Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биронтангиз масжидга кирса, то икки ракаат намоз ўқимагунча ўтирмасин»[1]. Бошқа бир ривоятда: «Биронтангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракаат намоз ўқисин», дейилган.
Ушбу ва бошқа ҳадислар масжидга кирган ва ўтирмоқчи бўлган киши икки ракаат намоз ўқиши суннат эканини кўрсатади. Фуқаҳолар ушбу икки ракаат намозни «таҳийятул масжид» намози деб атайдилар. Ҳадисларда мазкур ном билан аталмаган, балки бу фуқаҳолар истилоҳидир.
Уламолар таҳийятул масжид намозини ўқиш ҳукмида ихтилоф қилишган. Жумҳур уламолар уни суннат дейишган бўлса, Довуд Зоҳирий ва унинг издошлари ҳамда Шавконий каби аҳли илмлар вожиб дейишган.
Мавзуга доир мулоҳазалар:
Таҳийятул масжид намози ҳар қандай вақтда, ҳатто нафл намоз ўқиш тақиқланган вақтларда ҳам, жума куни хутба асносида ҳам ёки масжидда илмий дарслар ўтилаётган пайтда ҳам ўқилаверади. Негаки, бу борадаги ҳадислар ажратмасдан умумий келган, қолаверса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни хутба қилаётган пайтларида масжидга кириб келган кишини икки ракаат (таҳийятул масжид намозини) ўқишга буюрганлар[2].
Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадис зоҳиридан маълум бўладики, таҳийятул масжид намози ҳар масжидга кирганда машруъдир». Шу фикрни Нававий ҳам «Ал-мажмуъ» китобида устун деб билган[3].
Масжиди Ҳаромга дастлаб кирган киши таҳийятул масжид намози ўрнига тавоф қилади. Яъни ҳаж ёки умра зиёрати учун келган киши дастлаб Масжиди Ҳаромга кирганида таҳийятул масжид намозини ўқимасдан, балки тавофи қудум қилади. Ундан кейинги кирганларида эса, худди бошқа масжидлардаги каби, таҳийятул масжид намозини ўқийди. Шунингдек, ҳаж ёки умра зиёрати учун келган ҳожи дастлаб ушбу масжидга кирганида тавофдан олдин ўтиришни хоҳласа, икки ракаат ўқимасдан ўтирмайди.
Икки ракаатдан оз намоз таҳийятул масжид ўрнига ўтмайди. Бинобарин, инсон жаноза намози ўқиса, тиловат ёки шукр учун сажда қилса ёки бир ракаат витр ўқиса, буларнинг ҳеч бири таҳийятул масжид ўрнига ўтмайди. Чунки ҳадисда «то икки ракаат намоз ўқимагунча» дейилган.
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Асҳобларимиз (шофеий мазҳаби уламолари) айтадилар: «Ўқилган икки ракаат билан таҳийятул масжид намозини ният қилиш шарт эмас. Аксинча, икки ракаат билан мутлақ намозни ният қилса, икки ракаат равотиб суннат ёки нафлни ният қилса, икки ракаат фарз намозни ёки унинг қазосини ёки назр намозни ният қилса, буларнинг барчаси жоиз, шу билан ният қилган намози ҳам ва унинг зимнида таҳийятул масжид ҳам ҳосил бўлади»[4].
Масжидга киргач таҳийятул масжидни ўқишдан олдин ўтириб олса, агар буни билмасдан ёки унутиб қилган бўлса ва ўтирганига кўп вақт ўтмаган бўлса, ўрнидан туриб икки ракаат ўқиши жоиздир[5].
[1] Бухорий (444, 1163), Муслим (714), Абу Довуд (467), Термизий (316), Насоий (2/53), Ибн Можа (1013) ривояти. [2] Бухорий (930), Муслим (875), Абу Довуд (1115), Термизий (510), Насоий (3/103), Ибн Можа (1112) ривояти. [3] «Найл ал-автор», 3/52-бет. Қаранг: «Ал-мажмуъ», 4/52-бет. [4] «Ал-мажмуъ», 4/52-бет. [5] «Ал-мажмуъ», 4/53-бет.