Сунъий қочириш ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум!  Ҳозирги кунда сигирларни сунъий уруғлантириш кенг йўлга қўйилган. Зотдор мол уруғини асосан Европа давлатларидан келтирилади. Савол: сунъий уруғлантириш жоизми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Ҳайвонларни сунъий қочириш жоиз. Чунки бу ишнинг ҳаром ёки макруҳ эканига далил йўқ. Бундай ишлар аслида жоиз ҳисобланади. Шунинг учун мумкин деганлар эмас, мукин эмас деганлар далил айтиши керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайвонларни қочириб, эвазига пул олишдан қайтарганлар (Бухорий ривояти). Шу ҳадисга биноан ҳайвонларни қочириш эвазига пул олиш мумкин эмас. Қолаверса, олинаётган пул эркак ҳайвон уруғининг эвазига дейилса, ҳайвон уруғи сотишга лойиқ нарса эмас. Агар бу пул урғочи ҳайвоннинг қорнида пайдо бўладиган боласининг эвазига дейилса, унда бир қочиришда бола бўлиш ёки бўлмаслиги аниқ эмас. Лекин сунъий қочириш бу қайтариқ остига кирмайди. Чунки бундай ҳолатларда олинаётган пул ҳайвон уруғи эвазига эмас, бу уруғни олиб келиш сарф-харажатлари ҳамда докторнинг хизмат ҳақи ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг