Аммор ибн Ёсир ва унинг ота-онаси чеккан азиятлар:
Амморнинг отаси Ёсир Яман қабилаларидан Бани Анс қабиласига мансуб эди. У икки ака-укаси Ҳорис ва Молик билан Маккага бир иниларини излаб келган эди. Ҳорис ва Молик Яманга қайтиб кетишади. Ёсир эса Маккада қолади ва Абу Ҳузайфа ибн Муғира ал-Махзумийга иттифоқдош бўлади[1]. Унинг Сумайя исмли чўрисига уйланади. Сумайядан Аммор исмли ўғли туғилади. Кейин Абу Ҳузайфа уни қулликдан озод этади. Кўп ўтмай Абу Ҳузайфа вафот этади. Исломга даъват бошланганда Ёсир, Сумайя, Аммор ва укаси Абдуллоҳ Исломга кирадилар. Уларни қулликдан озод этган хожалари бундан қаттиқ ғазабланадилар. Уларни оғир қийноқларга соладилар. Жазирама иссиқ кунда уларни Макканинг қумлоқларига олиб чиқиб[2], қоринлари билан ерга ётқизар эдилар[3]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдидан ўтатуриб: “Эй Ёсир оиласи, сабр қилинг, жойингиз жаннатдир”, дер эдилар. Абу Жаҳл Сумайянинг олдига келиб, унга: “Аниқки, сен Муҳаммаднинг жамолига ошиқ бўлганинг учунгина унинг динига киргансан”, деди. Сумайя унга бир ёмон сўз айтди. Шунда Абу Жаҳл унинг жинсий аъзосига найза санчиб, ўлдирди. Сумайя Исломдаги энг биринчи шаҳид бўлди[4]. Тарих саҳифасига Аллоҳ йўлида жонини фидо қилган аёл деб битилди. Қиёматгача келадиган ҳар бир мусулмон аёл учун ўрнак бўлди. Суммайя Аллоҳ йўлида азиз жонини қурбон қилди[5].
Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Батҳо деган жойда кетаётган эдик, у зот менинг қўлимдан тутган эдилар. Аммор ибн Ёсир оиласи олдига етиб келганимизда Амморнинг отаси Ёсир: “Ё Расулуллоҳ, бу азобларнинг охири бормикин?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сабр қил”, дедилар. Сўнг: “Эй Парвардигор, Ёсир оиласини мағфират қил”, дедилар [6]. Кўп ўтмай Ёсир қийноқлар остида дунёдан кўз юмди.
Ўша пайтларда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ёсир оиласига ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай имконлари бўлмаган эди. Улар қуллардан ҳам эмас эдиларки, сотиб олиб, сўнг қулликдан озод этсалар. У зот уларга ўтказилаётган тазйиқ ва қийноқларни даф қиладиган куч-қудратга эга эмас эдилар. Қўлларидан келгани уларни сабрга чорлаш ва сабр эвазига уларга мағфират ва жаннат башоратини бериш бўлди. Бу билан Ёсир оиласи то қиёмат мўминларга ўрнак бўлдилар. “Сабр қилинг эй Ёсир оиласи, жойингиз жаннатдир” деган сўз тазйиқ ва қийноқларга йўлиққан барча мўминларга шиор бўлиб қолди[7].
Аммор разияллоҳу анҳу узоқ умр кўрди. Ҳаётида турли хил қийноқларни бошидан кечирди. У Маккада уни ҳимоя қиладиган қабиласи бўлмаган, заиф инсонлардан эди. Қурайш ундай заифларни Макканинг саҳроларига олиб чиқиб, куннинг иссиғида қийноққа солар эди. Аммор ҳам ана шундай қийноққа солинганлардан биридир. У қийноқнинг қаттиқлигидан нима деяётганини ҳам билмай қолар эди[8]. То Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бўлмагур сўзни айтмагунича мушриклар уни тинч қўймадилар. Охир-оқибат уларнинг илоҳлари ҳақида яхши сўз айтишга мажбур бўлди. Ундан кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келди. У зот: “Нима бўлди?” дедилар. Аммор: “Ёмон сўзни айтдим, Аллоҳга қасам, мушриклар мени қаттиқ қийнадилар, ҳатто сиз ҳақингизда бўлмагур сўзни, уларнинг илоҳлари тўғрисида яхши сўзни айтишга мажбур бўлдим”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалбинг нима деяпти?” дедилар. Аммор: “Қалбим иймонга тўла”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар яна сенга шундай азоб беришса, ўша сўзни яна айтавер”, дедилар[9]. Аммор чинакам мўмин эканлигига Аллоҳ Ўзи гувоҳлик бериб ваҳий нозил қилди:
“Ёлғонни фақатгина куфр сўзини айтган ва иймон келтирганидан кейин иймонидан қайтиб, муртад бўлган кимсалар тўқийдилар. Ана ўшаларга Аллоҳнинг ғазаби бўлгай. Аммо бир киши куфр сўзини айтишга мажбур қилинса ва бу сўзни қалби иймонда собит бўлган ҳолда, ҳалокатдан қўрққани учунгина айтган бўлса, унга маломат йўқдир. Лекин кимда-ким куфр калимасини айтса ва кўнгли шунга таскин топса, ана ўшаларга Аллоҳнинг қаттиқ ғазаби ва оғир азоби бор” (Наҳл, 106).
Сўнг Аммор Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга барча ғазотларга қатнашди[10].
Мазкур икки саҳоба Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумонинг қиссаларида рухсатдан фойдаланиш билан қатъият кўрсатиш ўртасини ажратадиган катта фиқҳ-илм бор. Даъватчилар уни яхши билиб олишлари зарур. Токи ҳар бир ишни ўз ўрнида, ҳаддан ошмаган ва бепарво бўлмаган ҳолда адо этсинлар.
[1] Билазуррий,“Асбоб ал-ашроф”, 1/100-107-бетлар.
[2] Ибн Ҳишом, “Ас-сийрат ан-набавия”, 2/68-бет.
[3] Омирий, “Баҳжатул-маҳофил”, 1/97-98-бетлар.
[4] “Меҳнатул-муслимийна фил-аҳдил-маккий, 99-бет.
[5] “Ат-тарбия ал-қиядия”, 1/217-бет.
[6] “Саҳиҳ ас-сийрат ан-набавия”, 98-бет. Ҳайсамий “Ал-мажмаъ”да (9/293) келтириб: “Буни Аҳмад ривоят қилиб, санадини саҳиҳ деган”, дейди.
[7] “Ат-тарбия ал-қиядия”, 1/217, 218-бетлар.
[8] “Меҳнатул-муслимийна фил-аҳдил-маккий, 100-бет.
[9] Ал-Ғазолий, “Фиқҳ ас-сийра”, 103-бет.
[10] Ал-Ғазолий, “Фиқҳ ас-сийра”, 103-бет.