҳамадоний айтади: «Тепароғида «Убоз» деб аталадиган қишлоқ бор. Ўша ерда Холид ибн Валид билан Бани Адий ибн Ҳанифа уруғидан бўлган Мусайлима ўртасида тўқнашув бўлиб ўтган»[6].

Абул Ҳасан Раққом ал-Басрий айтади: «Холид йўл босиб, «Убоз» деб аталадиган қишлоққа етиб келди ва аскарларини ўша ерга жойлаштирди»[7].

Ибн Сида айтади: «Убоз Ямомадаги хурмо ва экинлари мўл бўлган ирзлардан[8] биридир…

Зайд ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўша ерда ўлдирилгани айтилади»[9].

Абу Убайд ал-Бакрий айтади: «Убоз – Ямомадаги водий. Зайд ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўша ерда қатл этилган»[10].

Ибн Мунқиз айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан Баро ибн Молик разияллоҳу анҳу ҳам Мусайлима Каззобга қарши урушга қатнашади. Жангда Мусайлиманинг аксар ҳамроҳлари ўлдирилади, улардан етти минг нафари «Ўлим боғи»га қочади. У жойда жуда кўпчилик ўлгани сабабли «ўлим боғи» деб аталган, аввалги номи «Убоз» бўлган…»[11].

Абу Абдуллоҳ ал-Ҳамавий айтади: «Убоз – Ямомадаги водий «Ал-ирз»да жойлашган қишлоқ номи. У ердаги каби узун хурмо дарахтлар бошқа ҳеч қаерда кўрилмаган. Холид ибн Валид разияллоҳу анҳунинг Мусайлима Каззобга қарши уруши ўша ерда бўлиб ўтган»[12].

Ибн Манзур айтади: «“Убоз” Ямомадаги хурмо ва экинлари мўл бўлган водийлардан биридир…

Айтишларича, Зайд ибн Хаттоб ўша ерда қатл этилган»[13].

Абдулмўмин ал-Бағдодий айтади: «Убоз – Ямома водийсидаги бир қишлоқ исми. Холид разияллоҳу анҳунинг Мусайлимага қарши жангги ўша ерда бўлиб ўтган»[14].

Муҳаммад ал-Ҳимярий айтади: «Убоз – Ямомада Бани Ҳанифага оид қишлоқлардан бири. Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу ва Мусайлима ўртасидаги жанг ўша ерда бўлган»[15].

Забидий айтади: «Ёқут деди: “У ердагидан кўра узунроқ хурмо дарахтлари бошқа ҳеч қаерда кўрилмаган”. Яна айтади: “Холид ибн Валиднинг Мусайлима Каззоб билан жангги ўша ерда бўлиб ўтган…”

«Ал-лисон»да ушбуни қўшимча қилади: “Айтишларича, Зайд ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўша ерда ўлдирилган”»[16].

Ибн Булайҳид айтади: «Убоз ҳақида Ёқут бундай деган: “У Ямома водийсидаги  қишлоқ. У ернинг хурмо дарахтларидан узунроқ хурмолар бошқа ҳеч қаерда кўрилмаган. Холид ибн Валиднинг Мусайлима Каззоб билан тўқнашуви ўша ерда бўлиб ўтган…”

Бакрий «Убоз» ҳақида сўзлаганида буларни қўшимча қилган: “У Ямомадаги водий. Зайд ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўша ерда ўлдирилган”.

Убоз бугунга қадар шу исм билан етиб келган, бироқ у озроқ ўзгартиришга учраган. Ҳозирда у «Бувзо» деб айтилади.

«Ал-муъжам» муаллифи ёзган: “У ернинг хурмо дарахтларидан узунроқ хурмолар бошқа ҳеч қаерда кўрилмаган” деган хурмо дарахтларидан ҳозирда фақат илдизлари қолган. Бу водий селлари «Ал-жубайла» водийсига бориб қуйилади»[17].

[1] «Аллоҳга ҳамд бўлсинким, аввало Аллоҳнинг фазли, сўнг Шайх Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг даъвати сабабли у жойлар унутилиб кетди. Аллоҳ у кишини биз ҳамда барча мусулмонлар номидан чиройли мукофотласин». Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 8/19.
[2] Шайх Сулаймон ибн Саҳмон раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1349 ҳ.). «Аз-зиё аш-шориқ фий радди шубуҳот ал-мозиқ ал-мориқ», 126-бет. Муҳаққиқ: Абдуссалом ибн Баржас (вафоти: 1425 ҳ.). Илмий тадқиқотлар ва фатво идоралари бош бошқармаси нашри, бешинчи нашр, 1414 ҳ.й.
[3] «Убоз – «Ал-ирз» жилғаларидан бири бўлган ва унинг юқори қисмида жойлашган, ҳозирда «Бавзо» деб аталадиган водий. Унинг яқинида «ал-Ҳудайдир» деб аталадиган бошқа водий бор. Илгари у «Ҳаддор» номи билан маълум бўлган. Мусайлима Каззоб ўша ерда туғилган». (Муаррих Ҳамад ал-Жосир. «Мадинат ар-Риёз абра атвор ат-тарих», 41-бет, 2-ҳошия. «Дор ал-малик Абдулазиз» нашриёти, 1422 ҳ.й. нашр этилган.)
[4] Абул Аббос Аҳмад ибн Яҳё ал-Балозурий (вафоти: 279 ҳ.). «Футуҳ ал-булдон», 1/127. Муҳаққиқлар: Абудуллоҳ ат-Таббоъ ва Умар ат-Таббоъ. «Муассасат ал-маориф» нашри, 1407 ҳ.й.
[5] «Тарих ат-Табарий» номи билан машҳур «Тарих ар-русул вал-мулук», 3/300-301. Муҳаққиқ: Муҳаммад Абул Фазл. «Дор ал-маориф» нашриёти, Миср, иккинчи нашр.
[6] Ҳасан ал-Ҳамадоний (вафоти: 334 ҳ.). «Сифат жазират ал-араб» китоби, 162-бет. Лейден шаҳрида жойлашган «Брилл» нашриётида 1884 йил чоп этилган.
[7] Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Имрон ал-Абдий, Ибн Дурайднинг ҳамроҳи «ар-Раққом» номи билан танилган (вафоти: 321 ҳ.). «Китоб ал-афв вал-эътизор», 137-бет. Муҳаққиқ: Абдулқуддус Абу Солиҳ. «Дор ал-башир» нашриёти, учинчи нашр, 1414 ҳ.й.
[8] «“Ал-ирз” – Ямомадаги водий. Шунингдек, қишлоқлар ва сувларни ўз ичига олган ҳар қандай водий «ирз» дейилади… Шимр айтади: “Ямоманинг ирзлари унинг экинзор ва хурмозорлардан иборат обод ерларидир”». Азҳарий (вафоти: 370 ҳ.). «Таҳзиб ал-луға», 1/458. Муҳаққиқ: Абдуссалом Ҳорун (вафоти: 1408 ҳ.) в.б. «Ад-дор ал-мисрийя» нашриёти, биринчи нашр, 1384 ҳ.й.
[9] Али ибн Исмоил Ибн Сида (вафоти: 458 ҳ.). «Ал-муҳкам вал-муҳит ал-аъзам», 8/226. Муҳаққиқ: Абдулҳамид Ҳиндовий. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1421 ҳ.й.
[10] «Муъжам мастаъжам мин асмо ал-билод вал-мавозиъ», 1/94.
[11] Амир Усома ибн Мунқиз (вафоти: 584 ҳ.). «Лубоб ал-одоб», 178-бет. Муҳаққиқ: Шайх Аҳмад Шокир. «Мактабат ас-сунна» нашри, 1407 ҳ.й. нашр этилган.
[12] Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ ар-Румий ал-Ҳамавий (вафоти: 626 ҳ.). «Муъжам ал-булдон», 1/60. «Дор содир» нашриёти, Байрут, 1397 ҳ.й.
[13] «Лисон ал-араб», 1/8.
[14] Абдулмўмин ибн Абдулҳақ ал-Бағдодий (вафоти: 739 ҳ.). «Маросид ал-иттилоъ ала асмо ал-амкинати вал-биқоъ», 1/8. Муҳаққиқ: Али ал-Бажовий. «Дор ал-жил» нашриёти, биринчи нашр, 1412 ҳ.й.
[15] «Ар-равз ал-миътор фий хабар ал-ақтор», 22-бет.
[16] Муҳаммад Муртазо аз-Забидий (вафоти: 1205 ҳ.). «Тож ал-арус», 18/220. Муҳаққиқ: Абдулкарим ал-Азбовий. Кувайт ҳукумати матбааси нашри, 1399 ҳ.й.
[17] «Саҳиҳ ал-ахбор амма фий билод ал-араб мин ал-осор», 3/47.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг