Ямомада Зайд ибн Хаттоб ва бошқа саҳобаларга оид уйдирма қабрлар (2) Зайнаб бинти Алининг Мисрдаги қабри

0

255 – Ямомада Ҳанифа водийсида Зайд ибн Хаттоб ва бошқа саҳобаларга оид уйдирма қабрлар

(Давоми)

Устоз Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Хамис шаҳид саҳобаларнинг қабрлари жойлашган қабристонга оид ихтилофларни қуйидагича баён қилади: «“Жубайла” – «жабала»нинг кичрайтма шакли бўлиб, ҳозирда Садҳа тоғининг жануби-шарқида тоғнинг туртиб чиққан ерида жойлашган. Жануб тарафдан «Ҳанифа» водийсига, жануби-шарқий тарафдан «Ақрабо» водийсига туташади. Тоғ туртиб чиққан жойига алоқаси бўлгани учун «Жубайла» (тоғча) деб номланган бўлиши ҳам мумкин. Ундан «Уяйна», «Садус» ва «Ҳайсийя» йўллари кесиб ўтади…

Ҳозирги номи янги қўйилган ном эканида шубҳа йўқ. Аслида у «Ақрабо»нинг бир томони бўлмиш «Мусайлима боғи»дир. Одамлар орасида шаҳид саҳобалар (разияллоҳу анҳум) қабрлари Жубайла қаршисидаги қабристонда жойлашган деган гап машҳур. Қишлоқ билан қабристон ўртасида унинг жанубий қирғоғида Ҳанифа водийси бор. Узоқ йиллар давомида сел тошқинлари натижасида унинг устида қабристон жойлашган қоя емирилган ва баъзи қабрлар оқиб кетган. Яна айримларининг лаҳадлари очилиб, ичидаги суяклар кўриниб қолган. Одамлар орасида мазкур қабрлар саҳобаларнинг қабри деган гап тарқалган. Бироқ тақрибан ўн икки ёшларимда отам билан Жубайлага борганимизда у менга бундай деган эди: “Одамлар мен ҳозир сенга тавсифлаб берган жойдаги қабрлар саҳобаларнинг қабри деб адашишади. Юр, мен сенга саҳобалар қабрини кўрсатаман”. Кейин отам мени Жубайла қишлоғи жанубидаги тепаликка бошлаб борди. Унинг яқинида «Ақрабо» водийси жанубий қисми оқар эди. Шунда менга: “Мана бу қабрлар саҳобаларнинг қабрлари. Улар ҳозирда йўқолиб кетган”, деди.

Бироқ мен орадан шунча асрлар ўтиб ҳам ўша қабрларнинг айрим белгилари сақланиб қолишини ҳақиқатдан йироқ деб биламан. Қолаверса, қабрлар ҳимояланмаган, емирилиш омиллари четлаб ўтиши имконсиз бўлган дарё йўли яқинидаги тепаликда жойлашган қабрлар улар!»[1]

Доктор Эҳсон ал-Амад айтади: «Бани Ҳанифанинг «Ақрабо» жангида мағлуб бўлган айрим қолдиқлари ҳимояланган «Ўлим боғи» илгари Ямома пойтахти Ҳажр шаҳри яқинидаги атрофи ўралган бир бўстон бўлиб, «Убоз» номи билан танилган эди. Кейин бу боғ эгалиги «Ямома раҳмони» деб танилган Мусайлима Каззоб қўлига ўтади. Шундан келиб чиқиб, бани ҳанифаликлар боғни «Раҳмон боғи» деб аташади. Кейинчалик у ерда Бани Ҳанифа қабиласи ва мусулмонлардан жуда кўп одам ўлгани учун «Ўлим боғи» номини олади»[2].

Шундай экан, кейингилар Ямома шаҳидлари (разияллоҳу анҳум) қабристони ҳамда Зайд ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қабри ўрнини нимага асосланиб аниқ белгиладилар?!

256 – Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг қизи Зайнабнинг Мисрдаги уйдирма қабри

Шайх Маҳмуд ал-Марокибий айтади: «На Мисрга саёҳат қилган ва ўзлари гувоҳ бўлган талай саёҳатчиларнинг ривоятларида ва на муаррихларнинг китобларида Саййида Зайнабнинг қабри ҳақида бирор хабар айтилмаган. Абдураҳмон ибн Ҳакам (вафоти: 257 ҳ.) ва Ал-қузоий (вафоти: 453 ҳ.) мазкур тарихчилар жумласидан. Шунингдек, Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Силафий (вафоти: 576 ҳ.) Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг пуштикамаридан бўлган бирор фарзанди Мисрда вафот этмагани ҳақида очиқ айтган. Ибн Жубайр Андалусий, Ибн Асъад ал-Жуввоний (вафоти: 600 ҳ.), саёҳатчи Ҳаравий (вафоти: 611 ҳ.), саёҳатчи Ёқут ал-Ҳамавий ал-Бағдодий (вафоти: 624 ҳ.), Ибн Муяссар ал-Мисрий (вафоти: 677 ҳ.), Ибн Тағрибирдий (вафоти: 704 ҳ.), Ибн Носих ал-Мисрий (вафоти: 800 ҳ.), Ибн Зайёт ал-Ансорий (вафоти: 814 ҳ.), Нуриддин ас-Саховий (вафоти: 814 ҳ.), ал-Мақризий (вафоти: 845 ҳ.), Қози Ибн Заҳира (вафоти: 891 ҳ.), Ҳофиз ас-Саховий (вафоти: 902 ҳ.), ва Суютий (вафоти: 911 ҳ.) каби Мисрда бўлган саёҳатчи ва олимлар ҳам қабр ҳақида ҳеч нима демаган.

Хулоса: Саййида Зайнабнинг машҳур мақбараси уйдирма қабр бўлиб, унинг вафотидан тақрибан минг йил ўтгач барпо этилган»[3]. Аллоҳ ислоҳ қилсин.

[1] Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Хамис (вафоти: 1432 ҳ.). «Муъжам ал-Ямома», 1/264 («Ал-жубайла»). Биринчи нашр, 1398 ҳ.й. Амир Султон ибн Абдулазиз ҳисобидан чоп этилган.
[2] Доктор Эҳсон Сидқий ал-Амад, Кувайт Университетида Ислом тарихи ўқитувчиси, араб муаррихлари уюшмаси аъзоси. «Ҳаракату Мусайлима ал-Ҳанафий», 63-бет. «Ал-одоб» факултети йилномаси, ўнинчи йилнома, 1409 ҳ.й.
[3] Маҳмуд ал-Марокибий қаламига мансуб «Ҳақиқат машҳад раисат ад-девон» мақоласи. «Ат-тавҳид» журнали, 426-сон, 66-68 бетлар. Жумода ал-охира, 1428 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг