Нега саҳобалар қабрлари маълум эмас? Устига масжид қурилган қабрларнинг асоси борми?

0

257 – Нега саҳобалар қабрлари маълум эмас?

«Бунинг жавоби қуйидагича: Саҳоба ва тобеинлар ўзларининг замондошлари бўлмиш улуғлар ҳурматини етарлича жойига қўяр, хоссатан улар орасида машҳур қаҳрамон ва умматнинг энг яхшилари бўлмиш зотларга ғоят эҳтиром кўрсатар эдилар. Бироқ улар маййитлар қабрлари устига бино қуриш ва ўликлар жасадларини улуғлашдан ҳазар қилар эдилар. Чунки поклик, гўзаллик, енгиллик ва иймон шариатини олиб келган, бутпарастликни илдизи билан қўпориб ташлаш учун юборилган зот бундан очиқ-ойдин қайтарганлар. Зеро, бутпарастлик аслида ўликларни улуғлаш ва қабрларга ружу қўйиш ортидан келиб чиққан эди. Салафлар текисланиб кетадиган қабрларни энг яхши қабрлар, фазилатли амаллар билан эсланишни энг яхши из қолдириш деб билар эдилар. Шу боис саҳобалардан кейинги авлодга келибоқ аксар буюк саҳобалар ҳамда қаҳрамон мужоҳидлар қабрлари текисланиб, йўқолиб кетди. Кейин уларнинг қабрлари ўрнини белгилашда ровийларнинг ихтилофлари сабабли улардан хабарларни нақл қилувчи кишилар орасида ҳам келишмовчилик ва зиддиятлар юзага келди.

Агар Исломнинг илк асрларида ҳам қабрларни улуғлаш, ўликлар кўмилган жойлар устига қубба ва масжидлар қуриш билан уларнинг хотираларини сақлаб қолиш каби ишлар бўлганида эди, мазкур ихтилофлар юзага келмас, айрим товламачи ва шайхпарастларнинг қабрлари сақланиб қолгани каби ўша улуғ саҳобаларнинг қабрлари ҳам бизга номаълум бўлиб қолмас эди. Зеро, илк асрлардан кейинги даврда яшаган ва саҳобаю тобеинлар ишларига хилоф қилган мусулмонлар тўқиб чиқарган бидъатлари сабабли ўша пирларга оид қабрлар сақланиб қолди. Ҳатто мазкур қубба ва сағаналарнинг аксари гўёки қадимгиларнинг меҳроблари тимсолига айланди, бутпарастлик сиймосини ўта хунук, ҳақдан йироқ ва ширкка яқин ҳолатда қайта тиклади. Агар мусулмонлар ўзларига динларини етказган ҳамда Аллоҳ улар сабабли Исломга нусрат ато этган ана ўша саҳобаларнинг текисланиб кетган қабрларидан сабоқ олганларида эди, қабрлар устига қуббалар тиклаш ҳамда шариату ақл инкор этадиган ўликларни улуғлаш каби манфур ишларга журъат қилмаган бўлар эдилар. Улар ушбу ишларининг барчасида саҳобаю тобеинларга хилоф иш тутдилар. Зеро, ўша зотлар бизларга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг омонатларини келтирдилар, биз эса уни зое қилдик, шариат сирларини етказдилар, биз эса уни оёғости қилдик. Қабрлар тўғрисида Имом Муслим «Саҳиҳ»да Абул Ҳайёж ал-Асадий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган ушбу ҳадисга эътибор қилинг: “Али разияллоҳу анҳу менга бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган иш учун сени юбормоқчиман: бирор суратни қолдирмай ўчирасан, бирор кўтарилган қабрни қўймай текислайсан»”[1].

Имом Муслим яна ривоят қилади: “Сумома ибн Шуфай айтади: «Биз Фазола ибн Убайд билан Румдаги Рудис деган жойда эканимизда бир шеригимиз вафот этди. Шунда Фазола ибн Убайд унинг қабрини текислаб қўйишга буюрди. Сўнг: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни текислашга буюрганларини эшитганман”, деди»”[2].

Улар бизга динни шундай етказдилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг омонатларини адо этдилар. Сўнг ушбу омонат аҳдига вафо ўлароқ ҳамда биз уларга эргашишимиз ва Пайғамбар йўлидан юришимиз учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга буюрган ҳар бир ишни аввало ўзларида татбиқ этдилар. Бироқ мазкур кичик тафсилотларни идрок этишга ақлларимиз етмади. Илоҳий шариат қонунларида яширинган ҳикматларни ҳамда бутпарастлик зиналаридан аста-секин кўтарилиб бормаслигимиз учун Пайғамбаримизнинг қабрлар устига бино қуришдан қайтарган тақиқларини англаш даражасига идрокимиз ожизлик қилди.

Шундай қилиб, тақиқдан кўзланган ҳикматнинг мағзини чақа олмадик, чегараланган ақлларимизни шариат ҳукмидан устун қўйдик ва ўзимизча мустаҳаб деб билган майда тафсилотларга таяниб қабрлар устига бино қуришни жоиз деб ҳукм чиқардик. Натижада улар бора-бора катта муаммога айланди, динда улкан туйнук ҳосил қилди ва тавҳид ақидасига болта урди.

Биз поғонама-поғона кўтарилишда давом этиб, қабрлар устига масжид қуриш ва унда ётган ўликларга атаб қурбонликлар сўйишгача етиб бордик, охир бориб шариат қабрларни текислаш буйруғи орқали бизни ундан сақламоқчи бўлган чохга қуладик.

Шунга қарамай, биз ҳамон шариат ҳикматидан ғофил ҳолатимизда ҳаққа келиб урилмоқдамиз, ҳақ ҳам то бизни ҳалок этмагунча юзимизга келиб урилаверади»[3].

258 – Устига масжид қурилган аксар қабрларнинг асоси йўқ

«Модомики қабрлар устига масжид қуриб, «мақбара» деб аталадиган жойлар барпо этиш ва уларни улуғлаш мусулмонлар динидан эмас, балки мушриклар динидан бўлар экан, у жойлар сақлаб қолинмайди. Чунки Аллоҳ бизга Ўзи нозил қилган Қуръонни сақлашни кафолатлаган. Аллоҳ таоло айтганидек: “Албатта бу зикрни – Қуръонни Биз нозил қилдик ва албатта уни Ўзимиз сақлагувчимиз” (Ҳижр, 9). Аллоҳ Пайғамбари орқали юборган Китоб ва ҳикмат сақланган, мақбаралар эса сақланмаган. Балки устига масжид қурилган аксар қабрлар ё шубҳали, ё ёлғон экани аниқ бўлган»[4].

«Шунингдек, баъзи пайғамбарлар ва солиҳ кишиларга нисбат бериладиган мақбаралар борки, кимдир тушида унинг ўзини ёки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни ёки бирор солиҳ кишини ўша жойда кўрганига таянилади. Бу туш ўша жойни кўзлаб боришга ва уни намозгоҳ қилиб олишга яроқли бирор фазилатга сабаб бўлмаслигига мусулмонлар ижмо-иттифоқ қилган. Балки бу каби ишлар яҳудий ва насронийларнинг ишларидандир»[5].

[1] Ҳадис тахрижи 84-масалада ўтди.
[2] 2/666, 93 ва 969-ҳадислар.
[3] Адиб Рафиқ ибн Маҳмуд ал-Азм Димашқий (вафоти: 1343 ҳ.). «Ашҳару машоҳир ал-ислом фил-ҳуруб вас-сиёсат», 506-507 бетлар. «Дор ал-фикр ал-арабий» нашриёти, иккинчи нашр, 1972-1973 м. Афсуски, муаллиф китобни охирига етказмай вафот этган.
[4] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 27/169-170.
[5] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/163-164.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг