Намоз: Истихора намози

0

 2) Таҳоратдан кейин икки ракаат намоз ўқиш

Таҳоратдан кейин икки ракаат намоз ўқиш тўғрисидаги «Таҳорат китоби»да айтиб ўтган эдик.

3) Тавофдан кейин икки ракаат намоз ўқиш

Бу ҳақда «Ҳаж китоби»да сўз юритамиз, иншааллоҳ.

4) Истихора намози

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Қуръондан сура ўргатганларидек ҳар бир ишда истихора қилишни ҳам ўргатдилар. У зот айтдилар: «Бирортангиз бир ишни қасд қилса, фарз намозидан бошқа икки ракаат (нафл) намоз ўқисин, сўнг бундай десин: «Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингдан сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман, Сен билувчисан, мен билмайман, Сен ғайбни хўб ва кўп билувчисан. Ё Аллоҳ, агар шу ишим – ҳожатини айтади – динимда, тирикчилигимда, ишимнинг оқибатида (ёхуд дунё ва охиратимда) мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт, осон қил, сўнг уни менга баракали қил. Агар шу ишим – ҳожатини айтади – динимда, тирикчилигимда, ишимнинг оқибатида (ёхуд дунё ва охиратимда) мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни тақдир қил ва мени тақдиримга рози қил»[1].

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلاَ أَعْلَمُ وَأَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ. اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي -أَوْ قَالَ: عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ- فَاقْدُرْهُ لِي، وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ. وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي -أَوْ قَالَ: فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ- فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِي الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي بِهِ

Ўқилиши:

«Аллоҳумма инний астахийрука би илмик ва астақдирука би қудротик ва асъалука мин фазликал азийм. Фа иннака тақдиру ва лаа ақдиру ва таъламу ва лаа аълам ва анта аллаамул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрун лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий фақдурҳу лий. Ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррун лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий фасрифҳу анний васрифний анҳу, вақдур лиял хойро ҳайсу каана сумма арзиний биҳ».

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Инсон қилиши ҳалол бўлган ихтиёрий ишлар учун истихора қилинади. Вожиб ва мустаҳаб ишлар учун истихора қилинмайди. Чунки бундай ишларнинг барчаси хайр ва яхшилик саналиб, инсондан уларни бажариш талаб этилади. Шунингдек, ҳаром ёки макруҳ ишларда ҳам истихора қилинмайди. Зеро, бундай ишларнинг ҳаммаси ёмонлик бўлиб, инсон улардан йироқ туриши лозим. Чунки уларни қилиш ё ҳаром, ё макруҳдир.

  2. Инсон ҳалол ва мубоҳ ишлар учун истихора қилишни тарк этмаслиги мақсадга мувофиқдир. Ҳеч бир ишни арзимас санаб, унинг учун истихора қилишда бепарво бўлмаслик керак. Шундай арзимас ишлар борки, унга қўл уриш ортидан катта зарарлар келиб чиқади. Ҳадисдаги саҳобанинг «Қуръондан сура ўргатганларидек ҳар бир ишда истихора қилишни ҳам ўргатдилар» деган сўзларини мушоҳада этсангиз, истихорага жиддий эътибор қаратилганига гувоҳ бўласиз.

  3. Ҳадисда айтилганидек, истихора дуоси фарздан бошқа икки ракаат нафл намоз ўқигандан кейин айтилади. Шунга кўра, фарз намоздан кейин қилинган истихора ўз ўрнига тушмаган, суннатда кўрсатилган тартибда бажарилмаган бўлади. Шунингдек, истихора қилган инсон дуо қилишдаги одобларга риоя этиши лозим. Зеро, бу одобларга риоя қилинса, дуонинг қабул этилиши кўпроқ умид қилинади[2].

  4. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «сўнг бундай десин» деган сўзларининг зоҳири истихора дуоси икки ракаат намоз тўлиқ ўқиб бўлингач, яъни саломдан кейин қилинишини кўрсатади.

  5. Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсон кўнгли ёришмагунча (то бир томонга мойил бўлмагунча) истихора қилавериши керак. Истихорадан олдинги ўз ҳою ҳаваси аралашган мойиллигига суянмаслиги лозим. Истихора қилган инсон ҳою ҳавасларидан буткул воз кечиб, ихтиёрини Аллоҳга топшириши керак. Акс ҳолда, истихора қилмаган, яъни Аллоҳдан яхшисини насиб этишини сўрамаган, балки ўзи яхши кўрган ишни сўраган бўлади. Баъзан Аллоҳдан яхшиликни сўрашда, ўз билими ва қудратига таянмасликда, ҳар қандай илм ва қудратни Аллоҳга нисбат беришда қатъиятли бўлмаслиги мумкин. Агар бу борада қатъиятли ва жиддий бўлганида ўз қудрати, хоҳиши ва ихтиёридан воз кечиб, буларнинг барини Аллоҳга ҳавола қилган бўлар эди»[3].

  6. Баъзи инсонлар истихора қилган киши истихорадан сўнг албатта бир туш кўради ва унда иккиланиб турган ишининг яхши ёки ёмонлиги маълум қилинади, деб эътиқод қилишади. Албатта, бу ботил эътиқоддир. Суннатга кўра, инсон истихора қилиши, сўнг мақсадга элтувчи сабаб ва воситаларни ишга солиб, Аллоҳга таваккул қилиб ишида давом этиши лозим. Инсон ўзи учун манфаатли ишларга ҳарис бўлмоғи керак. Борди-ю, муроди ҳосил бўлса яхши, акс ҳолда, Аллоҳнинг қазойи қадарига эътироз қилмаслиги, балки қисматига рози ва таслим бўлиши лозим. Шунга кўра, истихоранинг боши таваккул бўлса, охири таслим ва розиликдан иборатдир.

  7. Шуни яхши билиш лозимки, ҳар ким Аллоҳга таваккул қилган ҳолда ўзи учун ўзи истихора қилади. Зеро, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг истихора ҳадисидаги «Бирортангиз бир ишни қасд қилса…» деган сўзлари шуни кўрсатади. Маълум бўладики, баъзи инсонларнинг бошқалардан истихора қилиб беришини сўрашлари шариатда далили бўлмаган асоссиз иш ва юқорида келтирилган ҳадисга хилофдир. Қолаверса, истихора аслида Аллоҳга таваккул қилишдан иборат. Бинобарин, инсоннинг бошқа биров орқали Аллоҳга таваккул қилиши тасаввурга сиғмайдиган ишдир.

[1] Бухорий (1166, 6382), Абу Довуд (1538), Термизий (480), Насоий (6/80), Ибн Можа (1383) ривояти.
[2] Шу мавзуда камина қаламига мансуб «Ҳодий ас-суадои бир-рағбати вар-ражои» китобига мурожаат қилишингиз мумкин.
[3] Қаранг: «Найл ал-автор», 3/87-бет.

Изоҳ қолдиринг